10.12.2018

Болакай

(Ҳикоя)24-1 копия

Зулфия Қуролбой қизи

Болакай хонтахта устига мук тушганча “Алифбе” китобини ўқирди.
Ташқаридан болаларнинг шовқин-сурони эшитилди.
“Мактабдан келишяпти…” – ўйлади болакай ҳижжалаб ўқишдан бирзум тўхтаб. Кейин яна китобга юзланди. Лекин энди хаёли бўлинган, саҳифаларга қанчалик тикилмасин, мияси ҳеч нарсани қабул қилмаётганди.
Болакай ўрнидан туриб, чироқни ўчирди, кейин бир-бир босиб дераза олдига келди. Дераза қалин дарпарда билан тўсилганди. Болакай иккиланиб турди-да, секин парданинг четини кўтарди.
Атрофи дарахтлар билан қуршалган майдонча эгниларига мактаб сумкасини осган болалар билан гавжум эди.
Болакай қизиқсиниб уларни кузата бошлади.
Остонада етмиш бешларга борган, қадди дол кампир пайдо бўлди.
– Нега жим бўлиб қолди десам, яна кўчага мўралашни бошлабсан-да! Қани, жойингга ўтириб, китобингни ўқи!
– Китобимни ўқиб бўлдим.
– Ўйинчоқларингни ўйна.
– Ўйнаб бўлдим.
– Валасапидингни ҳайда.
– Э, қизиқмас.
– Унда яна китобингни ўқи.
Болакай истаб-истамай хонтахта ёнига келиб ўтирди.
Кампир изига қайтди. Унинг қўли хамир юқи эди.
– Буви, – деди болакай унинг ортидан.
Кампир эринмасдан, лекин бироз зарда билан изига қайтди.
– Мени эна дегин деб неччи марта айтганман сенга! – дакки берди кампир.
Унинг авзойи бузилган, кайфиятсиз юзи аввалдан болакайга ёқмасди, лекин бу ҳақда ҳеч кимга миқ этмаган.
– Ойим айтганлар, энди буви дегин деб, – жавоб берди болакай қизларникидай узун, лекин ўқдай тик киприкларини пирпиратганча кампирга юзланаркан.
– Онанг ҳар нарсани айтаверади, лекин сен мени айтганимни қил, бўптими? – бироз юмшади кампир.
– Майли, ҳозир соат неччи бўлди, буви…
– Вой, қулоқсиз, яна буви деяпсанми?! Ҳозиргина сенга нима дегандим! – росмана жаҳли чиқди кампирнинг.
Энаси аввал ўзининг тўрт ўғлини, кейинчалик уларнинг тўрт-бештадан фарзандларини катта қилган қаттиққўл тарбиячи бўлса-да, шу вақтгача уни уриш тугул, ҳатто чертмаган, аммо ҳозир бирданига жаҳл устида тарсаки тушириб қоладими, деб ўйлаган болакай қаттиқ қўрқиб кетди, лекин кампир жойидан қимир этмади.
Кампир:
– Ҳа, нима дейсан, гапир, соат неччи бўлгани нега керак бўп қолди? – дея изоҳ талаб қилганидан кейингина болакайнинг товонига тушиб кетган юраги ўз ўрнига қайтиб, яна бир маромда ура бошлагандек бўлди.
– Қачон кеч бўлади, був… эна?
Кампирнинг таранг асаблари янада таранглашди.
– Қачон кеч бўлади деб сўрайвериб, юрагимни хун қилиб юборяпсан, болам-ов. Ростини айтайми, ростини? Сен сўраганинг билан, кеч тушгани билан, барибир ота-энанг ишдан келгунича ҳеч қаяққа чиқмайсан! Отанг мен йўғимда ҳеч кимга эшик очманг, кераксиз қоғозларни сўраб, сизни ҳалак қилишади, деб тайинлаган. Энди билдингми?
Кампир шарт бурилиб ошхона томон кетди.
Болакайнинг йиғлагиси келди. Ҳамма болалар кўчада мазза қилиб ўйнаб юришса-ю…
Аммо йиғламади. Фақат:
– Кўчага чиқсам нима қипти? Нима қипти? – дея ғингший бошлади.
Остонада яна кампир пайдо бўлди. Ноилож қолган одамдек, бирзум букчайиб турди, сийрак киприкларини пирпиратди, сўнг болакайга раҳми келди шекилли, ёнига ўтириб бошини силай бошлади.
– Нима қилай, чироғим, билиб турибман, кўчага чиқиб, боллар билан қувлашиб юргинг келяпти. Лекин иложи йўқ. Ҳозир сени кўчага қўйиб юборсам, ота-энангдан балога қоламан!
