10.12.2018
Домой » Гулчеҳралар » Бойчечак (ҳикоя)

Бойчечак (ҳикоя)

Мурза ГАПАРОВ Қирғизистон Республикаси  халқ ёзувчиси  (1936-2002). Унинг “Қоракўлнинг ғозлари”, “Қора тўрғай”, “Бойчечак”, “Ойгул тоғ”, “Қишлоқча” сингари ҳикоя ва қиссалари нашр қилинган.

7-5 копияТелефон узоқ жиринглади.
Кияз унинг овозини анчагача эшитиб ётиб, аранг кўзини очди.
– Алло…
– Бу Исоқовнинг уйими?
– Ҳа.
– Новқот билан гаплашинг.
Новқот – туғилиб-ўсган тумани. У ёқда кўп қариндош-уруғлари яшайди: отаси, онаси, оға-инилари, амма-холалари, янгалари… энаси. Нима бўлди экан?
Новқот томондан:
– Алло, – деган эркак кишининг овози эшитилди.
Кияз овоз эгасини танимади.
– Кимсиз? – деб сўради.
– Менман, Кияз, – деди новқотлик. – Йўлдошман.
– Қайси Йўлдош?
Киязнинг Новқотдан кетганига ўн саккиз йил бўлди. Ҳозир у ерга йилда бир бориб, икки-уч кун туриб, қайтиб келади. Бора-бора элдан, туғилган еридан узоқлашиб, баъзи юртдошларини унутиб ҳам қўйяпти.
Ҳалиги одам унинг ҳаяллаб қолганининг сабабини тушунди, шекилли:
– Йўлдош почтачиман, – деб қўшиб қўйди.
– А-а-а, Йўлдош ака… – деди Кияз буни эшитиб. – Хў-ўш, нечун телефон қиляпсиз?
– Кияз, овулга бир келиб кетгин, ука. Энанг бетоб бўлиб қолди.
Энасининг авваллари ҳам тоби қочиб турарди, кексайиб қолган-да. Бироқ бу ҳақда бундай тарзда хабар бериб, унинг тинчини бузишмаганди. Демак, бир гап бўлганга ўхшайди…
– Нима бўлди, аҳволи оғирми? – деб сўради Кияз тўлиқроқ маълумот олмоқчи бўлиб.
– Анча оғир, – деди Йўлдош почтачи. – Келишинг керак.
Демак, бир ҳодиса бўлган деб ўйлади Кияз. Бироқ аниғини билиб олиши зарур: шунчаки тоби қочиб қолган бўлса, боролмайди – келгуси жумагача авторефератини топшириши керак, ойнинг охирида диссертациясини ҳимоя қилади.
– Нима қилсам экан? – Кияз ўйланиб қолди, лекин  хаёлидан ўтгани оғзидан чиқиб кетди. – Ишларимни нима қиламан?
– Ишларингни икки-уч кунга қўя турасан-да, – деди почтачи. – Келмасанг, бўлмайди. Кампирнинг кўнгли оғрийди.
Киязнинг хаёли бўлинди. Йўқ, энаси анча ўсалга ўхшайди  ёки унга нимадир бўлган. Очиғини айтиб қўявермайдими, гапни айлантирмай.
– Шундай қиламан, бошқа иложим йўқ.
Аэропортга етиб келса, тушгача бўладиган рейсларга чипта йўқ экан. Ёлғон гапиришига тўғри келди.
– Ўлик кўмгани боряпман, – деди мунғайиб.
– Гапингизни тасдиқлайдиган бирор нимангиз борми? – деб сўради кассир аёл.
Кияз бу қайғули хабарни телефон орқали эшитганини айтди. Кассир унга ишониб-ишонмай қараб турди-да, яқинда учадиган самолётга чипта ёзиб берди.
Кияз самолётдан тушиб, таксига ўтирди. Машина уни тўғри қишлоғига етказиб қўйди. Энаси ўлибди. Отасининг эшигида тўпланган одамларни кўриб, буни тушунди. Кимдир издиҳом орасидан ажралиб, Киязга пешвоз чиқди. Йўлдош почтачи экан.
– Келдингми, ука? – деди почтачи унга нари-бери қўл узатиб.
– Энди нима қилай? – Киязнинг тилига бошқа калима келмади.
У бирданига гангиб қолди. Бироқ куйганидан эмас, ҳали куймоқ нималигини билмасди, ёши ўттиз бешга чиқиб, ўлим-йитимни кўрмаганлиги учун эсанкираб қолди.
– Йиғлаб, ортимдан эргаш, – деди почтачи.
Кияз унга эргашди, лекин йиғлашга ҳали тайёр эмас эди. Умрида ўлган одам учун йиғламаганди. Ўзига қараб турган одамларни чамалаб, шипиллаб бораётган почтачининг ортидан қадам ташлаб кетаверди.
– Йиғла, йиғламайсанми? – дея пичирлади почтачи ярим ўгирилиб. Унинг сўзлари таънага ўхшаб эшитилди.
Кияз таваккал қилиб:
– Энам-ей, энам-ей, – деб юборди.
Бу сўзларни шунчаки эмас, балки бироз оҳангга солиб, чўзиб, мунгли қилиб айтди. Лекин дийдасига ёш келмади.
Почтачига эргашиб йиғи эшитилаётган уйга кирди. Юз-кўзидан дастрўмолини олиб, йиғлаётганларни ғира-шира кўриб қолди. Уларнинг ҳаммаси ўзининг қариндошлари: отаси, онаси, оға-инилари, амма-холалари, янгалари… Сўрида энаси ётибди. Соғлигида букчайиб юрадиган жуссаси кичик кампир оёқларини узатиб, бўйи узайиб қолгандек… Устига қора бахмал ёпилгани учун унинг ҳеч қаери кўринмайди. Кияз энасининг юзини очиб кўриши керакми, йўқми, билолмай қолди. Урф-одат қандайлигини билмасди. Шунинг учун энасидан икки қадам берида тўхтаб, бошқаларнинг сафига қўшилиб:
