10.12.2018
Домой » Гулчеҳралар » Она қалби (ҳикоя)

Она қалби (ҳикоя)

Мехри буви копия– Менга қаранг, адаси, “Ҳовли оламан”, деганингиз деган. Қачон оласиз ўша ҳовлини? Қачонгача онангизнинг қош-қовоғига қараб яшайман. Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим-ку, ахир. Ортиқ чидолмайман энди. Ҳаммага ўхшаб яшагим келади мениям…
Хотинининг тўхтовсиз жаврашидан Толибжоннинг асаби бузилди:
– Нима қил дейсан? Онамни ҳайдаб юборишимни истайсанми?
– Ҳайданг деётганим йўқ. Уй олинг, чиқиб кетайлик, деяпман, –деди Саломат эрини юмшатишга уриниб.
– Онам сенга нима ёмонлик қилди? Нега дабдурустдан “кетаман”га тушиб қолдинг? Кенжа ўғил бўлсам, қариган чоғида ёлғиз ташлаб-а?..
– Нима қилсам ҳам онангизга ёқмайди. Ўз боламни ўзим койий олмасам, овқатим сал кечикса ҳам гап эшитсам, буни ундоқ қилманг, уни бундоқ қилманг… Эй, гап кўп, ўтиришимдан туришимгача насиҳат. Бошқа уй олмасангиз, ота-онамникига кетаман.
Хотинининг гаплари Толибжонни ўйлантириб қўйди. Онасини қаерга олиб боради? Чўнтагида ҳемири бўлмаса, қандай қилиб уй олади?
Ўғли хаёл дарёсига ғарқ бўлиб турган бир пайтда Меҳри буви эшитганларини мулоҳаза қилаётган эди. “Қандай қилса, болалари тинч яшайди? Ахир насиҳат қилсам, яхши бўлсин деб қиламан-да! Болаларинг оч қолмасин, соғлом ўссин, соатлаб валақлашиб ўтирадиган бекорчи аёлларга қўшилма, дейман!”
Шу куни эрталаб Меҳри буви нонуштага чиқмади. “Уч-тўрт кун бошқа болаларимникида айланиб келсам, келиним анча ҳовуридан тушиб қолармикан”, – дея ўйлаб, азонлаб катта ўғли Солижонникига йўл олди.
Солижон ҳар ҳолда тўнғичи. Келини ҳам ёмон эмас. Катта қизини турмушга узатган. Қуда кўриб, инсон қадр-қимматини тушунадиган бўлиб қолган.
Қишлоқ этагидаги адир ён-бағрида жойлашган ҳовлига кириб келганида эр-хотин гаплашиб ўтиришар, болалари ўйнаб юришганди.
– Ия-ия, келинг. Қандай шамоллар учирди, онажон, – Солижон шошиб, онасига пешвоз чиқди.
– Келинг, – дея Саодатхон ҳам қайнонаси қўлидаги тугунни олди. – Хизрни йўқласак бўлар экан, бугун-эрта хабар олиб келсакмикин, деб турувдик.
– Ўзим кела қолдим, – деди буви йиғламоқдан ўзини аранг босиб тураркан. – Яхши ўтирибсизларми? Кумушой тузукми?
– Ҳаммалари яхши, – деди Саодат. – Овсиним, қайним, болалари яхши юришибдими?
Бувилари келганидан болалар хурсанд, роса яйрашди. “Бувим билан мен ётаман”, дея талашганлари-чи…
Орадан бир ҳафта ўтгач, кечки овқатдан сўнг буви: “Мен ёта қолай. Шу бугун этим увишиб турибди”, – деди-да уйга кириб кетди…
Саодат зўрға чидаб турган эканми бошлаб қолди:
– Онангиз нега келганларию кетмаётганликлари сабабини билиб келдим.
– Сабаби нима экан? – сўради эри ҳайрон бўлиб…
– Онангиз ҳам қизиқ-да, нима қилади келиннинг ишига аралашавериб? Қариганимда қоровул кам эди менга…
Саодатнинг заҳарханда гаплари жаҳлини чиқарган Солининг қўллари мушт бўлиб тугилди. Ўйлаган ўйининг охирига етолмай, нима қилишга ҳам боши қотганди: “Ҳақиқатан ҳам онамнинг тиниб-тинчимас феъллари бор-да. Олдига қўйилган овқатини индамай еб ўтираверсалар нима қиларкин?”
