10.12.2018
Домой » Гулчеҳралар » Қалбим ардоғи

Қалбим ардоғи

Улкан шоир, давлат ва жамоат арбоби Эркин Воҳидовнинг асарлари шеърият ихлосмандларининг қалбидан муносиб ўрин олган. Ардоқли шоиримизнинг ҳар бир ютуғида, қувончу изтиробида елкадош бўлган мунис рафиқаси Гулчеҳрахоним Воҳидова билан бўлган суҳбат чоғида беназир инсоний фазилатлар эгаси Эркин Воҳидовнинг ёрқин сиймосини, донишманд қиёфасини қайта кўргандек бўлдик.

Изображение копия

– Гулчеҳра опа, сиз Эркин Воҳидов билан эллик уч йил бирга яшагансиз. Нафақат умр йўлдоши, балки асарларининг биринчи ўқувчиси, мухлиси ҳам бўлгансиз. Ҳар бир асари қандай ёзилганини биласиз. Сиз тошкентлик, Эркин Воҳидов водийлик бўлса, турмуш ўртоғингиз билан қандай танишгансиз?..
– Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетини тамомлаб, меҳнат амалиётини ёшлар газетасидан бошлаганман. Ўша пайтда машҳур шоира Гулчеҳра Жўраева, Назармат ака таҳририятда ишлардилар. Хотин-қизлар байрами сонида “Баҳор” рақс ансамбли раққосаси Тамара Юнусова ҳақида лавҳа тайёрлашни менга топширишди. Лавҳа эълон қилинган ўша саҳифада Эркин Воҳидовнинг “Гулчеҳралар” номли шеъри эътиборимни тортди. Бу шеър ўша даврда танилиб бораётган шоира аёлларга бағишланган эди. Бош муҳаррир Абдулазал Ваҳобов газетанинг янги сонини шарҳлаб, лавҳам маъқул келганини айтиб ўтдилар. Сўнгра Эркин Воҳидовга қараб:
– Бизнинг Гулчеҳрахонни ҳам тилга олмабсиз-да, – дедилар кулиб. Мен бу гапдан хижолат тортиб қизариб кетдим. У пайтда Эркин ака “Ёш гвардия” нашриётида ишлар, нашриёт билан таҳририятимиз бир бинода жойлашган эди.
Шоир Сайёр ва Гулчеҳра Жўраевалар оиласи билан Эркин ака жуда яқин эканлар. Мен опа билан бир хонада ўтириб, улардан қалам бобида кўп нарсани ўргандим. Сайёр ака Эркин Воҳидов билан мактабдош, қалбан бир-бирига яқин бўлганликлари туфайли кўпинча бирга юришарди. Бир куни икковлари Назармат ака ҳузурига янги шеър билан келишди. Бир пайт Сайёр ака мени имлаб, ташқарига чақирди. Йўлакка чиқсам, нарироқда Эркин Воҳидов ўтирибдилар. Учрашдик. Аввал Эркин Воҳидовдан таржима учун кичкина тўплам олдим. Кейин кутилмаганда Эркин ака таржимаи ҳолларини сўзлаб берди. Оила қуриш вақти келганини айтди. Уйимга совчи юборишига розилик беришимни сўради. Опам Эркин аканинг маҳалласида яшарди. У киши тоғаси Карим Сахибоевнинг оиласида, уларнинг паноҳида ўсиб-улғайганини яхши билар экан. Хуллас, Эркин ака сўзларида қатъий туриб олдилар. Совчилар билан иш битмагач, мактабимиз директори Ҳокимжон Ҳошимов ва маҳалламизда яшайдиган улкан адиб, диний ва дунёвий билимлар алломаси Алихонтўра Соғунийнинг (охиратлари обод бўлсин) аралашувлари туфайли онамнинг розилигини олишди. 1963 йилнинг 14 июлида тўйимиз бўлди. Тўйимизда Ғафур Ғулом, Миртемир, Чустий домла, Ғайратий ва яна бир қанча таниқли шоирлар иштирок этишган. Онам келинлик бедилхонликдан ҳам қийин, деб кўп айтардилар. Бедилни ҳамма ҳам ўқир, бироқ тушуниш мушкул бўлгани каби келинликда ҳам ҳаммага бир хил ёқиш қийин экан. Мен охирги курсда ўқийман. Эркин ака нашриётда хизмат қиладилар. Ўқишдан келгач, уй ишларига қарашаман. У пайтларда ҳозиргидек беминнат ёрдамчи газ ўчоқлар йўқ. Ўчоққа ўтин ёқиш керак. Чўғидан олиб, самовар қайнатамиз. Эркин ака хотин кишининг қўли ва тили ширин бўлса, эркак киши ҳамиша уйга шошилади, дердилар. Худога шукур, уйга шошилмаган пайтлари бўлмаган.