Болакай ялинчоқлик билан:
– Бирпасга… Узоққа кетмайман… – деди.
Кампир:
– Ке, яхшиси, сенга чўпчак айтиб бераман, – деди.
– Э, керакмас! Яна ўша “Муқбил тошотар”ни айтасиз. Керакмас!
Болакай жаҳл билан ўрнидан туриб, бошқа хонага ўтди.
Кампир болани чалғитишни ўйларди, бунақа сиқилаверса касал бўлиб қолади, деб чўчирди. Лекин аксига олиб, хаёлига тузукроқ бирор фикр кела қолмади. Охири ўзининг ҳам юраги сиқилиб, асабийлашди.
Ошхонага ўтиб, ҳозиргина кўрпача билан устини ўраган хамир тоғорани кўтариб, инқиллаганча балконга олиб чиқаркан, ўзича ғудранди:
– Отангдан қолган қўр-қутни майда чайнаб, еб ётсанг ҳам бўларди, нима қиласан иссиқ ўрнингни совутиб, деб айтдим-а, бу болага. Қулоғига олмади-да, нетайин. Куёв-куёв экан-да минг қилсаям. Нима эмиш, ёлғиз ўғлининг келажагини ўйлаб, мусофирчиликни бўйнига олганмиш! Тўртта улим бўла туриб, қизникида сиғинди бўлиб ўтириш менгаям малол!
Кампир хамир тоғорани балкон бурчагида қийшайиб турган уч оёқли табуретка устига қўйиб, яна ошхонага ўтди. Эшик тепасидаги осма соатга қараб, вақтни чамалади. Қизи билан куёви келгунича хамири ошиб, нонни ҳам газпечкага ёпишга улгураркан. “Ҳуринисо яна уришадиган бўлди, нега ўзингизни овора қилиб, нон ёпдингиз деб, – ўйлади кампир ичида. – Ҳа, нима, бўлка нон егандан кўра, газпечга бўлсаям, ўз қўлинг билан ёпган нон бошқача-да”.
Кампир меҳмонхонага кириб, диванда чўзилиб ётган боланинг олдига келди. Ухлаб қолдими, деган хаёлда юзига қаради. Кейин секин ёнига чўкди.
– Абдирашит…
Шифтга тикилиб ётган болакай миқ этмади.
– Мендан домангир бўлма, чироғим. Отанг ҳужжатларимизни тўғрилаб олгунимизча, бу уйда яшаётганимизни ҳеч ким билмагани маъқул, деган. Хафа бўлма, Худо хоҳласа, бу кунларинг ҳам ўтиб кетар. Энанг ёлғиз қизим. Неварангизни боғчага жойлаштириб олгунимча, келиб, қараб туринг деди, келдим. Агар билсанг, улар сени деб…
Болакай индамай ўрнидан туриб хонадан чиқди.
Кампирнинг боши қотди.
Болакай ўзининг, деразасига қалин дарпарда тутилган нимқоронғи хонасига ўтди, чироқни ёқиб, бояги хонтахта ёнига қайтадан чўкди. “Алифбе” саҳифалари очилганча унга мунтазир эди. Болакай ҳижжалаб ўқий бошлади: “Т-то-шш-ке-ент…”
Тепа қаватдаги уйнинг деразасидан аёл кишининг овози эшитилди:
– Бегзод, ҳой, Бегзод дейман! Уйга кир. Тушлик қилиб, кейин яна чиқасан ўйнагани…
Болакай китобини отиб юбориб, хона ичида у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Аввал бир маромда, кейин шитоб билан, худди қафасдаги шербаччадек хона ичида гир айланди. Бироздан кейин хона торлик қилиб йўлакка чиқди, ундан балконга ўтди. Балкон энига торроқ бўлса-да, хийла узунлиги боис, ҳар қалай оёқнинг чигилини ёзса бўлади.
Болакай энди балкон бўйлаб, у ёқдан-бу ёққа бориб кела бошлади.
Диван ёнида ўтирган кампирга бошида унчалик сезилмади, бетон уйга сиғмаяпти, нима қилсин бола бечора, деб ўйлади, аммо бироз ўтгач, айниқса, болакай гўё кимгадир аччиқ қилгандай, тобора тез ва шиддатлироқ, ҳали меҳмонхона, ҳали балконда, ҳали болалар хонаси ва ётоқхонада юра бошлаганидан кейин набирасининг қадам товушлари ерга эмас, нақ миясига урилаётгандек, чаккаларида оғриқ турди.
Болакай эса ҳамон у ёқдан-бу ёққа бориб келишдан тўхтамасди.