Буви эрталаб ўғли ва келинининг гап-сўзларидан ўзини ноқулай сезди.
– Онажон, кўчада Толибни кўрувдим. Сиздан анча хафа бўлди, – деди Солижон. – Бир оғиз айтмай кетиб қолибдилар. Роса ташвишландик, дейди. Сиз ҳам ажойибсиз-да, ўшаларнинг айтганига кўниб ўтираверсангиз нима қилади. Эшикма-эшик юришингиз нимаси, онажон?
– Агар керак бўлганимда, уканг йўқлаб келган бўларди. Келин менга аччиқ қилиб боласини урса, сўкса, менга-ку майли, кўчада соатлаб ўтириб, болаларига тузукроқ овқат қилиб едирмаса. Мен ҳовлини ишини қил, демаяпман, ўзим кучим етганича амаллайман. Болаларингга қара, касал бўлишмасин, дейман, холос…
– Аралашманг, – гапга қўшилди Саодат. – Билганини қилсин. Нима қилса, ўзининг боласи.
Меҳри буви мижжаларига қуйилган ёшни рўмолининг учи билан артди.
– Невараларимга ачинаман-да ахир, кичиги уч марта сариқ бўлди, каттаси тинмай йўталади. Соғлом, бақувват бўлсин, дейман-да…
– Онажон, кетинг деяётганим йўқ, бу ер ҳам уйингиз. Лекин маҳалла-кўй сизни кетиб қолибди деб эшитса, Толибжоннинг шаънига яхши гап бўлмайди-да.
Буви шундоқ ҳам эр-хотиннинг кўз уриштиришларидан ҳамма гапни тушуниб турарди, шунинг учун болаларга гапи ортиқчалигини сезди-да, дастурхонга фотиҳа ўқиб, ўрнидан турди.
– Кечроқ ўғлингиз ташлаб келардилар. Аввал овқат қилай, еб кетасиз…
Саодат ўзини меҳрибон қилиб кўрсатишга уринмоқчи эди.
– Йўқ, болам, қўшганинг билан қўша қаригин. Болаларингнинг роҳатини кўр. Мен борай энди. Сафарим қарибди, чоғи…
Меҳри буви уйига қайтмади. У қўшни қишлоқда яшайдиган ўртанча ўғлиникига қараб йўл олди. Каримжон ўша томондан ер олиб, фермер хўжалиги билан шуғулланади. Меҳри буви ўз хаёллари билан тасмадек йўлда илдамлаб борар экан, ўғлига нима дейишини миясида пишитиб борарди. Борса қараб ўтирмай, даласига қарашади. Ҳамма гапни айтса, уни тушунишар…
Буви етиб келганда кун чошгоҳга оққанди. Буғдойзор оралаб юрган ўғли Каримжон онасини кўриб, ўқариқ бўйлаб тез юриб кела бошлади:
– Тинчликми, онажон! – ташвишланиб сўради ўғли онасини уйга бошларкан.
– Тинчлик, болам, тинчлик. Бир кўриб кетай деб келдим, болаларингни соғиндим…
– Шунча йўл босиб, қийналибсиз-да. Толибга машинада ташлаб қўй демадингизми?
– Билмадим, болам. Униям иши кўп… Хотининг кўринмайдими?
– Сувга кетди. Ичгани тоза сув қолмабди…
Каримжон онасини дала бошидан кўриниб турган чоғроққина уй томонга бошлади. Онасининг ёнбошига ёстиқ қўйиб, “Бирпас чўзилинг. Ҳозир чой ҳам қайнаб қолади”, – деди.
Бир бошдан укаси, келини, жиянларини, маҳалла-кўйни сўради. У ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришди. Буви негадир ўзи ҳақида гап очишни сира истамади.
Шу пайт пақирда сув кўтариб келини кирди.
– Ия, хуш келибсиз, ойижон! Тузукмисиз? Сиздан хабар ҳам ололмаяпмиз, даланинг иши сира тугай демас экан-да.
– Сизларни кўргим келди…
Қани энди бор гапни айта олса, юрагида пайдо бўлган жароҳат кенгайиб, ичи зардобга тўлиб бормоқда эди.
