21.05.2019
Домой » Саодат журнали » Кўнгилга ташриф » Ҳақиқий актёр ролида яшайди

Ҳақиқий актёр ролида яшайди

Таниқли актриса, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида катта ўқитувчи сифатида узоқ йиллар фаолият олиб борган доцент Назирхон Эргашева “Чорраҳадаги уй”, “Қалдирғочлар яна қайтади” каби ўнлаб телесериаллардаги таъсирчан образлари, ўз даврида миллионлаб кулгу шинавандаларининг севимли кўрсатуви бўлган машҳур телевизион миниатюралар театрида ўйнаган ҳажвий роллари орқали мухлислари меҳрини қозонди, эл назарига тушди. Ўттиз йилдан зиёд вақт мобайнида талабаларга саҳна нутқи, актёрлик маҳорати фанларидан сабоқ бериб, кўплаб шогирдлар тарбиялаган талабчан устоз айни пайтда пойтахтдаги Гулобод маҳалласида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимида ишлаб, кўп йиллик ҳаётий тажрибасини маҳалла ва оилаларда соғлом муҳит яратишдек хайрли ишга сарфламоқда.
Актриса ўзининг ҳаёт, ижод йўллари ҳақида шундай ҳикоя қилади.
4-2 копия
Сўлим водий қизиман

Андижон вилоятининг Избоскан туманида туғилганман. 1-ўрта таълим мактабида ўқиб юрган кезларим турли адабий-бадиий тадбирларда фаол иштирок этардим. Баъзан саҳналарда таниқли санъаткорларга тақлид қилиб, овозларини ўхшатиб берардим. Ўшанда устозларим ҳали ўзим ҳам англаб етмаган қобилиятимни пайқашганми, “Сендан туппа-тузук актриса чиқади”, дейишарди. Ўзимнинг ҳам Лутфихоним Саримсоқова, Сора Эшонтўраева, Зайнаб Садриева, Ҳалима Носирова каби халқимизнинг севимли санъаткорларига меҳрим бўлакча эди.

Шоиримиз оқ йўл тилаган

Касб танлаш борасида санъатшунос олим Мамажон Раҳмоновнинг маслаҳатларига амал қилиб, ҳужжатларимни ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига топширганман. Шароит тақозоси билан қариндошларимиз – атоқли ёзувчи, шоир, драматург Комил Яшин ва “Ўзбекистон булбули” дея ном олган Ҳалима Носированинг хонадонида яшаганман.
Бу файзли хонадондан таниқли ёзувчи, шоир, санъаткорларнинг қадами узилмасди. Мен шундай инсонларни кўрганим, суҳбатларидан баҳраманд бўлганим билан фахрланаман.
Бир куни Комил акани сўроқлаб Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов келиб қолдилар. Ҳаяжонланганимдан: “Мен сизнинг “Онажон” номли шеърингизни ёдлаб, имтиҳонга тайёргарлик кўряпман”, деб юборибман. Севимли шоиримиз менга омад тиладилар. Орадан бироз вақт ўтиб, имтиҳонларни “аъло” баҳоларга топшириб, ўқишга кирдим.

Ҳайратимнинг илк учқуни

Отам қазо қилганларида жуда ёш эдим. Онам бизга ҳам ота, ҳам она бўлиб ёлғиз ўзлари камолга етказганлар. Раҳматли онам Маликахон Эргашева санъатсевар, меҳнаткаш, ҳалол, дилкаш аёл эдилар. Ҳаёт синовларини енгиб, оғир дамларда бардошли бўлдилар.
Онам маҳзун халқ қўшиқларини кўп тинглардилар. Айниқса, радио орқали Ўзбекистон халқ артисти Муроджон Аҳмедовнинг овози янграса, ана, акам чиқдилар, Икромжон Бўронов куйласа, укам ашула айтяпти, бирпас жим туринглар, деб вужуди қулоққа айланар эди. Болалик, соддалик қилибми, онамнинг этагини секин тортиб: “Укангиз, акангиз бўлса, унда нега улар сизни кўргани келишмайди?” деганман. Онам эса: “Уларни ўзимга яқин олиб шундай атаяпман-да, она қизим”, дея жилмайиб қўйгандилар.
Онам ўзлари ҳам қўшиқ хиргойи қилиб турардилар. “Ўртар”ни куйлаб бўлгач, чуқур “уҳ” тортиб қўярдилар. Кейин билсам, онам ҳижрон, андуҳга қоришиқ шу хониш орқали кўнгилларини бўшатар эканлар. Онам дуоларида: “Сен, албатта, ўқишинг, билимли, зиёли бўлишинг керак”, дердилар. Афсуски, дуолари ижобатини кўриш уларга насиб қилмади. Илоҳим, жойлари жаннатда бўлсин!

