10.12.2018

МОҲИГУЛ

Моҳигул кўп қаватли уй зиналаридан чиқиб бораркан, эшик очиқлигини кўриб, севиниб кетди.
– Билгандай барвақтгина келибсиз-а, Баҳром ака! – деб салом бериб, яшнаб кириб борди. Баҳром ҳали кийимини ҳам алмаштирмаган, диван четига омонат чўкиб газета ўқирди. У рафиқасига кулиб қаради.
– Дилбарга ўтолмадингизми, Моҳим? Бўпти, ўзим борай… – у эшик томон йўналди. Моҳигул уни тўхтатди.
– Шошманг, Баҳром ака! Бормай қўяверинг. Бугун Дилбарни боғчадан опам оладилар, – деди.
– Нима учун? Театрга борамизми? Ёки меҳмонга?! – ҳаяжонланиб кўзлари чақнади Баҳромнинг.
– Биласизми, Баҳром ака… – Моҳигул дудуқланиб қолди. – Мени… ишхонадан ижодий сафарга юборишяпти. Самарқандга! Уч кунга, холос. Бу ҳаётимдаги биринчи ижодий сафарим. Кечки овқатни пишираман-у, поездга чиқаман…
Ҳозиргина юзи-кўзи яшнаб, кулиб турган йигитнинг қовоғи осилиб кетди. Кенг пешонаси тиришди.
– Бормайсиз! – деди дағал товуш билан. Костюмини ечиб, курси суянчиғига ташлади. Ва дераза ёнига бориб қўлларини шимининг чўнтагига солганича орқа ўгириб туриб олди.
– Нега бормас эканман, Баҳром ака? – Моҳигул йиғлаб юборай деди. – Касбим шуни тақозо қилади-ку! Ахир мен журналистман. Боришим, кўришим, ёзишим керак!
– Бормайсиз! – такрорлади Баҳром. Бу гал шунчаки эмас, қатъият билан таъкидлаб айтди.
– Бораман! – худди шу оҳангни такрорлади Моҳигул. – Ўзингиз ваъда бергансиз. “Дилбар икки ёшга тўлсин, кейин йўлга чиқаверасиз. Ўзим қарайман қизимга”, дегансиз. Икки ёшдан ошиб кетди. Ахир, мен… ўйнагани эмас, бир яхши аёл ҳақида ёзгани кетаяпман. Агар Дилбар билан қийналаман десангиз, эртагаям уни боғчадан опам оладилар!
– Йўқ-йўқ! – қизариб-бўзариб кетди Баҳром. – Мен боламга… ўзим қарайман. Ҳозироқ олиб келаман!
Баҳром бир сапчиб, курсидан костюмини олди. Бир енгини кийганича шошиб чиқиб кетди.
Моҳигул орқасидан эшикни очиб қичқирди.
– Мен барибир кетавераман!
Баҳром зиналардан тушиб бораётиб нимадир деди. Дуруст эшитилмади. Қўшнилардан истиҳола қилди, шекилли, овозини қўйиб юбормади. Моҳигулнинг хўрлиги келди. Тавба, одам ҳам шунчалар тез ўзгарадими? Ваъдалари қайда қолди? Ҳали бу туришда “Ишлама, уйда ўтир”, дейишдан ҳам тоймаса керак. Йўқ, мен қўрқиб, титраб яшайдиганлардан эмасман! Йўлга чиқаман!
У ўзига ўзи буйруқ бериб, тез-тез ҳаракат қила бошлади. Кетиш соати яқинлашган сайин юраги увишар, сафар халтасига нималарнидир жойлаб, у хонадан бу хонага тинимсиз кириб чиқарди.
Ё бормай қўя қолсаммикан, деб бироз иккиланиб ҳам олди. Ва яна ғурурини ерга ургиси келмади. “Ахир, Баҳром акам мени севади, ҳурмат қилади. Менга етишгунча не кўйларга тушди-ку. Шундай бўлгач, истакларимни, касбимни ҳам севсин! Ҳаммасини севсин, вассалом!”

