21.05.2019
Домой » Саодат журнали » Кўнгилга ташриф » Санъат – миллат либоси

Санъат – миллат либоси

IMG213Саҳнада роль ўйнайдиган эмас, чин маънода яшайдиган актёрлар халқимизга худди ўз оиласи аъзосидек, яқинидек гап.  Бу фикрни забардаст санъаткорлар оиласи – Зокировлар сулоласининг қайбир давомчиси ҳақида айтсак ҳам, ўринли бўлади. Ана шу номдор сулола  вакиласи, серқирра ижоди билан халқимиз меҳрини қозонган санъаткор – Ўзбек Миллий академик драма театри актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар ЗОКИРОВА билан ҳамсуҳбат бўлиб, санъаткор кўнглининг энг инжа қатларидаги кечинмаларига ошно тутиндик.

 

– Гавҳар опа, инсоннинг ҳаётида эслашга, фахрланишга арзигулик қувончли воқеалар кўп бўлади. Аммо уларнинг айримлари бир умр хотирасидан ўчмайди, аксинча, эслагани, ўйлагани сари қалбини тўлқинлантираверади. Исм-шарифингизга “Ўзбекистон халқ артисти” деган юксак унвон улуғворлик, салобат бахш эта бошлаганига ҳадемай бир йил бўлади. Лекин бу хушбахт дамларингиздаги ҳис-ҳаяжоннинг ёлқини ҳамон пасаймаганига аминмиз.

– Тўғри айтасиз, бу ажиб ҳиссиётлар қалбимни умрбод ёлқинлантириб турса, ажабмас. Бу хушхабарни бир танишим телефон орқали етказди. Унга ишониб-ишонмай турганимда яна телефон жиринглади. Кўтарсам гўшакдан:

– Бу Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокированинг уйими? Чиройли жаранглар экан-а? – деган таниш овоз янгради. Ўзбекистон халқ артисти Эркин ака Комилов шу тариқа биринчилардан бўлиб қутладилар. Шунда ҳам ишонқирамай, эртаси куни газеталарда чоп этиладиган рўйхатни ўз кўзим билан кўрсамгина ишонаман, деган хаёлда ўтирганимда қизим гўшакни яна қўлимга тутқазиб, амакиси йўқлаётганини айтди.

– Гавҳар, сен нима бўлганини, қандай воқеа содир бўлганини англаяпсанми? – дедилар Фаррух ака Зокиров дабдурустдан. Назаримда, у кишининг ҳаяжони меникидан кам эмасди.

– Энди-энди англай бошлаяпман, Фаррух ака. Бу унвон биргина меники эмас, у Жамшид акам иккимизники! 40 йиллик меҳнатларимиз мукофоти бу! – дедим титроқ овозда оҳиста шивирлаб…

Кейин яна телефон жиринглади… Яқинларим, танишларим, ҳамкасбларим, эҳ-ҳе, қўнғироқлар бирор ойча тинмади. Вилоятларда мухлисларим кўп экан, телефонимни топиб, қўнғироқ қилиб, қувончимга шерик бўлишди. Бу жудаям ёқимли ҳолат эди. Уларнинг чин дилдан қувониб: “Гавҳархон, сиз бу юксак унвонга муносибсиз!” деган эътирофларидан бошим кўкка етди. “Фалончи унвон олибди” дейишганда: “У ким ўзи?” деб сўрашларидан Худо асрасин. Ёки француз драматурги Жан Батис Мольернинг таъбири билан айтганда: “Мана бу ҳайкални кимга қўйишибди?” дегандан кўра, “Э хайрият-э, қўйишдими, у шунга арзийди-да…” дейишганига нима етсин?!

Бу юртда сидқидилдан меҳнат қилган одам эртами, кечми, албатта, сарфлаганидан зиёдроқ инъом олишига амин бўлдим. Ваҳоланки, мен бундан 30 йил аввал “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонини олган эдим. “Ўзбекистон халқ артисти” унвонининг залвори, масъулияти янада кучлироқ эканлигини ҳис қилиб, санъатнинг асл вазифаси – маънавий тарбия йўлида яхшироқ ижод қилишга ҳаракат қиляпман. Мен бу мукофотни имтиёз эмас, масъулият сифатида қабул қилдим.

