16.06.2019
Домой » Гулчеҳралар 2014 сонлари » 6-сон » Фаришталар эшик очган кун

Фаришталар эшик очган кун

Биринчи келган  совчиларга фаришталар эшик очади, деган нақл бор. Оила бизда муқаддас саналади. Бу буюк қўрғонни барпо этиш билан боғлиқ расм-русумлар минглаб йиллардан буён такомиллашиб, элимизнинг руҳиятини ўзида акс эттирадиган маданият сифатида шаклланган. Шу жумладан, оилаларга дебоча бўладиган совчилик удуми ҳам ўзига хос ижтимоий маданият тарзида қарор топган. Лекин совчилик билан боғлиқ шундай расм-русумлар ҳам борки, улар одамни беихтиёр ўйга толдиради. Бундай расм-русумларни аниқроқ тасаввур қилишингиз учун бир воқеани сўзлаб берай. Саломат опа қизи Гуласал балоғат ёшига етгунча на уй-жойга қарарди, на қўни-қўшни билан дурустроқ салом-алик қиларди. Қизи коллежда ўқий бошлагач, кўп қаватли уйнинг йўлаклари супуриладиган бўлди. “Энди совчи кутадиган пайтим келди, уйларимизни таъмирлаяпмиз. Кеча янги юмшоқ мебеллар тўпламини  олдик, бугун хорижнинг гиламларини солдик”, дея қўни-қўшниларга бот-бот такрорлайдиган бўлди. Совчилар учун тузаб қўйилган дастурхонидаги нозу неъматларни-ку, айтмаса ҳам бўлаверади. Аксарият аёллар турмуш ўртоқларини: “Яхши бориб келинг”, дея хизматга кузатишса, Саломатхоннинг: “Дадаси, совчи дастурхонимизнинг униси кам, буниси кам, олиб келинг”, дея ишга кетаётган эрининг орқасидан жавраб қолганига  кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Аслида келадиган совчилар  нари борса, уч-тўрт дақиқа ўтиришади. Бир пиёла чойни лабига теккизар-теккизмас, ўринларидан туришади. Дастурхон қанчалар тўкин бўлмасин, кўнглига нимадир ўтирмаса, бу хонадондан оёқ узиб кетишади. Дастурхонга сарфланган маблағ сувга оқади. Топганимизни ақл билан харжласак, “совчи дастурхон” учун кетадиган маблағимизни узатилаётган қизимизнинг пазандалик, тикиш-бичиш, ҳамширалик каби  ҳунарларни эгаллашига сарфласак, уларни оилага, бекаликка, оналикка тайёрлашга диққатимизни қаратсак, мақсадга мувофиқ бўлмасмикан?.. … Яқинда бир дугонамиз Тошкентдан Қўқонга қиз узатди. Тўйдан аввал бўлажак келинчакни қўқонлик бир аёлдан ўша ҳудудга хос урф-одатлардан сабоқ олдирди.  Бу каби янгиликлар оммалашса, қизларимизнинг бахт манзили сари ташлаган қадамлари дадилроқ бўларди, назаримизда. Ҳозир давр тезкор, фикратимиз ҳам шиддат билан ишламоқда. Қандай қилсак, қизларимиз борган жойларида тиниб-тинчиб кетишади, бахти мукаммал бўлади, тарзидаги ҳаётий саволларга чиройли жавоблар топиляпти. Бас, шундай экан, ота-бобомиздан қолган расм, “дастурхон – қизи бор хонадоннинг зийнати”, деган ақидаларга ақл билан ёндашсак, одатларимизни керак, нокеракка ажратиб, нокерагидан воз кечсак, айни муддао бўларди.

Насиба ЭРХОНОВА

Ўқиганлар сони: 548