16.06.2019
Домой » Гулчеҳралар 2014 сонлари » 6-сон » Оилада гўдак туғилди…

Оилада гўдак туғилди…

Яқинда жиянли бўлдим. Қизалоқ. Миттивойнинг туғуруқхонадан чиқишига зарур кийимлар хариди учун онам билан бозорга тушдик. Болалар кийимлари сотиладиган расталар оралаб юрарканмиз, овози жарангдор сотувчи аёлнинг саволи эътиборимни тортди: – Кимга кийим қараяпсиз, куёвликками, келинликками? Онам гап нимадалигини тушунолмай, хижолатомуз:– Келин ёки куёвга эмас, чақалоққа, – деди. Мен бўлсам, бу аёл адашяпти, чақалоқлар кийими сотиладиган бўлимда келин-куёвлар кийимлари нима қилади, деган фикрни хаёлимдан ўтказдим.Аёл гап авжини янада баландроқ олди: – Мен ҳам шуни айтяпман-да, қиз бола чақалоқларга келин кўйлаклар, ўғилларга куёв либослар бор. Тавба, қайси замонда яшаяпсиз ўзи? Ҳозирги вақтда чақалоқнинг сарпоси шу билан безалади-ку? Жимитдеккина ‘‘келин кўйлак’’ни кўриб ҳайрон бўляпсиз, чоғи. Сиз буни яхши ният билан харид қилинг. Туғуруқхонадан чиқаётганда кияди. Кейин ўзимга олиб келсангиз, ‘‘прокат’’ га қўйиб бераман… У кийимни қўлига олиб, мақтай кетди. (Ҳақиқатан ҳам, у кўрсатган либосларнинг ҳар иккиси жуда ҳашамдор бўлиб, турли безаклари кўзингизни оларди.) Ҳайрон бўлдим,  чақалоқларнинг гулдан нозик терисига озор етказадиган сунъий матодан тикилган бу ҳашамдор либосларнинг кераги бормикан? Шифокорлар чақалоқ бир ёшга тўлгунга қадар унга  фақат тоза табиий матодан тикилган либослар кийдиришни маслаҳат беришади. Бу боланинг жисмонан ва ақлан ривожланишига, эркин ўсишига замин яратади. Шунингдек, бозордан харид қилинган кийимни аввало хўжалик совунида ювиб, кейин болага кийдиришни ҳам тавсия этишади. Шу ўринда туғуруқхонадан чиқаётган ёш оналар хусусида ҳам бироз фикрлашмоқчи эдик. Кечагина фарзандини неча минг томирлари ичидан, неча суякларининг тортишувидан дунёга келтирган, аъзойи баданининг жароҳатлари тўлиқ битмаган аёлларнинг туғуруқхонадан гўзаллик салони хизматидан сўнг уйга кетишлари нимаси? Икки йўлнинг орасидан дунёга қайта келгандек бўлган аёлларга бувижонларимиз иссиққина аталани бежизга ичиришмаган. Унга иссиқ  кийинишни маслаҳат беришган. Бугун баъзи аёлларимизнинг кўйлаги белини аранг ёпади, шакл бағоят гўзал, мафтункор. Аммо ана шу ўзини ниҳоятда эҳтиёт қилиши зарур бўлган даврдаги ўз-ўзини кўз-кўз этиш кейинги соғлом авлодларнинг дун­ёга келишида салбий ўзгаришларга сабаб бўлмасмикан?  Чилла даврида эҳтиётини қилмаган онада турли  касалликлар кузатилмайди, деб ким кафолат беради?! Қайнона, оналар қаерга қарашяпти? Наҳотки “орзу-ҳавас”ни деб ўзлари ўтирган шохга болта ураётганларини билишмаса?!     Мен яқинда бир бешик тўй маросимида қатнашдим. Болани бешикка солиш каби маросимлар азалдан ўтказилган. Аммо ҳали бир парча гўшт бўлган чақалоққа атаб бешик тўйлари ўтказиш тўғримикин?  Чилла даврида шифокорлар ёш оналарга парҳез таомлар тавсия қиладилар. Тоғорада неча хил сархил таомлар олиб бориб, кейинчалик улардан қизим тотинмади, дея қудалар орасидан гап-сўз ўтганига  нима дейсиз?    Бу жараёнлар чилла давридаги онанинг руҳий тинчлигини бузади, кўнглини ғашлик чулғаган онанинг сутини эмган бола руҳий ва жисмоний жиҳатдан  мукаммал ривожлана олмайди. Ҳолбуки, чилла даврида покизаликка эътибор қаратилса, осойишталик сақланса, она учун ҳам, бола учун ҳам фойдадан холи бўлмайди.

Навбаҳор РАҲМОНОВА, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси.

Ўқиганлар сони: 697