Институтдан ҳайдамоқчи бўлишган

Актёрлик бўлимида таҳсил ола бошлаганимдан сўнг кўп ўтмай институтда “Тўла, гавдали талабаларни ўқишдан ҳайдашар экан”, деган гап тарқалди. Қўрқиб кетдим, ахир, юзлари лўппи, тўлачароқ қиз эдим-да. Гуруҳимизда “Шум бола” – Абдурайим Абдуваҳобов иккимиз гавдали эдик. Тафтишчилар келган куни тақдиримиздан хавотирда нафасимиз ичимизга тушиб жим ўтирибмиз. Тафтишчи гуруҳ аъзолари ичида домламиз Мамажон Раҳмонов ҳам бор экан, бизга ён босиб, институтда олиб қолган…

Ижодкор жамоа насиб қилди

Эргаш Каримов, Ҳусан Шарипов, Бахтиёр Ихтиёров, Равшан Солиҳов, Роза Каримова сингари ўзбек санъатининг забардаст санъаткорлари билан бирга ижод қилиш бахти менга насиб этди. Уларнинг ноёб истеъдоди, бетакрор санъати, устозлик меҳри ҳақида гапирсам, китоб бўлади. Улар билан бирга миниатюра жанрида ижод қилдим. “Миниатюра қироличалари”дан бирига айландим. Жамиятимиздаги иллатларни фош этувчи долзарб мавзуларни кўтариб чиқадиган миниатюраларни телетомошабинлар завқланиб томоша қилишарди. Санъатимизнинг олтин хазинасидан ўрин олган бу умри боқий ҳажвий кўрсатувлар бугунги кулги, ҳажвия шинавандаларига ҳам бир олам завқ улашяпти.
Одамларни йиғлатишдан кўра кулдириш мушкул. Комик образларни ишонарли тарзда очиб бериш актёрдан катта маҳорат талаб этади. Табиатан вазмин аёл бўлсам-да, ҳажвий ролларни бажонидил ўйнаганман. “Рузвонгул”, “Пўстак”, “Ажнабий”, “Майдалаб сотиладиган уй”, “Янги йилда, янги хотин” каби кўплаб миниатюраларда роллар ижро эдим. Мухлисларим мени кўпроқ Рузвонгул қиёфасида танишади. Режиссёр Рихсибой Мирзараҳимовнинг “Жиблажибон” ҳажвий кўрсатувида ҳам бир қанча образларни жонлантирдим.
Ўзбекистон халқ артисти Ҳусан ака Шарипов билан бирга ҳажвий кўрсатувларда роль ўйнаганимизда, у кишини қайтадан “кашф этдим”. Ниҳоятда талабчан, ўзи ҳам тинчимайдиган, ўзгаларни ҳам тинчитмайдиган бу актёр мактабини ҳам ўтаганимдан бахтиёрман.

