10.12.2018
Домой » Гулчеҳралар » Ботмай тур, қуёш…

Ботмай тур, қуёш…

5-1 копия копияУ дераза пардасини четга суриб, чўғдек қип-қизил уфққа термилиб қолди. Туя ўркачига ўхшаш адирлар нимқизғиш товланар, тепароқдаги бир тутамгина адашган булут ҳам пуштиранг кўринади. Қанийди, ҳув ўша гўзаллик бағрига сингиб кетса-ю, намозшомда кўксига бир қучоқ бинафша босиб қайтса… Кечаги кўрган туши ёдига тушиб, юраги алланечук орзиқиб кетди. Қир-адирда чопқиллаб кийикдек сакраб юрганмиш. Атроф кўм-кўк майсазор. Товонига тегиб турган бахмалдек ўт-ўланлардан ёқимли ис таралармиш. Тушида бўлса ҳам ер босиб одимлади… О, бу нақадар ҳузурбахш эди! Бинафша, бойчечаклардан тераверди, тераверди. Кейин бирдан… қуёш билан юзма-юз келди. Неча йиллик ҳамдарди, ҳар куни деразадан боқиб, ботишини кузатадиган офтоб унинг рўпарасида турарди. Бориб уни қучиб олгиси келди… “Офтобой, қара, мен юряпман”, дея суюнчилагиси келди.
Ойиси уйғотмай турганида, унга етиб ҳам борармиди…
Ҳабиба бир хўрсиниб, токчадаги китобни қўлига олди. Ҳар сафар кўнглининг туб-тубидаги мудроқ армонлар ўрмалай бошлаганида мутолаадан таскин топади. Мана, у ўқияпти. Секин-аста тор ҳужра деразаси олдидаги маконидан хаёлан узилиб, олис-олис, ўзгача оламларга сафар қилади. Эсини таниганидан буён ўтирган ногиронлик аравачаси, сим каравот, дори солинган қути – ҳаммаси ортда қолиб, унутилади. Яхшиям шу китоблар бор! Шукрки, Яратган юриш саодати насиб этмаганига яраша уйғоқ қалб берибди. Шу саҳифаларга тўкиб солмаса, ўн саккизинчи баҳори куртак ёзган қизгина дарёдек тошқин туйғуларини қайга сиғдирар эди?..
– Чироқни ёқиб қўяйми, қизим?
Эшикдан мўралаб турган ойисига “ҳа” ишорасини қилди-да, қўшиб қўйди:
– Бу китобни тугатдим. Абдулла Ориповнинг китобини олиб беринг, ойижон!
Ойиси жавондаги зич қаторлар орасидан у айтган китобни суғуриб олар экан, сўз қотди:
– Кўзинг толмадими, қизим, дам олсанг бўларди.
– Ҳозир, яна бироз ўқий.
– Майли, – жилмайганча китобни узатди ойиси. – Барака топсин ўша шоир бола. Ажойиб китоблар совға қилибди-я. Ўзи ҳам келишган йигит экан.
Ҳабибанинг аъзойи-баданига илиқлик югурди. Ҳаётида яқиндагина содир бўлган энг катта ҳодиса яна такрорланаётгандай кўнгли яйраб кетди. Ўша дақиқалар лаззатини яна туйгандек бўлиб хаёлга чўмди.
– Она қизим, сени йўқлаб келишибди.
Дадасининг сўзларини эшитиб, дугоналаримдир, деган хаёлга борди. Ўзини ўнглаб улгурмай остонада баланд бўйли, ўктам бир йигит пайдо бўлди. Қўлида бир даста китоб.
– Ким экан деб ҳайрон бўлаётгандирсиз-а, синглим, – деди у саломлашгач. – Сиз мактуб ёзган шоир Зуфаржонман.
Ҳабиба ҳаяжонга тушганидан титраб кетди. Наҳотки шундай одам…
– Кўп безовта бўлманг, – деди қайта-қайта рўмолини тўғрилашга уринаётган Ҳабибанинг қошига ўтираркан. – Хатингиз шунчалар самимий ёзилибдики, ўқиб, сизни бир йўқлаб, суҳбат қураман, деб излаб келдим. Ўқишни, ёзишни мустақил ўрганишга иродангиз етгани барчамизга сабоқ бўлиши керак. Тўғриси, сизнинг мактубингиз олдида шеърларим ғариб кўриниб кетди. Кўп кечинмаларим юзаки, юрагимдан ўтмаган дардларни ёзган эканман. Сизга ҳавасим келди, чунки ҳаётнинг моҳиятини мендан кўра чуқурроқ англар экансиз.
