10.12.2018
Домой » Саодат журнали » Наср » МУНГЛИ КЎЗЛАР

МУНГЛИ КЎЗЛАР

11111Кузнинг изғиринли кунларидан бири. Ёмғир шивалаб ёғар, дарахт шохларидан чирт-чирт узилаётган япроқлар замин узра пояндоз янглиғ тўшаларди. Мен совуқдан этим жунжикиб шаҳар кўчаларини кезиб уй излаб юрардим. Эрталабдан буён қанча мавзеларни кездим-у, бироқ кўнглимга ёқадиган бирор уй тополмадим. “Ичкарироқда бўлса-да, анави уйнинг балконлари каттароқ кўриняпти. Ғиштли иморат шекилли, бориб кўрай-чи”, дедим кўп қаватли уйлар оралаб борарканман. Шунда дафъатан, қалқиб кетдим-у, чалқанча йиқилишимга оз қолди. Оёғим лойли йўлакда сирпаниб, чуқурчага тушиб қолганини англагунимча кимдир ортимдан югурганча келиб, қўлларимдан тутди.
– Ёмон тушмадингизми?..
– Э, яхшигина “тушишимга” қўймадингиз-ку! – Ҳимоячим ўспирин йигитча эканини кўриб, негадир ҳазиллашгим келди. – Индамай турганингизда, ёмон тушганимни маза қилиб томоша қилардингиз-да.
Ўспириннинг юзига табассум югурди. Бироқ кўзлари…
– Ўлибманми?.. Кеча шу жойда мен ҳам йиқилгандим. Бу ёмғир ҳам сира тинай демайди. Бўлмаса-ку, аллақачон чуқурчани тупроқми ё тош-пошлар биланми, тўлдириб қўйган бўлардим, – деди у катталардай мулоҳаза юритиб.
– Ота-онангизга раҳмат! Сизга яхши тарбия беришибди. Исмингиз нима?
Оёғимни чуқурчадан чиқариб олишга ҳаракат қиларканман, йигитчанинг юзини мендан терс ўгирганини сезиб қолдим. Уринишларим зое кетди, яна лойда тойиб кетдим.
– Ҳой, яхшиликни охиригача қилмайдими одам? – дедим мендан тобора узоқлашиб бораётган боланинг ортидан бақирганча. У тўхтади. Иккилангандай бироз туриб қолди-да, сўнг мен томонга юзини бурди. Нигоҳларимиз тўқнашди…
Унинг мунгли кўзлари қизариб, намланганди. “Бу нигоҳларга қаердадир дуч келганман. Лекин қаерда? Мен нима дедим, нима қилдимки, хафа бўлди? Нега кўзларига ёш қалқди?..” Миямда ғужғон кезаётган саволларга жавоб тополмасдим.
Йигитча ёнимга келиб менга қўлини узатди, унга суяниб, ўзимни ўнглаб олдим.
– Исмингизни айтмадингиз…
– Азиз.
– Ҳамиша элда азиз бўлиб юринг. Раҳмат сизга.
Ундан миннатдор бўлиб яна нелардир дедим. Азизнинг юзига маҳзунгина табассум югурди. Мен табассумининг маъносини ўзимча тушундим.
– Кампирларга ўхшаб намунча саннайсан, демоқчимисиз?
– Унчаликмас… – кулимсиради болакай.
Ижодкорлигим “тутдими”, билмадим, негадир у билан яқинроқ танишгим, бу кўзлари мунгли йигитча ҳақида кўпроқ билгим келди.
– Биласизми нима, мен эрталабдан буён туз тотмадим. Йўқ демасангиз, анави кафега кириб, иссиқ кофеми, чойми ичиб, ул-бул еб олсак, нима дейсиз?
– Майлику-я, лекин мен мактабдан қайтаётгандим, кечиксам хавотир олишади.
– Ойингизга, лойга йиқилаётган бир опани қўлидан тутиб қолувдим, мени кофе билан сийлади, дерсиз.
У аламли нигоҳини менга қадади. Сўнг бошини қуйи эгганча шивирлади: “Ойим йўқ. Мен анави ерданман”.
Бола қўли билан ишора қилган томонга қарадим. Уй топиш илинжида қаерларга келиб қолганимни энди англадим. Азиз тарбияланаётган бу Меҳрибонлик уйига икки-уч йил аввал ҳам келганимни эсладим. Бу Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг ҳаёти ҳақида лавҳа тайёрлаш ниятида мазкур муассаса раҳбари ҳамда тарбиячиларидан интервью олгандим. Сўнг болалар билан ҳам суҳбатлашиш учун рухсат сўрадим. Рози бўлишди. Тўп-тўп бўлиб неларнидир баҳслашаётган, бир-бирига гал бермай чуғурлашаётган болалар томон борарканман, уларнинг эътиборини тортганимни сездим.
– Нимага келдингиз? – Мен томонга югуриб келаётган қизалоқнинг баланд овозда берган саволини ҳамма эшитди, назаримда. Дафъатан атрофга жимлик чўкди. Менга саволомуз нигоҳ билан қараб турган болаларга тушунтира бошладим:
– Мен журналистман, сизлардан интервью олмоқчиман, майлими?