– Эркин Воҳидов камдан-кам шоирга насиб қиладиган шуҳратга эришган инсон. Айтинг-чи, улар бу қадар афсонавий шуҳратга қандай эришганлар?
– Олтмиш олтинчи йилдаги Тошкент зилзиласидан сўнг кўплаб ҳовлилар бузилиб кетган. Уйимизнинг деворлари ёрилган, томи қулаб тушгудек бир аҳволда эди. Эркин аканинг ижод столи ҳовлининг бир бурчагида турар, соями-офтобми, ижод қилишдан тўхтамасди. Катта ижодкорларнинг асарларига кўп ҳолларда ўз ҳаётларида гувоҳ бўлган воқеалар туртки беради. Шоирга илк бор шуҳрат келтирган “Палаткада ёзилган достон” ҳам ҳовлимизнинг ўша бир чеккасидаги столда қоғозга тушган. Ўша кезларда ғазал бирмунча урфдан чиққан, ҳатто ғазал ўтмиш адабий ҳодисаси сифатида унутилган, деган кайфият ҳукмрон эди. Бироқ Эркин ака аҳд қилдиларми, бошлаган ишига астойдил киришар, ўзлари бошлаган ишнинг бахайр бўлишини кўнгиллари сезарди. Эркин Воҳидов ғазаллари адабиётимизда ўзгача кўтаринки кайфият, ўзгача қайноқ муҳаббат билан кутиб олинди. Ғазаллар машҳур ҳофизларимиз томонидан қўшиқ қилиб куйланди. Бундай эътироф шоирга янада илҳом бағишлади.
– Бедилни ҳамма ҳам ўқир, лекин тушуниш қийин, деган фикрингизга қўшиламан. Бедилни шарҳлайдиган одамлар кам қолди. Лекин Эркин ака Фузулийнинг байтларини ҳам шарҳлаб берардилар. Устоз бу асарларни асл нусхада ўқирмидилар?1-2 копия
– Болалигидан Бедил, Фузулийга меҳри бўлакча эканини кўп гапирардилар. Ўша пайтларда замоннинг энг зукко одамлари бу шоирларнинг шеърларини асл нусхада ўқиб, шарҳлаб бераркан. Ўша шарҳлар Эркин аканинг қулоғида қолиб, Саъдийдан тортиб, Навоийгача тушуниб ўқирдилар.
– “Ўзбегим” қасидаси ҳам матбуотда эълон қилинмай туриб, машҳур бўлиб кетган. Бир шеърий асарни бу қадар ташналик билан оммалашиб кетишига нима сабаб бўлган деб ўйлайсиз?
– “Ўзбегим” халқимизнинг дилида пишиб етган, эҳтимол, қалбида йиллар давомида йиғилиб ётган, ошкор айтилмаётган туйғулар, эҳтирослар, ҳаяжонлар тараннум этилган, улуғланган қасида эди. Шу қадар яшин тезлигида оммалашган шеър кутилмаганда тўсиқларга ҳам учраган. Очиғини айтганда, миллий оҳанг, халқимиз ўтмишининг улуғланиши айрим тўраларга хуш келмаган. Шоирни ҳузурига чақириб, назмий асар яратиш бобида маслаҳат берадиганлар ҳам топилиб қолган. Эркин ака ниҳоятда бағри кенг, жуда хушмуомала инсон эдилар. Ижод бобида ҳам ҳар қандай баҳс-мунозарага тайёр бўлган. “Ўзбегим” қасидаси борасида баҳс-мунозаралар дўқ-пўписага айланганда ҳам “Мен шеърни тугатганман, нуқта қўйганман, унга ортиқ бирорта жумла қўшмайман”, деб ўз сўзларида қатъий туриб олган. Айни ўша кезларда “Олтин девор” комедиясини ёзишга киришдилар. Пьесани саҳналаштириш узоқ чўзилмади. Матбуотда чиқмаса ҳам, китоби чоп этилмаса ҳам Эркин аканинг сўзи саҳна орқали халққа етиб борди.
– Буюк немис шоири Гётенинг Шарққа ихлоси баланд бўлган. Эркин Воҳидов “Фауст”ни таржима қилганида шу ихлосни ҳам назардан қочирмаган. Асарни мутолаа қилганда, хаёлимизда Шарқ ривоят ва афсоналари жонланади. Таржима – заҳматталаб иш. Эркин Воҳидовнинг таржима асарлари ва бу борадаги изланишлари ҳақида ҳам гапириб берсангиз…
