20.03.2019
Домой » Саодат журнали » Кўнгилга ташриф » Иқболи кулган аёл

Иқболи кулган аёл

photo_2017-03-16_14-08-04Мен  таниқли  хонанда  Юлдуз  Турдиевани  2010  йилда  ёш  истеъдодларга  “Ниҳол”  мукофотини  тантанали  топшириш  маросимида  кашф  этганман.  Балки,  унгача  ҳам  бир-икки  қўшиқларини  тинглагандирман.  Лекин  бу  чиқиши  кўнглимдан  алоҳида  жой  олган.  Унинг  саҳнада  ўзини  тутиши,  назокати,  ҳаёси  қалбимда  илиқ  таассурот  уйғотган.  Биринчи  таассурот  кўпинча  алдамчи  бўлади.  Баъзан  инсонни  яқинроқ  таниганинг  сари  ундан  узоқлаша  борасан.  Лекин  бу  санъаткор  ҳақидаги  таассуротим  кейинчалик  ҳам  ўзгармади,  у  ўша-ўша  латофати,  истаралилиги  билан  қалбимга  ўрнашди.  
Кўпчилик  санъаткорлар  журналистлар  билан  мулоқотдан  ўзларини  олиб  қочишади.  Айниқса,  «админ»ларнинг  (санъаткорларнинг  маъмури)  санъаткорлар  номидан  гапириши  журналистларни  бездириб  қўйган.  Шу  боис  газета  ва  журналларнинг  режалари  айрим  санъаткорларнинг  инжиқлиги  боис  тез-тез  ўзгариб  туради.  Юлдуз  эса  ўзини  ҳам,  бошқаларни  ҳам  ҳурмат  қиладиган,  самимий  суҳбатдош.  Ижоди,  ютуқлари  ҳақида  бироз  тортиниброқ  сўзласа-да,  устозлари,  оиласи  ҳақида  кўзлари  ёниб,  яйраб  гапиради.
–  Адашмасам,  санъатга  кечроқ  кириб  келгансиз-а?  
–  Шундай  бўлган.  Мактабни  тугатиб,  1-сонли  Бухоро  академик  лицейига  ўқишга  кирганман.  Чунки  санъаткор  бўлиш  ниятим  йўқ  эди.  Лекин  мактабда  ўқиб  юрган  кезларимда  ҳам,  лицейда  ҳам  тадбирларда  қўшиқ  айтиб  юрардим.  Тадбирларни  уюштиришда  лицейимизнинг  ёнгинасидаги  санъат  билим  юрти  созандалари  кўмаклашиб  туришарди.  Улар  қўшиқларимни  эшитиб  (ижройим  маъқул  бўлган,  шекилли),  билим  юртидаги  ўқитувчиларга  айтишган.  Устозлар  келиб,  овозимни  эшитиб  кўришди.  Лицейнинг  учинчи  босқичида  таҳсил  олаётганимда  кутилмаганда  ўқишимни  санъат  билим  юртига  ўтказишни  таклиф  этишди.  Лекин  унгача  оила  аъзоларим  ҳам,  ўзим  ҳам  менда  санъатга  фавқулодда  истеъдод  бор,  деб  ўйламаганмиз.  Шундай  бўлса-да,  ота-онам  санъат  билим  юртидаги  устозларим  таклифини  яхши  қабул  қилишди  ва  санъатдаги  илк  қадамларимни  қўя  бошладим.  Санъат  билим  юртидаги  сабоқларни  кечроқ  бошлаганим  боис  устозларим  Раҳматилла  Иноятов,  Толибжон  Темиров  мен  билан  кўп  ишлашар  эди.  Устозларим  раҳбарлигида  қилган  меҳнатларим  бирин-кетин  санъат  давраларида  эътироф  қилина  бошлади.  Ҳар  бир  эътироф  менга  янги  куч-қувват  ато  этди,  истеъдодимга  ишонч  ва  масъулият  уйғота  борди.  Шу  тарзда  санъат  ҳаётим  мазмунига  айланди.
–  Санъаткорлар  асосан  халқнинг  хизматида  бўлишади.  Аёл  санъаткор  учун  бу  жараён  оғирлик  қилмайдими?  
–  Санъат  йўлини  танлаганимда  отам  Чори  Турдиев  бу  касбнинг  машаққатларини  тушунтирганлар.  Ўзлари  хизматчи  бўлсалар-да,  зиёлилар  каби  жуда  кўп  китоб  ўқирдилар.  Ота-онам  бизга  қаттиққўллик  билан  тарбия  беришган.  Шу  боис  ҳамиша  ёнимда  бўлишга,  менга  ёрдамлашишга  ҳаракат  қилишарди.  Талабалигимда  бўлажак  турмуш  ўртоғим  билан  танишдим.  Тақдиримизни  боғлабмизки,  у  киши  созандалар  қаторида  ҳамиша  ёнимдалар.  Фарзандларимиз  тарбияси,  оилавий  масалалар,  санъат  борасида  ҳам  доимо  ҳаммаслакмиз.  Шу  туфайли  санъатнинг  оғири  ҳам,  енгили  ҳам  бахтли  кунларимизнинг  бир  қисми  сифатида  ўтади.
–  Шу  ўринда  бахт  тушунчасига  таъриф  берсангиз.
–  Бахт  мен  учун  –  оилам,  икки  ўғлим,  ота-онам,  устозларим,  яқинларимнинг  борлиги…  Юртимизнинг  тинчлиги,  фаровон  турмушимиз.  Мени  тушунадиган  турмуш  ўртоғимнинг  ҳамиша  ёнимдалиги.  Санъатда  машҳур  бўлиш  асосийси  эмас,  ўзингни  бахтиёр  ҳисоблаш  жуда  муҳим.
