16.06.2019
Домой » Гулчеҳралар 2014 сонлари » 6-сон » Кампирлар бирлашса

Кампирлар бирлашса

Ҳозирги аёлларни буви ёки кампиршо, деб атаб кўринг-чи, ўн газ сакраб  тушишади.  Ахир, ростданам сочи  турмакланган, оёғида баланд пошна туфли, эгнида ҳилпирасин кўйлакли қайси хотинни кампир дегингиз келади. Бошига оқ дока рўмол солган, сипо кийинган илгариги кампирлар қаёқда дейсиз.Нафақага чиқиш ҳам осон эмас экан. Худди биров назарингда,  бор, энди керак эмассан, дегандек бўлавераркан. Шундай қилиб десангиз, пенсияга чиқдим-у, қўлимни қаёққа ураримни билмай қолдим. Бир куни қўшним Башоратхон чиқди: “Манам эдим санингдек, санам бўлдинг манингдек, овсин. Биззи қаторга қўшилиб қопсиз-ку. Уйда ўтираверманг. Юринг, Анорхон мавлуд ўқитаётган экан, бирпас эшитиб келамиз”, – деди.– Йўқ, – дедим унга, – ҳозир неварам мактабдан келади. Бирор иссиқ овқат тайёрлаб турай.– Вой, отасини катта қилдингиз, боласини ҳам боқасизми? Миннатдор бўлишармиди, – деди лабини ямлаб-ямлаб Башоратхон.– Боламнинг боласи-ку, айланай, бегона эмас.– Ҳа, жуда мармартош қўйса ҳам, – чимирилиб кетди қўшним. У ўзи шунақа. Гапни чимчилаб-чимчилаб гапиради. Билмаган одам авроғига чидолмайди. Бир пайт неварам ўқишдан келди.– Буви, – деди у, – яхшиям, сиз уйда қолдингиз, тренировкага доим қорним оч кетардим. Курашда кучим етмай қолиб енгилардим. Кеча мен Аликни енгдим.Болам бечора, уйда ҳеч ким йўқ, эшик қулф, мактабдан очин-тўқин келиб, иссиқсиз курашга қатнаб юравериб силласи қурир экан. Нега шу пайтгача шуни ўйламас эканмиз, деб ўзим ҳам ҳайрон эдим. Неварам менга овунчоқ бўлиб қолди. Ямоқ-ясқоғини тузатаман. Едираман, ичираман. Бирга дарс тайёрлаймиз. Ўғлим билан келиним ҳам хурсанд.–  Ойи, сиз уйда қолгандан бери хонадонимизга қут-барака, файз киргандек бўлди-я. Неварангиз ҳам биққа бўлиб қолибди. Ўқишда ҳам, спортда ҳам анча бардам, – деди келиним хурсанд бўлиб.Мен гоҳо зерикиб қолаётганимдан зорландим. Неварам эшитиб турди-да:–  Буви, мани тренировкамга боринг, – деди. – Ҳеч зерикмайсиз. Ҳамма ўртоқларимнинг бувиси боради. Оббо, болам-ей. Қариганимда мани машқ қилдириб ёшартирмоқчи шекилли. Ҳа, аллақайси газетада ўқувдим. Олтмишга кирган аёл физкультура билан шуғулланиб, хаста юрагини даволаган экан. Яна бир аёл қирқ ёшидан “морж”ликка қатнаркан. Хаёлимда шулар кечиб турган экан, ­неварам яна:–  Буви, курашга доим бир ўзим бораман, бошқаларни бувиси олиб боради, – деди.Кел, боланинг сазаси қайтмасин, деб эртасига у билан машққа отландим. Кўчада Башоратхон кўриб яна гап билан чимдиб олди:– Ҳм, опичиб олинг-а неварангизни. Ундан кўра юринг, чарларга олиб бораман.–  Раҳмат, овсинжон, униям ўз мавриди бўлади, – дедим.