10.12.2018

Энг кекса фотомодель

originalМода саноатида ўз ўрнига эга бўлган британиялик Дафна Селф 1928 йил туғилган. Унинг ёши тўқсонга яқинлашиб қолган бўлса-да,  ҳали нафақага чиқиш нияти йўқ. Соғлом, тетик, ҳамон меҳнат фаолиятини давом эттиряпти. Уни гоҳ суратга олиш майдонида, гоҳ кўргазмаларда учратиш мумкин. Кексалик аломати бўлган оппоқ сочлари эса унга янада улуғворлик бахш этган.

20 ёшида мода оламига кириб келган Дафна Селф сохта гўзаллик ортидан қувмаган. Ёшариш, чиройли кўриниш мақсадида ҳеч қандай пластик операциялар қилдирмаган. У табиий гўзаллиги, сарвқомати билан кунига 1600 долларгача пул топади.Англиянинг Рединг шаҳридаги универмагда ишлайдиган Дафна Селфни ҳамкасблари модельерлар танловида иштирок этиб, омадини синаб кўришга ундашади, унинг қалбида ғолиб бўлишга ишонч уйғотишади. Бу таклифга Дафна рози бўлади. Модельер сифатида мўйнали кийимлар кийиб бир қанча реклама роликларида суратга тушади. Бироқ дастлабки йилларда тажрибали модельерлар орасидан “ёриб” чиқолмайди. Дафна бундан тушкунликка тушмайди, узоқ вақт ўз устида ишлашдан, малака оширишдан чарчамайди. Орадан анча вақт ўтиб яна фаолиятини бошлашга киришади. “Лондон мода ҳафталиги”  агентлиги билан боғланиб, иш сўрайди. Натижа узоқ куттирмайди. Унга агентликдан ҳамкорликда ишлаш таклифи билан қўнғироқ қилишади. Дафна аввалига ишонқирамайди, ҳатто кимдир ҳазиллашяпти деган хаёлга ҳам боради. Негаки, бу мода ҳафталиги дунёдаги энг йирик компаниялар билан биргаликда ўтказилар, оддий модельер учун бу ҳафталикда иштирок этиш ушалмас бир орзудек гап эди. Орзусининг ижобати унинг қаршисида катта муваффақиятлар эшигини очди. Кейинчалик у “Dolce & Gabbana”, “Gap”, “Nivea”, “Olay”, “Tata-Naka” ва “Michiko Koshino” каби машҳур агентликлар билан ишлади. “Vogue”, “Marie Claire” ва бошқа журналлар муқоваларида жозибадор қиёфаси билан намоён бўлди.Дафна Селф мода оламида эришган муваффақиятлари ҳақида шундай дейди: “Омадимнинг асосий омили ирландиялик бўлганим. Чунки бақувват суякли, дуркун кўриниш ҳамда адл, тик қомат асосан бизнинг халққа хос. Муваффақиятларимнинг сири эса узун ва оппоқ сочларимдадир”. Дафна кимёвий буёқларга бўямаган, оппоқ сочларидан уялмайди, уларни ёшига муносиб деб ҳисоблайди. Дизайнер ва сураткашлар уни сохта гўзалликка интилмаганлиги учун ҳам қадрлашади, ҳурмат қилишади. Тўғри, унинг терисига йиллар ўз таъсирини ўтказган, ёшлигидаги каби тиниқ ва текис эмас. Лекин Дафна бунга  табиий қарайди, қўлларини яширишга уринмайди. Спортнинг айнан қайси тури билан шуғулланасиз, деган саволга у: “Албатта, йога билан”, деб жавоб беради. Шу ёшида ҳам соғлом ва тетик кўриниш, қоматини бирдек сақлаш мақсадида овқатланиш борасида тартибли парҳезга риоя қилади. Мева, сабзавот ва балиқ маҳсулотларини кўп тановул қилади. Мода оламида 60 йил фаолият кўрсатган Дафна Селф 85 ёшида энг кекса модельер сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди. Дафна Селф аёлларга гўзаллик бобида шундай маслаҳатлар беради: * Ҳар ишда фаол ва шижоатли бўлинг. Спорт билан мунтазам шуғулланинг. (Дафна йога билан шуғулланишни ва кўпроқ пиёда юришни афзал билади).* Соғлом турмуш тарзининг асосий қоидаси – парҳезли таомлар. Мева ва сабзавотлар, балиқ жуда фойдали. Аммо парҳез туфайли ўзингиз ёқтирган маҳсулотлар истеъмолини қатъий чеклаб қўйишни тавсия этмайман. (Масалан, Дафна печеньени ёқтиради, бундан ўзини ҳар доим ҳам тиёлмайди).* Пардоз воситаларидан меъёрида фойдаланинг, табиий гўзаллигингизни қадрланг ва асранг.* Атрофингиздагиларга ёрдам қўлини чўзинг, савоб ишлар қилинг. Зеро, бу бахт ва муваффақият сари элтадиган энг асосий омилдир.

САМО тайёрлади.

Ўқиганлар сони: 747