10.12.2018
Домой » Саодат журнали » Жаҳонга машҳур аёллар » Парвоз завқини туйганлар

Парвоз завқини туйганлар

Йигирманчи асрнинг 60-йилларида россиялик аёл Валентина Владимировна Терешкова аёллар орасида биринчи бўлиб фазога учди. Ўтган давр мобайнида дунё аёлларининг 59 нафари фазовий парвоз завқини туйишди.

Терешкова“Биринчи” бўлиш бахти
Собиқ Иттифоқнинг фазовий тадқиқотчилари илк фазогир Юрий Гагарин ва Герман Титовнинг омадли парвозидан сўнг фазога аёллар вакиласини ҳам юбориб кўриш керак, деган фикрга келади.1961 йилда парашютчи қизлар орасидан 30 ёшдан ошмаган, бўйи 170 сантиметр, оғирлиги 70 килограммгача бўлган учувчиликка номзод қизлар сараланиб, тўрт нафар парашютчи қизлар ва учувчи Валентина Понамарева муносиб номзод сифатида танлаб олинади. 1937 йилда Россиянинг Ярославль областида туғилган Валентина Терешкова 1959 йилдан буён Ярославль шаҳридаги аэроклубда спортнинг парашютдан сакраш тури билан шуғулланиб келарди. У машғулотлар чоғида 90 та жуда оғир услубдаги сакрашларни бажарган эди. Барча номзодлар синовлардан муваффақиятли ўтган бўлса-да, сўнгги – ҳал қилувчи қарорни қабул қилишга Валентина Терешкованинг оддий ишчи оиласидан чиққани сабаб бўлган экан. Парвознинг фожиали оқибатлар билан тугаши ҳам мумкинлигини инобатга олиб, Валентина Терешкованинг парвози оиласидан сир сақланган. Парашютчилар мусобақасида қатнашаман, дея уйидан чиқиб кетган қизининг фазога парвоз қилиб қайтгани ҳақидаги хабарни онаси радиодаги янгиликлардан эшитади.“Восток-6”нинг парвози 1963 йилнинг 16 июнида бошланган бўлса, Валентина Терешкова тўлиқ икки кеча-кундуз, 22 соату 41 дақиқадан сўнг 19 июнь тонгида ерга қайтади. Ўтган вақт мобайнида у 1,97 миллион километр йўл босиб, Ер шари бўйлаб 48 марта айланади.Дунё аҳлини лол қолдирган бу оламшумул парвоз Валентинанинг ўзи учун жуда қўрқинчли ва оғриқли кечган. Айниқса, жуда оғир ва бесўнақай скафандрда нафас олиши қийин бўлган. Шундай бўлса-да, у парвозни тезроқ тугатишни сўрамай, оғриқлар ва қийинчиликларга матонат билан дош берган. Ерга қўниш жараёни ҳаммасидан оғир кечиб, фазогир аёл госпиталга ётқизилган. Орадан бир кун ўтгандан кейингина у ўзига келиб олгач, қўниш жараёни бошқатдан саҳналаштирилиб, тасвирга олинган ва кенг жамоатчилик эътиборига тақдим этилган. Кўрмаганга бир ҳавас, кўрганларга минг ҳавас, деганларидек, Валентина Терешкованинг қалбини фазога яна бир бор учиш орзуси бир сонияга бўлса-да, тарк этмади. Марсгами, қаерга бўлса-да, парвоз этишни умид билан кутишдан чарчамади. Нима бўлганда ҳам у аёллар орасида биринчи бўлиб фазога учди ва ёлғиз парвоз этган фазогир аёл сифатида тарихда қолди. Ундан кейинги фазогир аёлларнинг ҳаммаси экипаж билан бирга учишган.

Илк борочиқ фазода Жаҳонда иккинчи марта фазога учган аёл ҳам москвалик Светлана Евгеньевна Савицкая эди. У 1982 йилнинг 19-27 августида “Союз Т-5”, “Союз Т-7” кемаларида “Салют-7” орбита станциясига фазогир-тадқиқотчи сифатида, 1984 йил 29 июлда эса “Союз Т-12” фазо кемасида “Салют-7” фазо станциясига борт-муҳандиси сифатида парвоз этди. Светлана Савицкая аёллар орасида биринчи бўлиб очиқ фазога чиқди.