– Сиз ҳар бир актёр орзу қиладиган даражадаги муваффақиятларга, мавқега эришгансиз. Бу даражага етишиш учун актёрга билим, иқтидор, салоҳият, маҳорат, тажриба… ва яна нима керак бўлади?

– Яна, фидойилик керак бўлади. Машҳур режиссёр К. С. Станиславскийнинг бир гапи бор: “Одам ўзини санъатнинг ичида эмас, санъатни ўзининг ичида яхши кўриши керак”. Биз ана шундай фикрларни ўқиб, эшитиб санъаткор сифатида камолга етдик. Касбга фидойиликни санъатимиз дарғаларидан ўргандик. Устозларимиз ибратидан санъаткор мансаб, унвон поғоналаридан қанча юқорилагани сайин, шунча ербағирлаб бориши лозимлигини, шундагина халқига севимли, ардоқли бўлишини англаб етдик. Кўпчилик бундай ютуқларни омад билан ҳам боғлайди. Лекин мен ўзим эришган озми-кўпми ютуқларга фақатгина меҳнатим орқасидан эришдим, деб биламан. Балки омад ҳам керакдир, лекин у ҳам меҳнат ва фидойиликка эргашиб келади.

– Сизнинг серқирра ижодингиз, театр саҳнасидаги, кинодаги ролларингизни кузатиб, бир актёр, бир аёл имкониятидаги қудратни ҳис қиламиз. Бу қудратни кимдан, нимадан оласиз?

– Биз Жамшид ака билан ҳаётда ҳам, ижодда ҳам доимо бирга эдик. Мен у кишидан жуда кўп нарсаларни – инсонларни улар қандай бўлса, шундайлигича, зиёди, ками билан севишни, мухлисларни ҳурмат қилишни, ҳамкасбларни қадрлашни ўргандим. Театр жамоасида 60 дан зиёд актёр бор. Бир йилда тўрт ёки бешта спектакль саҳналаштирилса, ҳар доим ҳам сизга бош қаҳрамон образи ёки кўнглингизга маъқул роль насиб этавермайди-ку. Жамшид акам билан, бизга қачон роль беришаркин, деб кутиб ўтирмасдик. Ўзимизга ўзимиз асарлар қидирардик, драматурглар билан гаплашиб, уларга ғоялар берардик. Шу тариқа сўнгги 25 йил ичида театр репертуаридан ташқари яратган “Эргинамнинг орзуси”, “Севаман дедимми?”, “Озод жуфтлик” каби саккизта спектаклимизни бадиий кенгаш қабул қилган ва театр репертуарига киритилган. Бошқа театрлар саҳнасида ҳам спектаклларимизни намойиш этдик. Рус давлат академик драма театрида ижро этган “Венецияда тун” спектаклимизни томошабинлар илиқ қарши олишган. Айниқса, ёш актёрлар ҳар бир ҳаракатимизни киприк қоқмай кузатишарди. Шу тариқа рус театрига ҳам Миллий театримиз мактабини олиб кирдик. Жамшид Зокиров ва Гавҳар Зокировалар жуфтлиги “Тақдир эшиги” спектаклидан бошланган бўлса, шундан буён барча ролларимизни дублёрсиз ижро этиб келдик. Бу саъй-ҳаракатлар инсондан ҳам ақлан, ҳам жисмонан катта кучни талаб қилади. Энди-энди ўйлаб қарасам, биз бу кучни, қудратни бир-биримиздан олган эканмиз.

Айниқса, “Танҳо юлдуз” номли спектаклимизни мухлислар жуда яхши қарши олишди. Бу пьесанинг ғоясини Нурилло Аббосхонга ўзимиз берган эдик. Орадан бир муддат ўтиб Нурилло ака пьесанинг давомини, яъни, “Танҳо юлдуз-2”ни ёзиб келдилар. Лекин бу пайтда Жамшид акам оғир бетоб бўлиб қолгандилар. Ўзларига аталган ролни ўйнаш уларга насиб этмади…