Буви шу тобда ёлғизланиб қолган, ҳеч бир боласи уни тушунмаётганлигидан ўксинаётган, ўзини ҳатто шу ўғлининг уйида ҳам ортиқча, бегонадай сезаётганди. Ё одам қариганда бола-чақага ортиқчалик қилиб қолармикан-а?
Келини Манзура узатган чой бувининг муздек қўлларига бир сиқим қайноқ меҳрдек туюлди.
– Нондан олинг, ойижон… Толибжон саломат юрибдиларми? Болалари-чи? Саломатхон келмадими?
Саволларга худди уйдан келаётгандек жавоб берди буви.
Дастурхон йиғиштирилгач, буви ёнбошлаганича ухлаб қолди. Етмишдан ошган одамга бир қишлоқдан иккинчи қишлоққа пиёдалаб етиб келиш ҳазил гапми?
Каримжон ўрнидан туриб, “Картошкага сув қўяман. Сен ошга урин. Онамни биласан-ку, дарров кетаманга тушиб қоладилар”, – деди-да чиқиб кетди.
Ош ейилгач, Манзура гап бошлади:
– Ойижон, бугун кеч бўлди, қолаверинг. Уйда нимаям иш қилардингиз.
– Қоламан, қизим. Эр-хотин даланинг ишини қилсанглар, овқат-озиққа қарашиб тураман. Ҳали куч-қувватим бор, дала ишларига ярайман.
– Майли, ойижон, иш қилмасангиз ҳам болаларга кўз-қулоқ бўлиб турсангиз бўлди…
Буви куз келиб, ҳосил йиғиштирилиб, уйга ташиб келтириб олингунча рўзғор ишига қарашди.
Уларга ёрдами тегаётганидан, келини, ўғлининг хатти-ҳаракати, сўзларидан, ўзига нисбатан ножўя муносабатни сезмаётганидан хурсанд эди.
Аммо кунларнинг бирида ҳовлида куймаланиб юрган Меҳри буви эр-хотин суҳбатини эшитиб қолди.
– Нима бало, ойим энди доимий бизникида туради, шекилли. Кетаман деб оғиз ҳам очмаяпти, – деди Манзура.
– Юрсалар юрибди-да, қайтага сенга дастёрлик қиляпти-ку. Болалар ҳам уззукун бувиси билан. Анчагина ишдан енгилладинг.
– Майлику-я, катта ҳовлининг даромадини еб, укангиз юрсин. Саломатой юрсинлар керилиб. Биз янги ҳовлида ўлиб-тирилиб меҳнат қилиб, уй қилай, жой қилай деб умримиз ўтсин, ҳам онангизниям қўшиб боқайликми? Гаплашинг. Агар биз билан яшайдиган бўлсалар, у ҳовлини сизнинг номингизга ўтказиб берсин. Ойимнинг ҳовлисида ўтиришади-ю, ўзларини боқишмайдими? Айтинг, улар бу ерга кўчсин…
Каримжон бу гапни онасига айтиш мавридини тополмай кунни кеч қилди.
Буви намозини ўқиб, эндигина ўрнига ётмоқчи бўлиб турган эди, Каримжон томоқ қириб кириб келди.
Буви ўғлининг нима ниятда кирганлигини билса ҳам сездирмади.
– Кел, ўғлим, нима гап?
– Тинчлик, ойи…
Буви ўғлининг сўз очишга қийналаётганини сезиб, деди:
– Каримжон, ҳаммасини эшитдим, болам… Уканг кўнади деб ўйлайсанми? Худонинг буюргани бўлар, болам. Сиқилма, бир оёғини гўр тортиб турган бу қари, бедаво онангни деб, ака-ука сен-менга борманглар… Сеникида шунча кун турдим. Берган нон-тузингга рози бўл. Эсон-омон тонг отса, эртага уйимга кетаман.
– Онажон, кетгингиз келмаса, шу ерда тураверинг. Келинингизга мен тушунтириб қўяман, у-бу дермиди?
– Майли, болам, ётиб дамингни олавер-чи, тонг отса кўрармиз…
Буви азонлаб йўлга тушди. Йўл-йўлакай тўлиб-тўлиб йиғлаб олди. “Аслида кўнгилнинг бу қадар нозиклиги ҳам бўлмас экан, – ўйлаб борарди у. – Ахир болаларим ёмон эмас, ҳаммаси ҳам ақлли, ҳушли, меҳнаткаш. Лекин, барибир, онамнинг кўнглига ботадими, йўқми, демай гапириб қўйишади…”
Олис йўлни пиёда босиб келган Меҳри буви толиққан, очиққан эди. Бувижонларининг келганини кўриб набиралари чопқиллашиб келишди. Набираларини бағрига босиб, тўйиб ҳидларкан, зимдан ҳовлига бир қур назар солди. Келинидан ҳадеганда дарак бўлавермади.