Йигит тинмай гапирар, Ҳабиба эса сеҳрлангандек киприк қоқмай тингларди. У бу қадар самимий сўзларни биринчи бор эшитиши. Шу билан бирга йигитнинг майин овози, ўткир нигоҳи асир этган, назарида унинг тим қора тубсиз кўзларига чўкиб бораётгандек эди.
– Шеърларимга баҳо берганингиз учун раҳмат, – давом этди сўзида Зуфаржон. – Мана бу китобларни шахсий кутубхонамдан саралаб олдим. Сизга бўлган ҳурматимни шу тарзда ифодалашни маъқул топдим.
Ўша кундан бери нотаниш ва айни пайтда ғоят ёқимли бир изтироб кўксига ин қурди. Зуфаржон ҳақида тез-тез ўйлайдиган бўлди. Шундай келишган шоир йигит тўшакка михланган ногирон қизнинг тенги эмаслигини биларди. Билса ҳам бу ҳақда ўйлагиси келмас, шунчаки хаёллардан таскин изларди, холос.
У китобнинг янги варағини очди. Нигоҳлари у сатрдан бу сатрга кўчар, ўша кундан буён юрагида яшаб келаётган тотли ҳиссиёт борлиғини эгаллай бошлади.
“Сен қайдан биласан, балки кенг олам,
Шу мўъжаз қалбимга бўйлаётгандир”.
Ўша ширин, исмсиз туйғу тобора борлиғига сингиб, кўнгил уйининг энг овлоқ бурчакларини-да ёритиб борди.
“Сен қайдан биласан, балки мени ҳам,
Кимдир қайдадир жим ўйлаётгандир…”
Шуурида икки сўз қайта-қайта жаранг берди: “Мени ҳам, мени ҳам…” Нима қипти? Зуфаржон ҳам Ҳабибани бир сония ёдга олган бўлиши мумкин-ку ахир? Ҳабиба ҳар лаҳза, ҳар нафас уни яна бир бор кўриш, кўзларига яна бир бор термилиш учун яшаяпти-ку! Унга нимадир бўляпти, нимадир бўлди! Нега хаёллари ўзига бўйсунмаяпти? Нега лаблари телбаларча унинг исмини айтяпти?
У кўзларини юмиб олди. Руҳини қамраган ҳис энди вужуди ичра илдиз ёя бошлади. Бир ҳовучгина, хаста, рангпар жуссада буюк пўртана жунбушга келганди. Гўё шу тобда нимадир рўй берадигандек, юраги ҳаприқиб кетди. Бу ҳол қанча давом этди, ўзи ҳам билмайди. Қўлидаги китобнинг ерга “тап” этиб тушиши қизнинг ичидаги туманни туйқус тарқатиб юборди. Манглайидаги муздек терни артаркан, титроғини босишга ҳарчанд уриниб кўрди. Аравачанинг пойига тушган китобни олишга ҳаракат қилиб, қийналиб қора терга тушгудек бўлди, қўли етмади. Яна, яна… зўр бериб чўзилди – ўзи олиши керак, ўзи! Шунчалар интилдики, ҳатто… Ҳабиба энгашган кўйи тошдек қотиб қолди. Йўқ, бўлиши мумкин эмас! Унга шундай туюлди, чоғи. Ўша қайсарона ҳаракатни яна такрорлашга аранг куч топди. Шунда… қимир этмай осилиб турган оёқларининг бармоқлари секин-аста ҳаракатга келаётганини кўриб кўзларига ишонмасди.
Ҳабибанинг боягина қинидан чиққудек урган юраги бирзум тўхтаб қолди. Ишқилиб, бу туш бўлмасин! Ишқилиб, уйғониб кетмасин! У ўзига ишонмай яна ҳаракатлана бошлади. Ниҳоят, бармоқлари бирин-кетин қўзғала бошлади.
– Ё Худойим… Ана… ана… Ё худойим! Ойижон, ойижон, ёнимга келинг, ҳозир юрагим ёрилиб кетади, дея онасини чақирарди.
Кўз ёшлари юзини ювар, чиндан-да шу он бутун олам ва шу олам ичра энг қадрдон кишиси унинг шикаста қалбига бўйлаётгандек эди.
… Қуёш бота бошлади. Қирмизи тусга кирган осмонга қараб ҳайқиргиси келди. Ботма қуёш, сен мен билан қол, менинг ёруғ кунларим келди. Мен билан бирга қувон, мен билан бирга шодлан, дегиси келди. Ҳабибанинг қалбида эндигина тонг отди, унда балққан қуёш ҳеч қачон ботмайди, севинганидан куйлаб юборди…

Гулчеҳра Асронова,
Фарғона

Ўқиганлар сони: 225