Кампир боланинг қаршисида пайдо бўлди.
– Ке, манови ердан қараб, кўчани томоша қиламиз, – деди кампир балкон деразаси ёнига келиб. – Бу томонда одамлар камроқ.
Болакай жавоб бермади, аммо юришдан ҳам тўхтай демасди.
Кампир деразанинг бир табақасини кенгроқ очиб, ташқарига қаради, лекин бўйи пастлигидан парқув булутлар сузиб юрган осмондан бошқасини кўра олмади.
Кампир неварасига қараб, ҳозир кўрасан, дегандай кемшик милкларини кўрсатиб илжайиб қўйди-да, пилдираганча бориб ваннадан кир тоғорани олиб келиб, ерга тўнкарди, кейин устига чиқиб, деразадан ташқарига қаради.
– Вой тавба, осмону фалакка чиқиб кетишимизга сал қопти-ку! – ҳайратланди кампир саккизинчи қаватдан пастга қараркан, аммо зум ўтмай овози ўзгарди: – Абдирашит, мени ушла, болам. Кўзим тиниб, бошим айланяпти…
Болакай кампирнинг қоқсуяк қўлидан тутди.
Кампир ҳозиргина ўзи устига чиққан тоғора тепасига чўққайиб, кенг енги билан пешонасидаги терни артаркан, чуқур нафас олди.
– Уф-ей… – деди сал ўзига келгач. – Гугурт қути, нақд гугурт қутининг ўзи-я!
– Чой ичасизми?
– Йўқ, яхшиси, сенам бир қарагин. Бошинг айлангандай бўлгани билан очиқ ҳаводан баҳри-дилинг очилади. Ке, кела қол.
Кампир ўрнидан туриб, меҳрибонлик билан болакайнинг қўлидан тутиб, тоғора устига чиқарди. Кейин ўзи ҳам унинг ёнига туриб олди.
– Кўрдингми, чинданам гугурт қутисига ўхшарканми? Қават-қават қилиб қураверишган… Худди бир-бирига мингашиб кетгандай… Одамлар қандай яшаркан-а?
– Эна, қуёш қайси томонга ботади?
– Қуёш ботганини бу ердан кўриб бўлмайди. Ие, анавини қара, бўй-басти отангга ўхшаркан! Чинданам отангми дейман.
Болакай бўйнини чўзиб, кампир кўрсатган томонга қаради. Елкасига тўрвахалта осган, қирқ ёшлар чамаси бир киши ерга қараганча, ўз йўлида кетиб борарди. Болакайнинг дадасига ҳеч қандай ўхшашлиги йўқ!
Болакай энасига зимдан қараб қўйди.
Кампир гапиришдан тўхтамасди:
– Эҳ-ҳе, Абдирашит, ана қара…
Шу пайт пастдан аллақандай аёлларнинг овози эшитилди. Кампир оғзини кафти билан тўсиб, ўзини панага олди.
– Бўлди, томоша тамом! Юр, бу ёққа ўтамиз, – деди шивирлаб.
Кампир болани етаклаганча ошхонага ўтди, ўртадаги эшикни зичлаб ёпди.
Девор сувоқлари кўчган ошхона файзсиз эди, аммо кампир ҳар куни қириб-қиртишлагани боис нимдош шолча тўшалган пол, идиш-товоқлар ва чоғроққина хонтахта усти ялтирарди.
– Ке, тушлик қилиб оламиз. Кейин сен яна китобингни ўқийсан, мен нон ёпаман.
Бола бироз бўшашган кўйи хонтахта ёнига ўтирди. Шу пайт эшик қўнғироғи қаттиқ жиринглади.
Чой дамлаётган кампир чўчиб тушди, қўлидаги чойнак тушиб кетаёзди. Ялт этиб набирасига қаради, шайтонлаб қолаёзди.
– Сезиб қолишди-ёв! Энди нима қиламиз?..
Болакай миқ этмади.
Қўнғироқ эса жиринглашдан тинмасди. Кампир ва набира тош қотиб, нафас чиқармай бир-бирларига тикилиб қолишган, иккаласининг ҳам юзи бўздай оқариб кетганди.
Қўнғироқ худди ўчакишгандай жиринглашни бас қилмасди.
Кампирнинг асаблари дош бермади:
– Ҳаммаси сени деб бўлди! Сени деб! Зерикдим деб хархаша қилмаганингда деразадан қарамасдик, ҳеч ким бизни кўрмасди. Тинчгина ўтирардик…
Болакай ҳалидан буён ўзини йиғидан зўрға тутиб турганди, охири бўлмади, буни қанчалик истамаётган бўлмасин, барибир кўзларидан тирқираб ёш отилди…

Ўқиганлар сони: 273