Умр йўлдошимнинг вафотидан сўнг ўзимни бутунлай ижодга бағишладим. Шундай қилмаганимда бу оғир мусибатни кўтара олмасдим. Жамшид акам билан видолашганимизнинг йигирманчи куни болаларимга: “Мен “Танҳо юлдуз-2”ни бошқа партнёр билан ўйнайман ва бу спектаклни Жамшид Зокиров хотирасига бағишлайман”, дедим. Тадбирларда, вилоятларга қилган ижодий сафарларим чоғида томошабинларнинг Жамшид акамга бўлган меҳрини ҳис қилдим. Мухлисларим ёнимга келиб, сиз бизга кераксиз, сиз яшашингиз керак, дея тасалли беришарди. Шунда мен: “Жамшид Зокировга беришга улгурмаган меҳрингизни мен икки ҳисса қилиб олаётгандекман. Шундай экан, мен Жамшид ака учун ҳам яшашим, сизларга икки баравар кўпроқ хизмат қилишим керак”, дердим ва ижод жараёнига янада чуқурроқ киришга, кўпроқ изланишга ҳаракат қилардим. Демак, мен ҳозир ҳам яшашим, ижод қилишим учун кучни, қудратни 40 йил мобайнида умр, ижод йўлларимда йўлдошлик қилган, менга аёллик, оналик бахтини ато этган қадрли инсоним – Жамшид Зокировнинг исмидан, руҳидан, у билан боғлиқ энг азиз хотираларимдан олаётган бўлсам, ажабмас.

– Санъатнинг нонини ейиш учун темирдан тиш керак, дейишади. Шунинг учун бўлса керак, кўпгина санъаткорлар фарзанди унинг изидан боришини, санъатнинг тошли, тиконли йўлларидан юришини истамайди. Бу жараён сизнинг оилангизда қандай кечган?

– Аслида Карим Зокирий ҳам санъат йўлини танлаган фарзандларининг ҳар бирига: “Қўй болам, шу ишни қилмагин”, деганлар. Лекин санъатнинг илоҳий қудрати уларни оҳанрабодек ўзига тортаверган. Ижод машаққатларини озор эмас, ором деб билган Зокировлар сулоласининг ҳар бир вакили ўзгача йўналишда ижод қилиб, халқ меҳрини қозона олди.

Ўғлимиз Жавоҳир Зокировнинг санъат йўлини танлашини биз ҳам хоҳламаганмиз. Лекин болалиги театрда ўтган, 4 ёшида “Тирик мурда” спектаклида бош қаҳрамоннинг болалигини ўйнаган, 7 ёшидан гастролларда юрган, 14 ёшида Бобур Мирзо ролини ижро этган Жавоҳир санъатни ўз қисмати деб билди ва биз унга ортиқча қаршилик қила олмадик.

– Санъат – миллатнинг либоси, деган ибора бор халқимизда. Бугунги ёш актёрларимиз миллатимизга мос ўзбекона “либос” бўла оляптиларми?

– Биз Шукур Бурҳонов, Олим Хўжаев, Зайнаб Садриева, Ғани Аъзамов сингари бетакрор роллари билан ўзига ҳайкал қўйиб кетган театримиз дарғаларининг этагидан тутиб кам бўлмадик. Энди ўзимиз ҳам устозларимиз яратиб кетган “Устоз-шогирд” мактаби анъаналарини давом эттириб, театримизга институтдаги синовлардан аъло баҳо олганидан ҳаволаниб, “тайёр “Ўзбекистон халқ артисти”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” бўлиб келадиган” айрим ёшларимизни қанотимизга олсак, ҳар бир спектакль, ҳар бир роль актёр учун имтиҳон, синовлигини тушунтиролсак, шунингдек, санъаткор халқнинг юзи, унинг маънавий қиёфаси эканлигини уларнинг онгига сингдира олсак, чин маънода миллатимизнинг ўзбекона либоси бўла олишади, деб умид қиламан.

– Спектакль томошабинга маънавий озуқа беради? Актёрга-чи?

– Актёр ҳам маънавий озуқа олади. У ҳам яратган яхши-ёмон ролларидан хулоса чиқаради. Ижобий қаҳрамонларига ўхшашга интилади, салбий қаҳрамонларининг қилган хатоларини такрорламасликка ҳаракат қилади. Томошабинларни кўп кузатаман. Назаримда, “Танҳо юлдуз” спектакли томошасидан кейин ўз жуфтларининг қўлидан маҳкамроқ тутиб чиқиб кетаётган одамлар ҳаётнинг ўткинчилиги, умрнинг ғанимат эканлигини янада теранроқ англагандек, бир-бирларига янада яқинроқ, меҳрлироқ бўлиб қолгандек туюлади. Бизнинг қалбимиздаги бу туйғулар эса ҳар галги спектаклдан сўнг янгиланиб бораверарди.