– Э-э, телевизорга чиқамизми? – сўради ёнимга югуриб келган 6-7 ёшлар чамасидаги қизалоқ ва негадир мени қучиб олди. – Менинг исмим Малика, биринчи бўлиб мен гапирай!..
– Майли, фақат аввал бирор жойга ўтириб олайлик, – деганча атрофга алангладим.
Тарбиячи бизни бир хонага бошлади. Стуллардан бирига ўтиришим билан болалар атрофимни қуршаб олишди.
– Нимани гапирай? – сўради ҳамон қўлларимдан маҳкам ушлаганча Малика.
– Бу ерга қачон, нима сабабдан келиб қолгансиз? Ота-онангизни эслай оласизми? Аввал шулар ҳақида гапиринг.
Кутилмаганда ўсмир ёшидаги йигит-қизлар индамайгина хонадан чиқиб кета бошлашди, атрофим бўшаб қолди. Уларнинг ортидан қараб турганимни кўрган тарбиячи изоҳ берди:
– Болаларимизнинг кўпчилиги ота-онасини эслолмайди. Баъзиларини чақалоқлигида эшигимиз ёнига ташлаб кетишган. Мана, ажойиб йигит-қизлар бўлишди, буларга қараб кўзимиз қувнайди. Аммо биз қанча меҳр кўрсатмайлик, болаларимизнинг қорни тўқ, усти бут бўлмасин, уларга ота-она меҳри, оила тафти етишмайди.
– Демак, бу ерда фақат саволимга жавоб берадиганлар қолишибди-да, шундайми? – сўрадим овозимга кўтаринки тус бериб тарбиячининг гапларини эшитиб хомуш тортиб қолган болалар кайфиятини бироз кўтариш илинжида. Ёнимдаги 10-12 ёшли ўғил-қизларга “жон кирди”, гўё. “Ҳа!” дейишди улар баралла жўровоз бўлиб.
– Ундай бўлса, бошладикми, Маликажон? – дедим чап ёнимда ўтирган қош-кўзлари қоп-қора, истараси иссиққина қизалоққа юзланиб. Бу қизча мени нимага шу қадар ёқтириб қолди, билмадим, гап бошлашидан аввал мени яна бир бор маҳкам қучиб олди, сўнг пешонасига тушиб турган сочларини текислаган бўлиб, ҳикоясини бошлади: “Менинг исмим Малика, саккиз ёшдаман. Бу ерга келганимга 4 йил бўлди. Аввал биз дадам, ойим, акам – ҳаммамиз бирга яшардик. Кейин дадам кетиб қолди. Ойим бизни боқишга қийналди. Кейин у акам иккимизни тоғамникига ташлаб, узоққа кетди. Бироздан сўнг тоғам бизни бувимникига олиб бориб қўйди. Бувим қари эди, ўлиб қолди. Сўнг ойим бошқа шаҳардан келиб бизни бу ерга олиб келди. Йўқ, биз бу ерда бутунлай қолиб кетмаймиз, ойим, албатта, бизни олиб кетади, ўзи айтган”.
– Ойингни эслай оласанми?
– Ҳа, ойим ҳаммадан чиройли! Кўзлариям, юзлариям, сочлариям… жуда гўзал! Ойижоним бизни яхши кўрадилар-у, ҳозир келолмаяптилар-да. Балки, адашиб қолгандирлар… Э-э, йўқ, айтмоқчийдимки, кўп пул топсалар, кейин бизни олиб кетадилар. Рост, айтяпман, албатта, олиб кетадилар! – Малика кимгадир гапларини тасдиқлатмоқчи бўлгандай, атрофга жавдиради.
– Ҳа, кутавер, олиб кетади! – Орқароқдан ўғил боланинг кесатиқли овози эшитилди.
– У менинг акам, – бизга таништирди орқароқда турган ўспиринни Малика ва илтижоли қиёфада унга юзланди. – Ахир, ўзингиз айтувдингиз-ку… – Кўзлари ёшланди қизалоқнинг. Акаси синглисининг ёнига келиб уни бағрига босиб юпатган бўлди ва алам билан деди:
– Турли баҳоналар билан фарзандларини тирик етим қилиб ташлаб кетаётган ота-оналарга менинг айтадиган гапим бор! – сўз бошлади болакай ёшига мос бўлмаган жиддий қиёфада.
– Гапир, – дедим секингина…
Мен ўз саволларим билан мурғак қалблар ярасини тирнаб қўйишим мумкинлиги ҳақида аввалроқ ўйламаганимдан афсусландим. Бироқ энди кеч. Майли, юракларини ўртаётган сўзларини айтиб олишларига имкон берай. Балки, бу ҳам яхшиликкадир, дея оқладим тутган йўлимни. 10-11 ёшлар атрофидаги бола кўзларини юмганча маъюс шеър ўқий бошлади:
Оналик меҳри унда йўқ сира,
Мени туққанга бир сўзим бор.