– 72-йиллар бўлса керак, ишдан бўшаб беш йил ишсиз юрдилар. Шу вақт мобайнида Гётенинг “Фауст” асарини ўзбекчага ўгириш билан банд бўлдилар. Бу асарни Гёте ўзи умри давомида ёзган экан. Эркин ака даставвал, асарни яхшилаб тушуниб олишга ҳаракат қилдилар. Германияга махсус бориб, асарнинг немис тилидаги нусхалари билан танишдилар. Москада “Фауст”ни русчага ўгирган таржимонлар билан учрашиб, суҳбатлашгачгина таржимага қўл урдилар. Шунда ҳам асар руҳиятига кириш осон кўчмади.
Мазкур муҳташам шеърий асарни тўлиқ ўзбекчалаштириш учун олти йилга яқин вақт кетди.
Болаларимиз ҳали ёш, мен ҳам уйда ўтираман. Эркин ака қўлёзмани берадилар, мен уни машинкада кўчираман. Чарчаймиз, толиқамиз, қачон ниҳоясига етаркин, деб чамалаймиз, аммо қилаётган ишимиздан олам-олам қувончу шодлик оламиз. “Китоб босилиб чиқсин, гонорарнинг ҳаммаси сизники”, дердилар ҳазил аралаш. Бир сўз билан айтганда, бу асар ана шундай бетакрор ижодий муҳитда таржима қилинган.
– Устоз Эркин Воҳидов оилада қандай турмуш ўртоқ, фарзандларига қандай ота эди?
– Ниҳоятда оилапарвар инсон эдилар. Болаларини жонидан ортиқ яхши кўрарди. Кўчадаги дилхираликларни уйга олиб келмасдилар. Кайфиятидаги ўзгаришни сезиб, “Дадаси, тинчликми?” деб сўраганимда “Чарчадим”, деб қўя қолардилар. Ҳеч қачон болаларини силтаб-жеркиб, менга баланд овозда гапирган эмас. Ҳозир ҳам фарзандларим “Она, отам билан ҳеч тортишганмисизлар? Ҳеч қачон сизларнинг уришганларингизни, бир-бирингизнинг гапингиз иккинчингизга тўғри келмаганини кўрмаганмиз”, дейишади. Ҳамма оилада ҳам тортишувлар бўлади. Бизнинг ҳам гапимиз қовушмаган пайтлари бўлган. Лекин ҳеч қачон болаларимиз олдида тортишмаганмиз. Боланинг кўз олдида ота-оналарнинг бир-бирига овозини баландлаб гапиришини қоралайман. Бундан боланинг кўнгли ўксийди. Ота-онасидан безиб қолади. Кейин боласининг кўз олдида талашаётган ота-она фарзандига оила ҳақида қандай тўғри тарбия беради? Шу ўринда бир воқеа ёдимга келди. 80-йиллар эди. Эркин ака онаси, кийининг, бир магазин айлантириб келаман, деб қолдилар. Дўконга киргач, ўзимизга, болаларга керакли кийимларни харид қилдик. Аёл киши эмасманми, бир нарса кўзимга чиройли кўринди, олгим келди. Лекин Эркин ака бўлди, дегандек ишора қилдилар. Йўлга чиққач ҳам харид қилиш истагимни такрорлайверган эдим, машинани тўхтатиб:
– Тушинг, – дедилар. Умримда бунақа муомалани кўрмаганим учун аччиқланиб, машинадан тушиб қолдим. Лекин бирпасдан кейин эс-ҳушимни йиғиб, бошқа машинага ўтириб эримдан олдин уйга етиб келдим. Ҳеч нарса кўрмагандай Эркин акани очиқ чеҳра билан кутиб олдим.
– Янги кийимларингизни кийиб кўрсатинг. Болаларни ҳам кийинтирайлик, бугун бир байрам қилайлик, – дедим. Шу билан уларнинг руҳиятида кўтарилган шамол, бўрон ўтиб кетди.
Эркин акада бундай ҳолат камдан-кам кузатилар, у киши ҳаммамизнинг кайфиятимизни кўтариб қувончли дамлар ҳадя этишга уста эдилар. Тез-тез оилавий сайёҳатлар ҳам уюштириб турардилар. Табиат қўйнига олиб чиқардилар. Мен болалар билан дам олардим, у киши эса хилват топиб ижод қилардилар. Ҳозиргача остонамиздан асл мухлисларининг қадами аримайди. Йўқотиш юз берган куннинг ўзида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўзлари ташриф буюриб, дардимизга шерик бўлдилар. Ҳалигача ҳамдардлик билдирувчиларнинг саноғи йўқ. Улар бахш этаётган меҳр-муҳаббат олдида ўзимни, оила аъзоларимизни ҳамиша қарздор деб биламан.

Адиба Умирова суҳбатлашди.

Ўқиганлар сони: 200