Спектакль актёрга умри давомида йўл қўйган хатоликлари, камчиликлари учун кимлардандир узр сўраш, ҳаётий хулосалар чиқариш имконини ҳам беради. Биз ҳам ёш бўлганмиз, билиб-билмай ота-оналаримизни ранжитиб, қайбир ҳолатларда дилларини оғритиб қўйгандирмиз. Спектаклдаги ролларимиз орқали улардан узр сўраймиз, томошабинларни бундай хатоликлар қилмасликка чақирамиз.

– Сиздаги зиё фақат Зокировлар сулоласига дахлдор эканлигингизда эмаслигини биламиз. Сиз миллатимизнинг йирик мутафаккирларидан бири Абдулла Авлонийнинг эварасисиз. Зиёлилик, ўқимишлилик санъаткор шахсиятини шакллантирувчи асосий омил, деган нуқтаи назардан келиб чиқиб, “Саодат” минбаридан фойдаланиб ёш санъаткорларга қандай фикрларни айтган бўлардингиз?

– Уларга бир фикрни айтгим келади: Санъат, ижод – бу илоҳий олам. Балки, бошқа соҳаларда кимларнингдир кўмаги билан бирор нарсага эришиш мумкиндир. Лекин санъатнинг орқасидан машҳури жаҳон бўлиб кетаман, бирор манфаат кўраман, деганлар қаттиқ янглишади. Чунки санъат сохталикни ёқтирмайди, томошабин ёлғонни қабул қилмайди.

Яна уларга, қолаверса, барча аёлларга, қизларимизга китобга ҳабибликни тилайман. Маърифатпарвар бобокалонимиз Абдулла Авлоний китоб туфайли маърифатга етишган. Бепул китоб тарқатиб, халққа зиё улашган. 5-6 та тилни мустақил равишда ўрганган. Тинимсиз ўқиб, ўрганиб моҳир журналист, шоир даражасигача юксалган. Олийгоҳда талабаларга сабоқ бериб, профессор унвонига эга бўлган. Мана сизга китобнинг қудрати!

Фарзандларимиз, набираларимиз қўлимизда китоб кўриб улғайишсин. Уларга фақатгина “ўқи” демайлик, ўзимиз китоб ўқиб берайлик. Қанчалик банд бўлмайлик, бу эзгу иш учун фурсат ажратайлик. Ишонаверинг, бу саъй-ҳаракатларимиз самараси ўзини узоқ куттирмайди. Бунга ҳаётда ўзим амин бўлганман.

Набирам Майсара бир куни Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романини кўтариб келди. Ўқитувчиси таътилда шу асарни ўқиб келишни вазифа қилиб берибди. Набирамнинг иштиёқ билан мутолаага киришганидан қувониб, уни зимдан кузатдим. Майсара китобни очиб бир-икки саҳифасига кўз югуртирган бўлди-да, секингина ёпиб, нари суриб қўйди.

– Менга нотаниш сўзлари кўп экан, – деди норози қиёфада, – тушунмадим.

– Қани, китобни менга олиб кел-чи, – дедим ундаги иштиёқни сўндириб қўймаслик учун. – Уни ўзим сенга ўқиб бераман.

Шу тариқа мутолаага киришдик. Набирам асарга шу даражада қизиқиб кетганидан ҳар куни ишдан қайтишим билан китобини кўтариб ёнимга ўтириб оладиган бўлиб қолди. Гоҳида ишдан жуда чарчаб, ҳориб келганимда, хаёлимдан: “Қанийди, Майсара, китобнинг давомини эртага ўқиймиз, деб қолса…” деган ўй кечган кунлар ҳам бўлди…

Қўлида китоб тутган боламизга: “Бўлди болам, чарчадинг, қолганини эртага ўқийсан”, дейиш даражасига етиб келсакгина, уларнинг оиламиз, жамиятимизга юк бўлмай, аксинча, жамиятнинг юкига елка тутадиган инсон бўлиб улғайишига умид қилсак бўлади.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

ИНЖУ суҳбатлашди.

Ўқиганлар сони: 817