Гарчи унга қаттиқ ботса ҳам
Бу сўзни айтишга қилдим қарор:
– Бир лаҳзалик роҳатинг ўйлаб,
Мени бахтсиз қилиб яратдинг.
Кўзимдан ёш тўкиб йўлингга,
Зор, интизор қаратдинг.
Мурғаккина гўдак уволи,
Бир кун келиб тутмасми сени?
Тирноғимга зор бўлиб кейин,
Ахтариб юрмасмисан мени?!
Қофиясию оҳангларида нотугаллик бўлса-да, чин юракдан чиққаниданми, шеър ниҳоятда таъсирли эди. Кўз ёшлари юзларидан шашқатор оқаётган болакайнинг кўзларига кўзим тушди.
Воҳ, бу изтиробли нигоҳларга дош бермоқ нақадар оғир!.. Ҳаётнинг пасту баландини барвақт англаб етган, ёш боладай эмас, катталардай мулоҳаза юритаётган, эрта улғайиб қолган бу болакайларнинг гуноҳи нима? Нега падари бузруквору муҳтарама дея улуғланадиган айрим ота-оналаримиз мурғаккина гўдакларига бу қадар оғир қисматни раво кўришади? Гўдаклигиданоқ кўнгли синиқ улғайган боланинг тақдири қандай кечади? Нега катталарнинг гуноҳи учун фарзандлар азоб чекиши, юраги хун бўлиши керак?! Саволлар кўп, жавоб эса йўқ…
…Мана, ўша воқеага ҳам икки йилдан ортиқроқ вақт ўтибди.
– Азизжон, сизнинг Малика исмли синглингиз борми? – сўрайман чеҳраси жуда таниш туюлаётган боладан.
– Э-э, сиз ўша журналистмисиз? Кўзимга нега бу қадар иссиқ кўринаяпсиз, деб ҳайрон бўлаётгандим! Ўшанда “Маликажон” деб синглимни эркалаганингиз менга жуда ёққанди, – деди ўспирин ҳам нималардир ёдига тушганидан қувониб.
Биз эски қадрдонлардек қайтадан қўл бериб сўрашдик.
– Азизжон, ўша пайтдаги орзуйингиз ўзгармадими? – сўрадим мўйлови сабза уриб қолган ўспириндан. У бош чайқади.
– Йўқ, ўзгармади. Ҳали ҳам учувчи бўлишни орзу қиламан. Худо хоҳласа, албатта, осмонларда учаман! Мана кўрасиз, Ўзбекистоннинг энг катта самолётини бошқариб, дунёнинг турли мамлакатларига бораман!
– Ниятингизга етинг! Яхши ният – ярим давлат, Азизжон.
– Раҳмат, опажон! Маликага айтган гапингиз эсингиздами? “Албатта, ойинг келиб сени олиб кетади. У сени жуда соғинган. Сендай чиройли, ақлли, одобли қизчани унутиб бўладими?”, дегандингиз. Айтганингиз бўлди: ойим келди, Маликани олиб кетди. Мен эса қолдим. Чунки синглим иккимизнинг азоб чекишимизга сабабчи бўлгани учун ойимни ҳам, адамни ҳам кечиролганимча йўқ!..
– “Одобни кимдан ўргандинг, дейишса, одобсиздан”, деб жавоб беришган экан. Кўнгли тоза, беғубор инсонлар учун ҳар қандай риёзат ҳам, разолат ҳам ҳаёт сабоқлари вазифасини ўтайверади, Азизжон! Кўргуликларингиз сиз учун бир сабоқ бўлсин. Ҳаёт йўлларингизда фақат яхшиларга эргашинг, яхшиларга ёндашинг, яхшилардан ўрганинг…
Азизжон билан узоқ суҳбатлашдик. Мулоқотимиз давомида шунга амин бўлдимки, тақдир тақозоси билан Меҳрибонлик уйига келиб қолган болаларнинг юраги аввалига алам ва изтиробга тўлади. Ўзлари тушиб қолган ҳаётий фожиалар гирдоби ҳамда “Нега айнан мен?!” деган савол уларни туну кун қийнайди. Тарбиячиларнинг, қолаверса, норасидалар тақдирига бепарво бўлмаган инсонларнинг меҳр-муҳаббати, саховати муз қотаётган мурғак қалбларни секин-аста эрита бошлайди. Албатта, бу болаларга болаликларини қайтариш осон иш эмас… Бироқ Меҳрибонлик уйи раҳбарияти, тарбиячилар ҳамда руҳшуносларнинг ҳамжиҳатлик билан олиб бораётган саъй-ҳаракатлари ўз маҳсулини бермоқда. Мазкур даргоҳни тарк этиб, катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган иқтидорли, истеъдодли йигит-қизларни кўриб, уларнинг ёрқин келажагига ишонгингиз келади.
Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, биз истеъдодли, фидойи болаларимиз, фарзандларимизга билим ва касб чўққиларини забт этиши учун қанот беришимиз керак.

Гулчеҳра МУРОДАЛИЕВА

Ўқиганлар сони: 515