Америкалик фазогирлар Дунёнинг учинчи фазогир аёли америкалик Салли Райд 1983 ва 1984 йилларда парвоз этди. У 14 кеча-кундузни орбитада ўтказган аёл сифатида тарихга муҳрланди.Салли Райд умрининг охирги кунларида ошқозон ости безининг саратони хасталиги билан азият чекиб, вафот этди.Тўртинчи фазогир аёл Жудит Резник ҳам АҚШ фуқароси эди. 1984 йилнинг 30 августида “Дискавери” шатллида экипаж аъзолари билан самога учган Жудит Резник олти кеча-кундуз орбитада бўлиб қайтди. Иккинчи марта 1986 йилнинг 28 январида “Челленжер” шатллида Жудит Резник билан бирга фазога учган экипаж афсуски, Ерга қайтмади. Улар орасида яна бир аёл – Криста Мак Олифф ҳам бор эди.Бешинчи фазогир аёл америкалик астронавт Кэтрин Дуайер Салливэн фаолияти давомида уч марта “фазовий дастур”ларда қатнашди. У америкалик аёллар орасида биринчи бўлиб очиқ фазода бўлди.1984 йилда фазога учган олтинчи фазогир аёл америкалик Анна Ли Фишер ўз ҳамкасблари орасида биринчи бўлиб “фазогир она” мартабасига эришди. Америкалик Маргарет Ри Седдон эса уч марта парвоз этган фазогир аёл сифатида тарихга муҳрланди. Саккизинчи фазогир аёл Шеннон Лусид фазога беш марта парвоз этди. 1996 йилги парвозида “Мир” космик станциясида 188 кеча-кундуз фаолият олиб бориб, фазода энг узоқ қолган аёл бўлди. Тўққизинчи фазогир америкалик Бонни Жинн Данбар парвози билан дунёни 5 марта лол қолдирди.

Мукаи ЯпонияОсиё қалдирғочлариФазовий тадқиқотлар тарихида 25-бўлиб, осиёлик аёллар орасида биринчи бўлиб парвоз завқини туйган япониялик Тиаки Мукаи 1994 йил 8 июлда “Колумбия” шатллида фазога чиқиб, 14 кундан кейин Ерга қайтди. 1998 йилда эса “Дискавери” шатлли экипажи билан 9 кун фазода бўлди. 33-фазогир аёл асли ҳиндистонлик Калпана Чавла 1982 йилда Панжобдаги муҳандислик коллежини тамомлаб, ўқишини АҚШнинг Техас штатидаги университетда давом эттирди. Колорадо университетида эса олимлик мақомига эришди. 1990 йилда уни АҚШ фуқаролигига қабул қилишди. Калпана Чавла икки марта фазога учиш бахтига муяссар бўлган. 1997 йилда муваффақиятли парвоз этиб, “Колумбия” шатллида 15 кун фазода бўлиб қайтди. 2003 йилда иккинчи марта парвоздан қайтаётган шатлл Техас штати устида ҳалокатга учраб, бўлакларга бўлиниб кетади. Экипажнинг 7 нафар аъзоси қаторида Калпана Чавла ҳам ҳалок бўлади.

Хулоса ўрнидаЮқорида номлари зикр этилган аёлларнинг қайбири 5-6 марта парвоз этган, бошқа бирови узоқ вақт очиқ фазода бўлиб, мардлик, жасорат тимсолига айланган. Фазовий тадқиқотларнинг эса кўлами жуда кенг. Фазода парвоз этиб, фаолият олиб бораётган космик станцияларда бугун ҳам аёлларнинг алоҳида ўрни, хизмати бор. Уларнинг парвози ҳақида ёзарканмиз беихтиёр ширин бир орзу дилга қўниб, куртак ёза бошлайди: юртимизнинг зийрак ва оқила қизлари қалбида ҳам фазогирликка ҳавас уйғонган бўлса, не ажаб! Ёхуд ўғилчасини эл корига камарбаста қилиб улғайтиришни дилига туккан она бўлажак фазогирни тарбиялаётгандир. Эндиликда бундай орзу қўл етмас сарҳадларда армонга айланмаяпти. Юртимизда олий мақсадларни кўнглига тугиб изланаётган, интилаётган ҳар бир истеъдоднинг ўзини намоён қилишига имкон бор. Балки, бу орзуларимиз рўёбини узоқ кутмасмиз… Бунга нима дейсиз, қадрли оналар, дилбар қизларжон?..

Ҳамрохон МУСУРМОНОВА тайёрлади.

Ўқиганлар сони: 716