21.05.2019
Домой » Саодат журнали » Кўнгилга ташриф » Қаср қурма, кўнглини сўра…

Қаср қурма, кўнглини сўра…

тиЎзбек  Миллий  академик  драма  театри  актрисаси,  “Шуҳрат”  медали  соҳибаси,  серқирра  ижодкор  Дилноза  КУБАЕВА  театр  ҳамда  кинодаги  роллари  орқали  мухлислар  меҳрини  қозониб  келмоқда.  Кулганда  кулгусига,  йиғлаганда  кўз  ёшларининг  ҳақиқийлигига  томошабинни  ишонтира  оладиган  санъаткор  билан  фақат  актриса  сифатида  эмас,  жамиятнинг  фаол  фуқароси,  ҳаётдаги  ҳар  бир  воқеа-ҳодисага  ўз  муносабати  бор  шахс  сифатида  суҳбатлашишни  ният  қилдик.

–  Дилноза,  сиз  билан  бундан  уч  йил  илгари  учрашиб,  суҳбатлашгандик.  Мана  шу  йиллар  давомида  ҳаётингиз  ҳамда  ижодингизда  қандай  ўзгаришлар  содир  бўлди?
–  Шахсий  ҳаётим,  ўзингиз  билганингиздек:  бир  ўғилнинг  онаси,  онамнинг  севимли  қизиман.  Ижодимда  эса  айтишга  арзигулик  ўзгаришлар  бўлди.  “Алишер  Навоий”  спектаклида  Гули,  “Мирзо  Улуғбек”да  Феруза  ролини  ижро  этдим.  Театрда  сермаҳсул  ижод  қиляпман  десам,  нокамтарликка  йўйманг.  Лекин  кинода,  миллий  фильмларда  яратган  образларим  орасида  бироз  узилиш  бўлиб  қоляпти.  Бугун  кино  соҳасида  янгиланишлар  даври  кечмоқда.  Шу  йилнинг  3  август  куни  Президентимиз  Шавкат  Мирзиёев  Ўзбекистон  зиёлилари  билан  бўлган  учрашувда  адабиёт,  санъат,  маданият,  мусиқа  соҳасидаги  нуқсон  ва  камчиликларни  рўй-рост  айтиб  ўтдилар.  Миллий  фильмлар  яратишда  анча  сусткашлик  борлиги,  буюк  алломаларимиз  ҳақида  фильмлар  яратилмаётгани  ҳақида  куюниб  гапирдилар.  Бу  тарихий  учрашувдан  сўнг  Президентимизнинг  “Миллий  кинематографияни  янада  ривожлантириш  тўғрисида”ги  Қарори  эълон  қилинди  ва  соҳа  ривожи  учун  салмоқли  маблағлар  ажратилди.  Кино  ижодкорлиги  борасидаги  ижобий  силжишлардан  умид  қиляпмиз.  Чунки  биз  актрисалар  тажрибали  режиссёрлар  истеъдодимизни  адолатли  баҳолашларини  кутиб  яшаймиз.  Ҳар  бир  янги  спектакль,  бадиий  фильм  ҳаётимизда  катта  бир  воқелик  ҳисобланади.
–  2016  йил  давомида  фуқаролик  ишлари  бўйича  Тошкент  шаҳар  туманлараро  судларига  никоҳдан  ажратиш  ҳақида  жами  7000  дан  зиёд  даъво  аризаси  келиб  тушган.  Шундан  3018  таси  қаноатлантирилган,  2863  таси  рад  этилган,  кўрмасдан  қолдирилган  ёки  иш  юритувдан  тугатилган.  1320  таси  кейинги  йилга  қолдиқ  бўлиб  ўтган…  Ушбу  маълумотлардан  ҳам  оилавий  ажралишлар  бугуннинг  оғриқли  масаласи  эканлиги  аён  бўлиб  турибди.  Бизнингча,  бу  муаммо  ҳар  бир  фуқарони,  жумладан,  туйғулар  тарбиячиси  сифатида  сизни  ҳам  ташвишга  солиши,  шубҳасиз.