–  Нималардан  илҳомланасиз?  
–  Мумтоз  ва  эстрада  йўналишидаги  қўшиқларни  мароқ  билан  тинглайман.  Устозлар  ижросидан,  маҳоратидан  завқланаман.  Фарзандларимнинг  беғубор  кулгулари,  мухлисларим  меҳр-муҳаббати  менга  илҳом  бағишлайди.  Бўш  вақтимизда  табиат  қўйнига  ошиқамиз.  Одамлар  орасида  бўлиб,  уларнинг  санъаткорлар  ҳақидаги  фикрларига  қулоқ  тутаман.  Ҳақиқий  илҳомни  санъатсевар  халқимиздан  оламан.  Ҳеч  бир  чиқишим  уларнинг  ҳафсаласини  пир  қилмасин,  аксинча,  кўнглини  кўтарсин,  янги  қўшиқларимни  соғиниб  кутишсин,  деб  ижод  қиламан.
–  Энг  саодатли  аёл  деганда  кўз  олдингизга  ким  келади?
–  Онажонимнинг  нурли  сиймоси  келади.  Унинг  тимсолида  фарзандларининг  бахту  иқболи,  оиласининг  тинчлиги,  хотиржамлиги  учун  борлиғини  бағишлайдиган  иболи,  ҳаёли  ўзбек  оналарини  энг  саодатли  аёл  дегим  келади.  Бир  манбада:  “Дунё  гўзаллари  танловида  иштирок  этадиган,  қадди-қомати,  юз-кўзи,  қадам  ташлашигача  сантиметрларда  ўлчанадиган  аёлдан,  бешик  тебратиб,  алла  айтаётган,  турмуш  ўртоғининг  ишдан  келишига  чиройли  дастурхон  тузайдиган  ўзбек  аёли  гўзалроқ”,  деган  жумлаларни  ўқиганим  бор.  Мен  ҳам  бу  фикрга  қўшиламан.
–  Устоз-шогирд  анъаналари,  хусусан,  ўз  устозларингиз  ҳақида  ҳам  сўзлаб  беринг.
–  Халқимизда  “Устоз  отангдек  улуғ”  деган  нақл  бор.  Яъни,  устоз  ўз  оромидан  кечиб,  сенга  илмини,  ҳунарини,  касбини  ўргатди,  жоиз  бўлса,  сени  ўзига  рақобатчи  қилиб  тарбиялади.  Демак  у  сен  учун  отангдек  азиз  бўлиши  керак,  дегани.  Бухоро  санъат  билим  юртидаги  Толибжон  Темиров,  Раҳматилла  Иноятов,  Ўзбекистон  давлат  консерваториясидаги  Маҳмуд  Тожибоев,  Муҳаббат  Солиҳова,  Муножат  Йўлчиева,  Замира  Суюнова  каби  устозларимиз  мен  учун  отамдек  улуғ  инсонлар.  Улардан  санъат,  ҳаёт  сабоқларини  олганман.  Уларнинг  ҳар  бири  мен  учун  алоҳида  мактаб.
–  Ўзингизни  қандай  шогирд  деб  ҳисоблайсиз?
–  Назаримда,  бу  саволни  устозларимга  берсангиз,  тўғри  бўлади.  Уларнинг  ўгитларига  амал  қилиб,  санъатда  камолга  етдим.  Бироқ  баъзида,  яхши  шогирд  бўлолмадим,  деб  ўзимдан  хафа  бўламан.  Устозларим  мен  учун  кўп  заҳмат  чекишди.  Мен  эса  улар  учун  вақт  ажрата  олмаяпман.  Асосий  вақтим  гастролларда,  концертларга  тайёргарлик  жараёнида  ва  оила  даврасида  ўтади.  Устозларим  сабоқлари,  дуолари  туфайли  шу  даражага  етишдим.  Мен  ҳам  уларнинг  ҳақларига  ҳамиша  дуо  қиламан.
–  Сизнинг  наздингизда  идеал  инсон  қандай  бўлиши  керак?
–  Жамиятда  ўз  ўрнига  эга,  айтар  сўзи  ва  амали  бир  бўлган,  оиласини  қадрлайдиган,  зиммасидаги  бурч  ва  вазифаларини  адо  этадиган,  хулқи,  одоби  билан  барчага  ўрнак  бўла  оладиганлар  мен  учун  идеал  инсонлардир.
–  Республикамиз  хотин-қизларининг  “Саодат”  журнали  муштарийларига  тилакларингиз.
–  Аёллик  –  бахтимиз,  иқболимиз  бардавом  бўлсин.  Муштарийлар  орасида  жамиятимизнинг  етакчи  аёллари,  тадбиркорлару  фермерлар,  пиллакору  пахтакорлар,  боғбону  соҳибкорлар,  ўқитувчилар,  шифокорлар,  санъаткорлар,  уй  бекалари  бор.  Ҳаммаларининг  ишларига  ривож,  хонадонларига  тинчлик,  хотиржамлик,  файзу  барака  тилайман.  Бизларни  ғойибона  дийдорлаштирадиган  “Саодат”  журнали  ҳар  биримизнинг  хонадонимизга  кириб  борсин!
–  Сизни  бахт  ва  омад  тарк  этмасин.  Мазмунли  суҳбатингиз  учун  ташаккур!  

Манзура  ШАМС  суҳбатлашди.

Ўқиганлар сони: 594