– Сув олиб келгин, болам…
Ошхонадан келинининг овози келди:
– Ҳа, шунақа, бошқа ўғиллариникига сиғиб бўпти.
Бувининг томоғига аччиқ бир нарса қадалди. Кун бўйи уйдан чиқмади. Юраги негадир безовта бўлар, оёқ-қўллари жимирлар, бошида оғриқ пайдо бўлганди: “Ахир, мен болаларимга ёмонликни раво кўрмайман-ку, нега энди…”
Адоқсиз армонлар гирдобида қолган Меҳри бувининг ҳасратли хаёлларини Толибжоннинг қадам товушлари тўзғитиб юборди.
– Нега овқатлангани чиқмадингиз, ойи?
– Келдингми, болам?
– Шунақасиз-да ўзи, иззатталаб… Кейин келинингиздан хафа бўлиб юрасиз…
– Ҳеч кимдан хафа эмасман. Мендан ҳам ранжиманглар. Одам қаригандан кейин…
– Овқатингизни шу ерга олиб кириб берсинми? – сўради эшик ёнига етган Толибжон.
– Йўқ, болам. Иссиққина чой бер…
– Айтгандай, ойи, бир гап эшитдим акамдан. Айтиб қўйинг, мен ҳеч қаерга кўчмайман. Бу ҳовли – меники. Сиз ҳам энди келинингиз билан муроса қилиш йўлини топинг-да. Қачонгача келишолмай юрасизлар. Ўшани айтганига, хўп деб қўя қолсангиз, нима қилади ўзи? Ахир тўртта бола билан менга ҳам осон тутманг-да, ойи…
У раҳматли чолининг девордаги гиламга осилган суратига боқиб, узоқ йиғлади: “Сиз бор – давлатим бор, бағрим бутун экан. Сизсиз ғариб бўлиб қолдим”.
Набираси чой олиб кирди.
– Қизим, – деди буви набирасини бағрига босиб, – ақлли, эсли-ҳушли бўлгин, ота-онангнинг айтганларидан чиқмагин. Айниқса, кексайиб кучдан қолганда ҳеч қачон қаттиқ гапирмагин, ҳурмат-иззат қилгин. Катта бўлсанг, янги бир хонадонга борасан. Қайнотанг-қанонангни ота-онанг ўрнида кўриб, яхши муомалада бўл. Ҳурмат қилсанг, ҳурмат кўрасан.
Эрталаб буви нонуштага чиқмади…
– Мана, хоним яна нонуштага чиқмадилар, – деди Саломат кесатиқ билан.
Қиз ойисига қараб:
– Ойи, каттанинг дилини оғритиб бўлмас экан. Сиз кеча бувим билан сўрашмадингиз ҳам, тоблари йўқ экан, хабар ҳам олмадингиз…
– Саломат, шу тўғрими? – сўради Толибжон қовоғини уюб.
– Ҳа, нима қилибди? Ўзи келар ёр-ёр, ўзи кетар ёр-ёр… Олдиларига борайми сўрашгани? Аразлаб кетган ўзлари. Менда нима гуноҳ?
– Вой, расво! Келдингизми, ойи десанг, тилинг узилиб тушмайди-ку! Қари одам бўлса… Мен ойимдан хафа бўлиб юрибман, нега овқатга чиқмадингиз деб.
– Бўпти. Мен ёмон бўлсам кетаман. Ойингиз билан бемалол яшайверинг…
Саломат йиғлашга тушди.
Толибжон ўрнидан туриб, онаси ётган уйга кирди.
– Ойижон, қанисиз, ойижон…
Толибжоннинг ичидан аянчли фарёд отилиб чиқди:
– Ойижон!!!
Саломат югуриб келди:
– Ҳа, нима гап?!
– Йўқол!!! Кўзимга кўринма!
Меҳри буви шу кетганича қайтиб келмади…

Лобар РУСТАМОВА

Ўқиганлар сони: 295