10.12.2018

Маргаретбурк-уайт

v-1Дунёнинг биринчи фотографи, таниқли ҳарбий-мухбир аёл Маргарет Бурк-Уайт 1904 йилда АҚШнинг Нью-Йорк штатида таваллуд топди. Отаси Жозеф Уайт табиатшунос, онаси Минни Бурк муҳандис бўлган. Маргарет 1922 йил Колумбия университетининг герпетология йўналишида таҳсил олади. Шу даврда унда сураткашликка бўлган қизиқиш уйғонади. Тарихда ном қолдириш учун мунтазам ҳаракатда бўлган Маргарет ўз касбининг устаси, мард, шижоатли фотограф бўла олди.

У доимо журналист зарур бўлган жойга етиб боришни уддаларди. Ҳиндистон ва Покистон давлатлари ўртасидаги можаролар чоғида Маҳатма Ганди ва Муҳаммад Али Жинларни суратга туширишга муваффақ бўлган. Шимолий Кореяда бўлган уруш тасвирларини ҳам плёнкаларга муҳрлаган.

Бурк-Уайт ўз фаолиятини 1929 йил “Fortune” журналида муҳаррирликдан бошлайди. Кейинчалик уни “Life” журналига ишга таклиф этишади ва энг машҳур суратлари журнал муқоваларини безайди. Маргарет фронтда ишлашига рухсат берилган биринчи фотограф аёл эди. Иккинчи жаҳон уруши даврида у Москвага келиб, кўплаб суратлар олишга эришади.

Урушдан кейин бу машҳур фотографнинг “Азиз Ватаним, тинчликда яша!” номли китоби нашрдан чиқади. У ўз китобида урушда кўрган-кечирган воқеаларини, азоб-уқубатларини баён қилишга интилади. Шунингдек, Африка, Италия ва Германияда ҳам бўлиб, ранг-баранг расмлар олади.

Бурк-Уайт ўз хотираларида шундай ёзади: “Бизнинг вазифамиз дунёнинг ёрқин лаҳзаларини назардан четда қолдирмаслик, ҳаммадан илдамроқ ҳаракат қилиш. Биз дунёга ўзгача назар билан боқамиз, уни бошқаларга ҳам кўрсата оламиз. Шундай экан, ҳаётни борича тасвирлашимиз керак”.

Маргаретнинг суратларини диққат билан томоша қилсангиз, улардаги тасвирлар сизга ўз тарихи ва тақдиридан сўзлаётгандек туюлади.

v-5Машҳур фото­граф эллик ёшида оғир хасталикка чалиниб, севимли машғулоти билан шуғуллана олмай қолади. Узоқ муддат даволаниб, касаллик ривожланишининг олдини олади. 1963 йилда ўз таржимаи ҳоли асосида “Шахсий портрет” номли китобини ёзади. Дарди оғирлашгани боис, уйидан чиқолмай қолган Маргарет 1971 йил 67 ёши­да вафот этади. Бугунги кунда Бурк-Уайтнинг фотогалереяси дунёнинг кўплаб машҳур санъат музейларида сақланиб келмоқда.

 Интернет материаллари асосида Нилуфар САПАЕВА тайёрлади.

Ўқиганлар сони: 761