–  Файласуфона  фикр  юритишдан  кўра,  ўзим  кўрган,  билганларим  мисолида  гапираман.  Биз  оилада  уч  ўғил,  бир  қизмиз.  Ҳалол  меҳнати  орқасидан  кун  кечирган  заҳматкаш  ота-онанинг  тарбиясини  олдик.  Ёшлигимда  анча  эзғин,  фикрини  ифода  қила  олмайдиган,  тортинчоқ  қиз  бўлганман.  Онам  бизни  меҳнаткаш,  чидамли,  иродали  бўлишга  ундардилар.  Ўзлари  бу  борада  бизга  кўзгу  эдилар.  Тош  келса  кемириб,  сув  келса  симирардилар.  Мен  шу  кўзгуга  қараб  улғайдим.  Ўзим  бир  оила  бекаси  бўлганимдан  сўнг  онамдан  ўрганганларимни  ҳаётда  қўлладим.  Сабр-бардош  билан  яшадим,  десам,  балки,  тўғрироқ  бўлар.  Касбим  жуда  нозик.  Актрисанинг  кўйлагига  теккан  шабнам  ҳам  доғ  бўлиб  кўриниши  мумкин.  Касбим  оиламга  дахл  қилган  пайтларда  ажрашиб  кетишдан  осон  йўли  йўқ  эди.  Лекин  эришган  бахтимни  асраб  қолиш  учун  курашишим,  тилимни  тийишим,  сабр  қилиб,  ичимдан  келаётган  қаршиликни  енгишим  керак,  деб  ҳисоблардим.  Турмуш  ўртоғимнинг  хоҳишига  кўра  касбимдан  воз  кечишга  ҳам  рози  эдим.  Бир  кун  келиб  буларнинг  мукофоти  бўлади-ку,  дердим…  Аллоҳнинг  хоҳиши  олдида  бандаси  ожиз  экан.  Кутилмаганда  турмуш  ўртоғим  вафот  этди.  Ҳаётининг  сўнгги  онларида  у:  “Сенга  тарбия  берган  онангга  минг  раҳмат!  Мен  сендан  розиман”,  деди.  Назаримда,  ҳозир  баъзи  қизларда  сабрлилик,  фидойилик,  эрининг  яқинларига  меҳр  кўрсатиш  каби  фазилатлар  етишмайди.  Ўз  навбатида  қайноналар  ҳам  келинига,  бировнинг  боласи,  деб  қарамай  авлодининг  давомчисини  дунёга  келтирган  инсонни  ардоқлагандек  ардоқласалар,  меҳр  берсалар,  тажрибаларини  ўргатсалар,  муносабатларда  тенглик  бўлса,  менимча,  ўша  оилада  тотувлик,  ҳамжиҳатлик  ҳукм  суради.
–  Одамларда  қувноқ,  хушчақчақ,  ғам-ташвиши  йўқ  аёл  сифатида  таассурот  уйғотасиз.  Сиз  ҳам  йиғлайсизми?  Ҳаёт  зарбалари  қалбингизда  қандай  акс  садо  беради?  
–  Фақат  саҳнадаги,  кинодаги  ролларимдагина  эмас,  ҳаётда  ҳам  йиғлаб  тураман.  Йиғлаганимда  ожиз  бир  бандалигимни,  она,  фарзанд  эканлигимни  ҳис  қиламан.  Кўнглим  бўшаб,  руҳим  енгил  тортади.  Менимча,  инсон  йиғлаб  туриши  керак.  Агар  бу  қувонч  кўз  ёшлари  бўлса,  нур  устига  аъло  нур.  Менимча,  аёлни  кўз  ёшдан  эмас,  оғир  меҳнат,  хиёнат,  ёлғизликдан  асраш  керак.  Айтишади-ку,  аёлни  қирқ  фоиз  асрасанг,  у  сени  юз  фоиз  асрайди,  деб.  Фарида  Афрўзнинг  бир  шеъри  бор:
Қаср  қурма,  кўнглини  сўра,
Бало  келса  туриб  беради.
Ишқ  яратган  Парвардигордан,
Сенга  умр  тилаб  беради.
–  Турмушидан  ажралиб,  фарзандларини  ёлғиз  тарбиялаётган  аёл  билан  дилбандларини  турмуш  ўртоғи  билан  биргаликда  вояга  етказаётган  аёл  ўртасидаги  тафовут  ҳақида  ҳеч  ўйлаб  кўрганмисиз?  