– Энам-ей, энам-ей, – деб овоз солди.
Кўзига тағин ёш келмади. Уйнинг ичида уввос солиб турганлар ҳам, энасининг жонсиз ётиши ҳам унинг юрагини эритолмади. Бунга ўзи ҳам ажабланди.
Бир пайт кимдир келиб кўксига бошини қўйди. Онаси экан.
Онасидан кейин бошқа қариндошлари ҳам бир-бир келиб, унинг бўйнига осилиб йиғлаб, ғам-аламларини у билан баҳам кўрмоқ бўлишди. Лекин уларнинг ҳаммаси бир бўлиб ҳам ғусса ва кўз ёшларини Киязга юқтира олишмади. Унинг ботини сувсиз қоронғи қудуққа ўхшаб қолгандай эди.
– Энам-ей, энам-ей…
Кияз бошқаларнинг назарида ўзини бўзлаётгандай кўрсатиб, қуриб қолган қудуғидан сув чиқаришга уринди. Атайлаб бўлса ҳам, қалбини юмшатгиси келиб, энасини, унинг феъл-атворини эслади. Энаси умрида бировга қаттиқ гапирмаган, ўзи ҳам бошқалардан ёмон гап эшитмаган, жуда ақлли ва меҳрибон аёл эди. Болаларим, болаларимнинг болалари деб юриб, умри адоғига етди. Киязни яхши кўрарди. Ҳар гал набираси қишлоққа келганида, уни кўзида ёш билан кутиб олиб, атрофидан айланиб-ўргиларди.
“Болаларингнинг бешигини тебратиб, кейин ўлсам армоним қолмасди”, – дерди доимо…
Хотиралар ҳам Киязнинг юрагини илитмади. У аввалгидай кўз ёш тўкмай, овоз солиб тураверди.
– Энам-ей, энам-ей…
Кампирни ташқарига олиб чиқиб, ўртага қўйишди. Салла ўраган мулла жаноза ўқиди. Кейин кампирни қабристонга олиб жўнашди.
Кампирни қабрга туширишаётган пайтда бир ўспирин қаттиқ бўзлаб йиғлади. Қараса, акасининг кенжа ўғли. Бола  шу қадар тўлиқиб, шу қадар куйиниб йиғладики, Кияз унга ҳайрат ва ҳавас билан тикилди.
Туйқусдан осмонда тўрғай сайраб юборди.
Кияз анчадан буён тўрғайнинг овозини эшитмаганди. Ялт этиб осмонга қаради. Ўзининг қаерда эканлиги ёдига тушгач, хижолат бўлди. Дарҳол бировнинг кетмонини олиб, энасининг қабрига тупроқ торта бошлади…
Тўрғай сайрайверди.
Бола бўзлайверди.
Бир пайт Киязнинг кетмони бир бойчечакни узиб кетди. Бойчечак тупроққа аралашди. Кияз ўйланиб ўтирмай, уни қўлига олди-ю, бирор киши кўриб қолмадимикин деган хаёлда шошиб чўнтагига солди.
… Кечқурун уйда олис-яқин қариндошларгина қолишди.
Ўт ёқилган иссиқ ўчоқ ёнида момо ҳақида гаплашиб ўтиришди.
– Бечора энам Киязни чақиринглар, уни бир кўриб ўлсам, армоним қолмасди деб жон берди, – деди отаси.
Онаси бир халтача ўрик мағзини олиб келиб, Киязнинг олдига тўкди.
– Ўзи йиғиб-териб, ўзи чақиб, келса бераман деб, сенга илиниб юрганди, – деди кўзига ёш олиб.
Кияз ҳамма гапларни жимгина эшитиб ўтирди.
Эртаси куни эҳсон дастурхони ёзилиб, ош тортилди.
Ошдан кейин Кияз ўзининг автореферати, диссертациясини тезроқ битказиши лозимлигини айтиб, ота-онасидан кетишга рухсат сўради.
– Ўзинг биласан, – деди онаси чуқур хўрсиниб.
– Зарур бўлса, қайтавер, – деди отаси. – Барибир энанг энди тирилиб келмайди…
У шаҳарга учиб кетди.
Уйга келгач, кўнгли чўкди. Тамаки чеккиси келиб, чўнтагига қўлини суқди, лекин тамаки ўрнига юмшоқ, муздеккина бир нарса қўлига илинди. Олиб қараса, сўлиб қолган бойчечак экан.
Кияз уни истаб-истамай ушлаб туриб, ҳолсизланиб ўтирди. Қабристонни эслади. Бирзумда икки юзи қизариб, нафаси тиқилди. У бошини чайқади.
– Қандай ёввойилик… – деб шивирлади ўзига-ўзи. – Қандай ёввойилик… Қандай ёввойилик…
Ўзининг шундай ҳолга тушиб қолганига ачинди. Ўзига-ўзи аянчли кўриниб, ўзига раҳми келди. Бирданига кўзига ёш қалқди. Кўз ёши оқиб, юзларини ювиб туша бошлади.
Кияз анчагача юм-юм йиғлади. Йиғлаган сайин қалби мулойимлашиб, кўксидаги туман тарқаб, ўзини енгил ҳис қила бошлади. Қуриб қолган қудуғи очилиб, унда яна сув пайдо бўлаётгандай эди. Тўкилиб-тўкилиб йиғлади…

Қирғиз тилидан
Авлиёхон ЭШОН таржимаси

Ўқиганлар сони: 205