* * *

Кенг дала. Унинг юзи-кўзига ғубор қўнган. Туфлилари чанг. Қўлида дафтар-қалам, кенг этакли кўйлаги нозик қоматига ярашган, қорачадан келган, қош-кўзи попукдеккина бу мухбир қизга қишлоқ одамлари ҳавас билан қарашади. Унинг саволларига баъзилари ийманиб, баъзилари бурро-бурро жавоб беришади. Бир пиёла чойга таклиф қилишади.
Барибир, бундай беғуборлик ҳам Моҳигулнинг дилидаги ғашликни юва олмади. Бунинг устига атай Тошкентдан излаб келгани – илғор фермер Хоним опа Аҳмедованинг Тошкентга, қизининг диссертацияси ҳимоясига кетгани ҳам унинг руҳини бироз туширди.
– Кечқурун келадилар, дедингиз-а? Шу аниқми? – яна таъкидлаб сўрайди опанинг ёрдамчисидан, улар идорадан қайтиб келишгач.
– Ҳа, келадилар. Опа бир сўзли аёл! – дейди у қатъий оҳангда.
– Бўлмаса мен ҳисоб бўлимидан у-бу рақамларни сўраб олсам…
– Бемалол. Юринг, сизни таништириб қўяман…
Оқшом пайти Хоним опа келгани ҳақида хушхабар тарқалди. Моҳигул суюниб кетди. Тўладан келган, икки юзи қип-қизил, кулганида кўзлари қисилиб кетадиган қирқ саккиз ёшлардаги полвонсифат аёл Моҳигулни бағрига босди. Нозик-ниҳол мухбир қиз унинг қучоғида йўқ бўлиб кетай деди.
Хоним опа дид билан кийинган, сочлари силлиқ таралиб, чиройли турмакланган, кўзларидан ақл ёғилиб турар эди. У кўпроқ зиёлиларга ўхшарди.
Ҳол-аҳвол сўрашиб танишиб олишгач, идора ходимлари опани ўраб олишди. Табриклашди. Моҳигул уларни шу ҳолатда суратга туширди.
– Юринг, қизим, уйга кетдик! – деди Хоним опа, – юринглар сизлар ҳам. Акбар акам кутиб қолдилар. Бироз тоблари қочиб, Тошканга бирга боролмадилар-да!
Саранжом-саришта, боғ-роғли кенг ҳовлига кириб борганларида Моҳигулнинг кўзлари қувнаб кетди.
– Уйларингиз бунча чиройли! – деди.
Хоним опанинг умр йўлдоши баланд бўйли, келишган, чеҳраси очиқ, барваста киши экан. Рафиқасини кўриб, унга пешвоз чиқди.
– Э, э, келдингизми, аяси?! Табрикласам бўладими? – деди ҳаяжонланиб.
– Келдим, дадажониси. Ўзингиз қандайсиз? – Хоним опа эрига салом бериб ҳурмат ва тавозе билан унинг соғлиғини қайта-қайта сўради. Моҳигулни таништирди. Кейин юмшоқ бахмал кўрпача ёзиб аввал эрини, кейин меҳмонни таклиф қилди. – Юз фоиз овоз беришди қизингизга, дадажониси. Сизни ҳам табриклайман! Эрта-индин куёвингиз билан сизни кўргани ўзлари келиб қолишади. Устозлари ҳам қизингиздан жуда миннатдор!
– Э, раҳмат, сизга аяси. Бу гапларингиз билан мени даволаб қўйдингиз. Қизимиз аясининг худди ўзи-да! – Акбар ака Моҳигулга мақтанди.
Хоним опа “Мен ҳозир!” дея кийимларини алмаштириб чиқди. Ва чой дамлашда ҳам, овқатга уннашда ҳам аввало эрининг раъйини сўради, кейин меҳмоннинг. Таом келтиришдан олдин қўлида обдаста, билагига оппоқ сочиқ ташлаб олиб эрининг қўлига сув қуйди. Унинг тавозе билан эрига хизмат қилишлари, уйда оддий бекага айланиб қолгани Моҳигулга таъсир қилди. “Мен ҳам Баҳром акамга шундай хизмат қиламанми?” дея ўзини сўроқлади. Лекин дадил “Ҳа!” дея олмади.
Ош-овқатдан кейин икки аёл холи ўтириб суҳбат қуришди. Хоним опа икки гапнинг бирида “Дадажониси билан бамаслаҳат”, “Дадажонисининг дилига йўл топиб” каби жумлаларни такрорлар, гўё бу аёлнинг барча ютуқлари, эмин-эркин ишлашлари эрининг ризолиги, эрининг йўл-йўриғи, маслаҳати билан боғлиқ эди.
– Гапларингизни тинглаб, сизга жуда ҳавасим келди, опа! – деди Моҳигул хўрсиниб. – Мен… Мен эсам Баҳром акам рози бўлмасалар ҳам йўлга чиқиб келаверганман. – Моҳигулнинг овози титраб кетди. Хоним опа қизга “ялт” этиб қаради.