Ролнинг яхши-ёмони йўқ

Таниқли режиссёр Рихсивой Мирзараҳимов қўнғироқ қилиб, “Чорраҳадаги уй” миллий телесериалидаги бош ролга таклиф қилдилар. Фарзандларим ҳали ёш, қолаверса, ҳали куёв ёки келин кўрмай туриб қайнона ролини қандай ўйнашим мумкин, дея бошим қотди. Рихсивой: “Сиз миниатюра “қозон”ида аллақачон “пишиб” бўлгансиз, бу ролда фақат сизни кўряпман холос”, – дедилар. Бош қаҳрамон – Зарифа Адашевна ролини ижро этдим. У манфаатпараст, амалпараст, ўз нафсининг қули бўлса-да, лекин она сифатида фарзандининг тақдири учун курашувчан аёл образи. Бу ролни жонлантириш мен учун осон кечмади. Журналист ва бошловчи Умида Усмонова қаламига мансуб бу сценарий 23 қисмли сериал сифатида эфирга узатилди. Ўша пайтларда зарурат юзасидан раҳматли Санобархон опам билан бозорга тушганимизда бир сотувчи аёл: “Вой, опажон, тирик экансиз-ку, сизни ўлган деб ўйлагандим”, дея йиғлагудек бўлиб қучоқлаб олганди. Шунда опам: “Тавба, таъсирчанлик ҳам эви билан-да. Ролингни ҳаётий ўйнабсанки, одамлар чиппа-чип ишонишибди”, дея руҳланиб кетгандилар. Табиатан таъсирчанлигим боисми, саҳнада ўзимни унутиб юбораман…
Яқинда таниқли журналист Асрор Аброрхўжаев сценарийси асосида “Маҳаллада бир кун” номли кўп қисмли янги миллий телесериал суратга олинди. Катта экранга чиқиш арафасида турган бу сериалга муносиб баҳони мухлисларимиз беришади, албатта.
Мухлислар: “Нега киноларда ўйнамайсиз?” деб сўрашади. Қўлимга жуда кўп сценарийлар келиб тушади, мазмунан бўшроқми ёки ўзимга муносиб роль топа олмайманми, кўпинча рад қиламан. “Актёр учун ролнинг яхши-ёмони йўқ”, дейишарди устозларимиз. Муҳими, ҳақиқий актёр, ижодкор ўйнаган ролида яшаши керак. Томошабин сохта ижрони ҳазм қила олмайди. Демак, роль танлашда ҳеч бир актёр шошмашошарликка йўл қўйиб, хато қилмаслиги, ўз имконияти, қобилияти даражасида танлаши лозим. “Юлдузсиз осмон” номли кинода ўйнаганман. Дабдурустдан таклиф қилинганим учун ижройимдан кўнглим тўлмаган. Кинода ҳам яхши образлар яратиш насиб қилиб қолар.

Устозларим, шогирдларим…

Абдурайим Абдуваҳобов, Фатхулла Маъсудов, Фотиҳ Жалолов, Беҳзод Муҳаммадкаримов, Саид Мухторов, Мадина Мухторова сингари истеъдодли, халқимиз ардоғидаги актёрлар билан бир гуруҳда ўқиганмиз. Институтни битиргач, йўлланма билан ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрига юборишди. Афсуски, айрим сабабларга кўра бу муқаддас даргоҳда ишлаш менга насиб қилмади. Саҳна нутқи фани бўйича дарс берган биринчи олима аёллардан бўлган устозим профессор Лола Хўжаева, шу даргоҳда ишлайсан, деб институтда олиб қолганлар. Қарийб, ўттиз йилдан ортиқ шу даргоҳда саҳна нутқи ҳамда телевидение режиссёрлиги гуруҳида актёрлик маҳорати фанидан талабаларга дарс бердим. Устозлар – Турғун Азизов, Мунаввара Абдуллаева, Омонулла Ризаев, Маннон Убайдуллаев, Исоҳтой Жуманов сингари санъатимиз фидойилари мактабини ўтаб, улар ўгитига амал қилиб, касбимни севиб, меҳр бериб ишлашга ҳаракат қилдим.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурашид Йўлдошев, Зуҳра Солиева, шунингдек, телевидение, кино ва санъат йўналишида фаолият кўрсатаётган истеъдодли шогирдларим билан фахрланаман. Ўзидан кейин шогирдлар, издошлар қолдириш мураббий учун шарафдир.

Бир аёл бахти

Аллоҳга шукр, турмуш ўртоғим Шамсиддин ака билан мана, 27 йилдирки, бир-биримизни тушуниб, ҳурмат қилиб яшаб келяпмиз. Қийин вазиятларда менга ҳамиша далда бўлиб, кўнглимни кўтарганлар. Ўғлим Нодиржон – ҳарбий, Ватанимиз тинчлиги, осойишталиги йўлида хизмат қилмоқда. Қизимиз Маликахон – оиламиз қувончи. Аёл ўз касбига, оиласига меҳр ришталари ила боғланиб турса, у бахтли, саодатли турмуш кечиради.

Шерзод ДЕҲҚОНОВ ёзиб олди.

Ўқиганлар сони: 529