Вой-бў, ана бувилар-у мана бувилар. Спорт майдонининг бир чеккасидаги ўриндиқда бири пайпоқ тўқиб ўтирибди, бири қўлқоп, ким неварасининг мусобақада ютганини тошиб сўзлайди. Бирининг қўлида термосда чой, кимда боланинг кийим-кечаги. Неварам мени улар ёнига бошлаб келди-да, менинг бувимлар, деб таништирди. Бахтиёрликдан чеҳраси шундай кулиб турардики, шу пайтгача нега келмаганимга ўзим ачиниб кетдим.“Ҳа, бувиларнинг бори яхши экан. Болалар учун ҳам, меҳмон-излом келиши учун ҳам, муомала учун ҳам, қўни-қўшниларга салом-алик, катталарнинг ишда хотиржам  ишлаши учун ҳам яхши экан”, деб кўнглимдан кечириб қўйдим шу тобда.Аммо неварам мактабдан келгунча зерикиб қолаяпман. Нима қилиш керак? Пешайвондан секин пастга қарадим, қўшниларим ўриндиқда чақчақлашиб ўтиришарди.– Қалайсиз, кампиршолар! – дедим уларга. “Пастга тушинг”, – деб имо қилди Башоратхон. Хотинлар билан кўришиб, сўрашиб чиқдим.–  Пенсияга чиққаниз билан табриклайман, деб сира тилимнинг қўли тегмаса, денг, – чайналди Хадичахон.–  Ҳаммамиз йиғилишиб чиқмоқчи бўлиб юрибмиз, – деди Салимахон гапни суваб.–   Қачон чиқсаларинг марҳамат, уйимнинг тўри сизларники, фақат, ана шунақа чекка-чеккада валақлашиб ўтираверасизларми? – дедим.– Хўш, нима қилайлик, сизга ўхшаб невара боқайликми? Пенсияга дам олиш учун чиққанмиз, – деди Башоратхон.– Уйимиз бўйича нечта пенсионермиз?– Ўнтача бормиз.– Бунақа қилиб юрмайлик. Мана, ҳовлини қаранг, жимжит. Ҳамма ишда, ўқишда, болалар боғчада. Ахир шу хонадонларнинг ҳар бирида бир юмуш бордир. Биров боласини боғчага жойлаштиролмайди, биров уй пулини тўлашга вақт тополмайди, кимнинг ваннасида жўмрак ишдан чиққан… Битта дафтар тутсак, шу дафтарга кимнинг нима арзи бўлса, ёзсак. Кечқурун ишдан келгунича биз бажариб қўяйлик. Ўйин-кулги ҳам вақти билан бўлаверади. Шундай замонда вақтни бекор ўтказиб нима қиласизлар? – дедим. Башоратхон зийрак хотин эмасми, дарров: – Унда мен раиса бўламан. Шу шарт биланки, раислигимни ҳокимиятга бориб ўзингиз тасдиқлатиб келасиз, – деди.– Хўп, – дедим. Фикримга қўшилганларига қувониб кетдим. Яхши ишга ким ҳам қаршилик кўрсатади, дейсиз. Шундай қилиб, ҳокимиятга бордим. Ҳокимнинг ўзи ўрнидан туриб кутиб олди. Гапимни тарозига солиб обдон тушунтирдим.–  Унда, – деди у барака топкур, – уйинглардан сал пастроқда икки хонали бир уй бўш ётибди. Ана шу ерни сизларга идора қилиб берамиз. Ҳокимиятгача бўладиган масалаларни ўзларинг ҳал этаверинглар. Телефон ҳам тушириб берамиз.Кела-келгунча қувониб келдим. Хотинлар ҳам чапак чалиб юборишди. Шу тобда уларни кампиршо деб кўринг-чи.Мана, ўшандан бери бекорчини кўрганим йўқ. Нафақачи дугоналарим ўзгаларнинг ҳожатини чиқарганларидан бирам хурсандки. Ҳар куни эрталаб идорага кириб бораман:– Қалайсиз, кампиршолар!–  Э, кампир деманг…Бири у юмуш билан, бири бу юмуш билан овора. Барака топгур кампирларим. Аммо ўзларига шундай дея кўрманг. Ўн газ сакраб тушишади.

Қутби НОСИРОВА‘‘Сизга айтар сўзларим…’’китобидан  2003 йил.

Ўқиганлар сони: 676