10.12.2018

Энн Жаклин Хэтэуэй

eXJpBudB8Y58YQD_5CRKf_59Энн Жаклин Хэтэуэй… Бу исм ўз соҳибаси ҳақида чиройли таассуротлар уйғотувчи исмлар сирасига киради. Чунки бу исмни эшитишимиз билан кўплаб фильмлар, телесериалларда эсда қоладиган ролларни ижро этган ёқимтой, серҳаракат актрисанинг гўзал қиёфаси кўз олдимизга келади. Ҳеч бир истеъдод эгаси осмондан тушмайди. Уни иқтидордан ташқари машаққатли, узун меҳнат йўллари вояга етказади.

Америка кино санъати юлдузларидан бири – актриса ва хонанда Энн Жаклин Хэтэуэй ҳам санъатнинг сермашаққат йўлларидан дадил одимлаб, дунё томошабинлари қалбини забт этиб келаяпти. 1982 йилда Нью-Йоркдаги зиёли оилаларнинг бирида таваллуд топган актрисанинг отаси Энн Жерард Хэтэуэй адвокат, онаси Кейт Маккалей ҳам актриса бўлган. Улар ёлғиз қизларининг исмини Вильям Шекспирнинг рафиқаси шарафига Энн деб аташган. Бўлажак актриса ҳамда унинг ака-укаси ўта жиддий, талабчан, айни пайтда жуда меҳрибон ота-онасининг меҳр-муҳаббатидан баҳраманд бўлиб, турли соҳаларга, шу жумладан санъатга қизиқиш руҳида улғайишди. Энн Жаклиннинг болалигидан театр санъатига иштиёқи ўзгача бўлгани учун ҳам оила аъзолари жам бўлиб, тез-тез театр томошаларига бориб туришарди. Болалиги онасининг ёнида – театрда ўтган қизалоқнинг иқтидори етук мутахассисларнинг ҳам эътиборини тортди ва у 10 ёшидан саҳнада роллар ижро эта бошлади. 1999 йилда “Ўзингдек бўл” деб номланган телесериалда илк бора суратга тушди. 2001-2002 йилларда нафақат кичкинтойлар, балки катталар орасида ҳам машҳур бўлган Уолд Дисней компанияси томонидан таклиф этилган режиссёр Гарри Маршаллнинг “Маликанинг кундалиги” фильмида бош қаҳрамон образини яратди. Қизиқарли сюжетларга бой бўлган бу фильмни ўзбек кино ихлосмандлари ҳам мароқ билан томоша қилишади.
Меҳнатсевар, ўзига нисбатан miaўта талабчан актрисани кўпроқ хаёлий воқеалар жалб этгани боис, у асосан эртак ва саргузашт фильмларда роллар ижро этади. Жумладан, 2004 йилда яратилган “Сеҳрланган Элла” фильмидаги роли актрисанинг ўзига ҳам жуда ёқади. Дэвид Френкелнинг “Қаттиққўл аёл ёки танноз хоним” фильмида яратган образи уни томошабинлар орасида янада машҳур қилди.
Энн Жаклин фақат санъатда эмас, балки оилада ҳам ўз бахтини топган аёллардан. 2012 йилда заргар-дизайнер Адам Шулман билан ўз тақдирини боғлаган актрисанинг мухбирларга берган интервьюларини ўқиб, унинг руҳий олами ҳақида янада тўлиқроқ тасаввурга эга бўлиш мумкин. Мухбирларнинг: “Сиз гардеробингиз ва соч турмагингизни тез-тез ўзгартириб турасизми?” деган саволига у “…инсон ўзгаришни, аввало, ички дунёсидан бошлаши керак. Ундан кейин ташқи қиёфасига зеб берса арзийди. Бу икки жиҳат бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Мен ташқи кўринишим билан атрофдагилар эътиборини жалб этишни унчалик хушламайман”, дея жавоб беради. Бу жавобда Эннинг кибр, манманликдан йироқ, оддийгина қалби бор-борича намоён бўлади.
Энн Жаклин кино санъатида эришган ютуқлари учун кўплаб мукофотларга муносиб кўрилди. 2010 йилда “Симпсони” номли мультсериал қаҳрамонларидан бирига овоз берган актриса энг яхши овоз соҳиби учун бериладиган – “Эмми” мукофотига сазовор бўлди. 2013 йил ҳам актрисани кетма-кет мукофотлар билан сийлади. Қатор фильмларда аёл образини маромига етказиб ижро этгани учун халқаро “Оскар”, “Олтин глобус” ҳамда “БАФТА” мукофотларига сазовор бўлди. Юлдузли онлари энди бошланган Энн Жаклин мухлислари ато этган ишонч қанотларида санъат юксакликларига ҳали кўп бора парвоз этса, ажабмас.

Инглиз тилидан
Динора АБДУЛЛАЖОНОВА таржимаси.

Ўқиганлар сони: 672