20.03.2019
Домой » Саодат журнали » Кўнгилга ташриф » Чемпионнинг онаси

Чемпионнинг онаси

3-1 копияҚулоққа жуда ёқимли эшитиладиган бундай таърифни ўз исмига ҳам қўшиб айтилишини хоҳламайдиган аёл бўлмаса керак, орамизда. Лекин биргина хоҳиш, истак билан муродга етиб бўлганида эди…
Бундай мақомга эришишни истаган она спортчи ўғли ёки қизи билан спортнинг машаққатли йўлларида қадам-бақадам одимлаши, ғалаба нашидасини ҳам, мағлубият аламини ҳам у билан бирга тотиши, олис юртларга беллашувларга кетганида юрагига тош солиб, йўлига кўз тикиши, бир сўз билан айтганда, спорт одами бўлиши керак. Бу эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Қайбир оналар бундай юмушлар учун фурсат топа олмаса, яна кимларнингдир фарзандини ширин уйқусидан эрта уйғотишга кўзи қиймайди, машғулотларнинг машаққатидан аяйди…
10 ёшидан спортнинг каратэ-до тури билан шуғулланиб келаётган сурхондарёлик Садриддин Сайматовнинг онаси Хуршида Менгатова ана шу сермашаққат йўлни чидам билан босиб ўтиб келаётган волидалардан бири. Ўғли етти карра Ўзбекистон, икки карра Марказий Осиё чемпиони бўлганида, бир неча халқаро мусобақаларда шоҳсупанинг юқори поғонасини эгаллаганида онаизорнинг чеккан заҳматлари, машаққатлари бирзумда унут бўлган бўлса, ажабмас. У бугун “Чемпионнинг онаси” деган мартабага эришиб, ўғли билан бирга ғалабалар нашидасидан баҳраманд бўляпти.
– Садриддин болалигида Саймат бобосининг ортидан қолмасди, тўйларда, турли беллашувларда ўз тенгқурлари билан курашга тушиб юрарди, – дея хотирлайди Хуршидахон. – Дадаси Сирожиддин Самадов ички ишлар ходими бўлгани, аксарият вақти хизматда ўтгани боис фарзандлар тарбияси асосан менинг зиммамда эди. Садриддин жуда шўх, ўжар, серҳаракат бола бўлгани учун ҳам унинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, қувватини тўғри йўналтириш мақсадида 10 ёшида Термиз шаҳридаги “Ўқувчилар саройи” қошида очилган каратэ-до тўгарагига олиб борганман. Орадан бир ой ўтиб-ўтмай Қарши шаҳрида бўлиб ўтган Абдураим Йўлбарсов хотирасига бағишланган турнирда қатнашиб, биринчи олтин медалини қўлга киритган.
Мендан: “Дунёдаги энг тотли мева нима?” деб сўрашса, “Инсоннинг ўз қўли билан эккан, меҳр билан парваришлаган ниҳолининг нишонаси”, деб жавоб берган бўлардим. Ўғлимизнинг бу илк ғалабаси бизга ана шундай нишонанинг лаззатини бахш этганди.
Садриддиннинг хоҳиш-истаги, танловини қўллаб-қувватласам-да, оналигимга бориб, спортнинг айнан шу – жуда кўп жисмоний ҳаракат талаб қилинадиган, шунингдек, жароҳатланиш эҳтимолидан ҳам холи бўлмаган турини танлагани учун ич-ичимдан хавотирланиб юрардим. Хавотирим бежиз эмас экан, ўғлимиз Сурхондарёда бўлиб ўтган мусобақада оёғидан жароҳат олиб келганида дадаси иккимиз маслаҳатлашиб, унинг машғулотларга боришини тақиқлаб қўйгандик. Садриддин эса иккинчи қаватдаги уйимизнинг балконидан сакраб тушиб, машғулотга қочиб кетган.
Шу воқеа сабаб бўлиб, қолаверса, ўғлимизнинг биринчи мураббийлари Эркин ака Тошқулов, Шарофиддин Омонов шогирдларининг спорт техникасигагина эмас, таълим-тарбиясига ҳам жиддий эътибор қаратишлари самарасини сезиб, бу мавзуга қайтмаганмиз.
Машғулотларда маҳорат ошириб, беллашувларда тажриба орттирган Садриддинни 13 ёшида биринчи марта Малайзияда ўтадиган жаҳон чемпионатига кузатганимизда, у юрагимнинг бир парчасини олиб кетгандек туюлганди. Халқаро миқёсда ўтган ўша турнирда ўғлимиз ўз вазн тоифасида жаҳоннинг энг зўр олтилиги ҳамда Ўзбекистон терма жамоаси сафига киритилди…
Инсон умри давомида нимагаки эришса, ўз меҳнати, интилиши туфайли эришади, дейишади. Биз бу фикрга, агар уни элдошлари, ота-онаси дуо қилиб турса, саодатли манзилларга бешак етади, дея қўшимча қилган бўлардик. Садриддинни ҳам дуолар қўллади: Элликка яқин давлатда бўлиб, ўттиздан зиёд ғалаба билан қайтди. Ёш, умидли спортчимиз учун мазкур йилимиз, айниқса, омадли келди: Январь ойида Парижда бўлиб ўтган “Париж – опен-2017” гран-при мусобақасида, февраль ойида Голландиянинг Роттердам шаҳрида бўлиб ўтган “Duch – open-2017” мусобақасида, март ойида Дубай шаҳрида ўтказилган “Дубай – опен-2017” мусобақасида ҳамда май ойида Озарбайжон давлати мезбонлик қилган “Ислом бирдамлик ўйинлари” мусобақасида олтин медални қўлга киритди.
Қозоғистонда бўлиб ўтган Осиё чемпионати ғолиби бўлиб қайтган Садриддин орадан ҳеч фурсат ўтмай Германияга жўнаб кетди. У ерда август ойида ўтказилган очиқ турнирда “Йилнинг энг яхши каратэчиси” номинациясига сазовор бўлди. Октябрь ойида Испания давлатида бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашган Ўзбекистон каратэ терма жамоасининг фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, жаҳон рейтингида биринчи ўринга чиқиб олишида ҳам бу умидли спортчимизнинг муносиб ҳиссаси бор.
Соғлом, баркамол фарзандлар аёл меҳри, меҳнатининг маҳсулидир. Шундай экан, ўзбекистонлик спортчиларнинг, демакки, Ўзбекистоннинг кўксига қадалаётган медалларда оналарнинг ҳам ҳиссаси бор. Халқаро майдонлардан юртига йилма-йил, ойма-ой ғалаба билан қайтаётган Садриддин Сайматовдек чемпион йигитларимизнинг энг аввало, оналарига таъзим қилайлик!

Ф. УМАРОВА

Ўқиганлар сони: 438