– Нима учун рози бўлмадилар? – сўради опа.
– Билмадим… Ишхонада менга “Ижодий сафарга борасизми? Фермер аёл ҳақида мақола жуда зарур!” дейишса, “Бўпти, шу бугуноқ йўлга чиқаман”, деб юбордим ҳаяжонланиб. Ахир, мен йўл юргим, сиздек аёлларни учратгим, ёзгим келган эди. Кейин уйга келгач, шундай, шундай, мен сафарга кетяпман, десам… Баҳром акамнинг жаҳли чиқиб кетди. Бормайсан, дедилар. Бунақа бўлади деб ҳеч ўйламагандим. Чунки Баҳром акам касбим билан боғлиқ вазифаларни тушунадилар, гапимни ерда қолдирмайдилар, деб ишонгандим.
– Ҳмм, шундай денг… – Хоним опа бош чайқади. – Сиз хато қилибсиз, қизим. Ёшсиз-да! Ҳали сиз турмушнинг аччиқ-чучугини тотиб кўрмагансиз. Сиз аввало, эрингизнинг розилигини олишингиз, ишхонангиз таклифини Баҳром акангиз билан бамаслаҳат ҳал қилиб олиб, кейин уларга розилик билдиришингиз керак эди. Эркакларнинг ўзига хос ғурури бор. Биз аёллар бир ишга қўл уришдан олдин, албатта, эрларимизнинг фикрини сўрашимиз, мақсадимизни ётиғи билан тушунтиришимиз зарур. Ўзимизни бироз хокисор тутиб, яхши гап билан сўрасак, йўқ дейишмайди. Ҳа, қизим, бундан буён ҳар доим эрни рози қилиб, унинг дуосини олиб, кейин йўлга чиқинг. Сиз эса масалани ўзингиз ҳал қилиб олиб, кейин томдан тараша тушгандек эълон қилгансиз. Бундай ўзбошимчалик эркакларга ёқмайди.
– Энди нима қиламан?
– Нима қилардингиз? Боргач, кечирим сўрайсиз. Хатоларингизни тан оласиз.
– Мени кечирармиканлар-а?
– Кечиради, агар севса, кечиради.
Моҳигулнинг дили бироз ёришгандек бўлди-ю, энди у қизчасидан хавотир ола бошлади. Дилбар кечаси билан хархаша қилган бўлса-я. Кийимларини топиб кийдирдилармикан? Бугун боғчага бордимикан? Баҳром акам ишдан қолиб кетмадимикан? Ишқилиб, тинч бўлишсин-да.
Моҳигул яна ишга киришди. Ёндафтари саҳифалари тўлиб-тошди.
– Эрта билан менга далангизни кўрсатасиз, опа! Тўғри, кундузи айландим, кўрдим. Қизларингиз билан суҳбатлашдим. Лекин сиз билан дала кезиш гашти бошқача, деб ўйлайман. Кейин мен енгил машинада бўлса-да, Тошкентга жўнайман. Эртагаёқ кечгача уйга етиб бориб, қизчамни, Баҳром акамни кўрмасам бўлмайди!
– Жуда яхши. Биз аёллар ҳаммасига улгуришимиз керак. Моҳигул қизим, лекин шу шарт билан жавоб бераманки, яна келасиз. Хотиржам ҳолда, Баҳромжондан оқ фотиҳа олиб!..
Икковлари ҳам кулиб юборишди…
26-4 копияКеч хуфтонда Тошкентга етиб келиб, эшик қўнғироғини босаркан, Моҳигул энтикиб кетди. Ичкаридан шошқин оёқ товуши-ю, Баҳромнинг “Ҳозир” деганини, қизчасининг “Аям, аям” деган қўнғироқдек овозини эшитиб йиғлаб юборай деди. Томоғига нимадир тиқилди. Эшик очилиб, бўсағада Баҳромнинг хиёл қош чимириб турганини кўрди-ю, шошилиб унга салом берди.
– Баҳром ака… Мени кечиринг! – деди Моҳигул ҳали остонадан ўтмаёқ хокисор бир овозда. – Илтимос, кечиринг! Мен бундан кейин сиздан бемаслаҳат бирон ишга қўл урмайман, ҳеч қаёққа бормайман. Ёшлик қилдим, кечиринг! – унинг кўзлари жиққа ёшга тўлди.
– Бўпти, киринг, уйга! – Баҳром хиёл жилмайиб, эшикни катта очди. Қўлидан лаш-лушини олди. Кейин у ичкарига кираркан: – Дилбар, аянг келди! – деди алланечук тантанавор оҳангда.
Моҳигул уйига учиб кирди-ю, қизини бағрига олди. Худди бир йил кўрмагандек энтикиб ўпиб-ўпиб тўймади. Унинг бетиним оқаётган кўз ёшлари юзини ҳам, дилидаги ғуборини ҳам ювар эди.

Санъат МАҲМУДОВА

Ўқиганлар сони: 499