–  Мени  жуда  кўп  ўйлантирадиган  муаммони  тилга  олдингиз.  Аллоҳга  шукр,  уч  нафар  ака-укаларим  бор.  Мен  тарафдан  “тиқ”  этган  товуш  чиқса,  онам  ёнимга  келиб,  нима  бўлди,  деб  турадилар.  Ҳаммамиз  жипслашиб  яшаймиз.  Турмушидан  ажралган  бир  дугонам  кекса  ота-онаси  ва  ўғли  билан  бирга  яшайди.  Яқинда  унга  онаси  қўнғироқ  қилиб,  ўғлининг  иситмаси  тушмаётганини  айтганди,  дугонамнинг  нафаси  ичига  тушиб  кетди.  Назаримда,  у  ҳаёт  ташвишлари  исканжасида  ёлғиз  қолиб,  майдаланиб  кетаётгандек  туюлди.  Дугонамга  ачиниб  кетдим.  Агар  унинг  ёнида  жуфти,  суянч  тоғи  бўлганида,  дардини  бўлишарди.  Дугонамнинг  ўғлини  шифохонага  олиб  бордик.  Иситмаси  тушгач,  кўнглимиз  таскин  топди.  Мана  шу  арзимас  кўмагим  унинг  кўнглини  тоғдек  кўтарди.  Афсуски,  ҳар  доим  ҳам  одамлар  ёлғиз  аёл  қалбини  тушунавермайдилар.  Баъзи  эркакларимиз  учун  оила  иккинчи  даражага  тушиб  қолган.  Ҳолбуки,  бизнинг  меҳнатсевар,  садоқатли  аёлларимиз  уларга  хиёнат  қилинишига,  ташлаб  кетилишга  муносиб  эмаслар.  Майли,  совға  беришмасин,  жуфти  ҳалолига  бир  оғиз  ширин  сўз  айтишсин,  уларнинг  кўнгли  тоғдек  юксалади.  Навоий,  Бобур,  Аҳмад  Яссавийларни  мутолаа  қиладиган  эркаклар  бу  дунёнинг  фонийлигини  билишади,  чин  бахтини  ўткинчи  ҳою-ҳаваслар  йўлида  қурбон  қилишмайди.  Яссавий  ёзганидек,  аслимиз  сув  ва  тупроқ.  Яна  ўша  ҳолатга  қайтишини  ўйлаган  инсон  оилани  муқаддас  билади,  фарзандларини  Яратганнинг  инъоми  дея  ардоқлайди,  улар  учун  қайғуради.
–  Замонамиз  шиддати  биздан  тинимсиз  ҳаракатда  бўлишни  талаб  этмоқда.  Фикрий  ҳаракатларингиз  ҳақида  гаплашсак…  
–  Хира  тортган  қалб  ойнасини  тиниқлаштириш  учун  нима  қилмоқ  керак?  Кўнглимдан  бу  саволга  жавоб  топа  олмасам,  китобга  мурожаат  қиламан.  Буюк  алломаларимизнинг  ҳикматларини  ўқийман,  тарихий  асарларнинг  ижобий  қаҳрамонлари  билан  хаёлан  суҳбат  қураман.  Кўнглим  равшан  тортади.  Майда-чуйда  ғавғоларга  ўралган  дунёда  майдалашиб  қолмаслик  керак.  Билмаслигимиз  ва  билишга  ҳаракат  қилмаслигимиз  –  бу  бизнинг  фожеамиз.  Инсон  ҳаёт  ҳақиқатларини  англагани  сайин  кучли  бўла  боради.  Мен  ҳар  бир  замондошимга,  айниқса,  аёлларга  шу  йўлда  собитлик  тилардим.  Йиллар  мени  ҳаётни,  одамларни  севишга,  ҳақиқатни  айта  олишга  ўргатди.  Аксариятимиз  ўзимизга  юқори  баҳо  берамиз.  Оёғимиз  ердан  узилган.  Атрофимиздагиларга  дил­озорлик  қиламиз.  Бир  кўнгил  иморати,  минг  каъба  зиёрати,  каби  ибораларни  унутамиз.  Бир-биримизни  осонгина  хафа  қиламиз,  тушунмаймиз.  Мени  кунда,  кунора  дуч  келадиганим  –  мана  шундай  муаммолар  безовта  қилади.  Атрофимни,  умуман  жамиятни  шу  нуқсонлардан  холи  қилгим  келади.  Зеро,  одамзотнинг  қалби  тозаргани  сайин  ҳаёти  ҳам  яхшиланиб  бораверади.
–  Дилноза,  ижод  аҳли  қай  мавзуда  суҳбатлашмасин,  ўзига  қадрдон  соҳадан  узоқлашмайди.  Тақлид,  такрорийлик  ижодкорни  изланишдан  тўхтатиб  қўяди,  деган  фикрга  муносабатингиз.
–  Иккиси  ҳам  санъаткорни  ижодий  изланишдан  чалғитади,  тайёрга  айёр  қилиб  қўяди.  Масалан,  театрда  аввал  ҳам  айнан  шунга  ўхшаш  ролни  ижро  этган  бўлсак,  режиссёрлар  бу  ролга  бизни  таклиф  қилишмайди.  Камдан-кам  ҳолатлардагина  бир-бирига  ўхшаш  ролларни  ижро  этамиз.  Аммо  бирхилликдан  қочиш,  аввало,  актёр  ёки  актрисанинг  ўзи  учун  фойдали.
–  Кеча  билан  бугунни  нима  боғлаб  туради?
–  Ёш  бошимга  жуда  кўп  ташвишлар  тушди.  Муаммолар  гирдобида  қолган  пайтларим  тушкунликка  тушмадим,  кўз  ёш  тўкиб  ўтиравермадим.  Аллоҳга  шукр,  иродамни  жамлаб,  ҳаёт  синовларига  дош  бердим.  Бугун  қайноқ  ижод  билан  бандман.  Санъатимнинг  ортидан  элга  танилдим.  Ижодимни  ҳурмат  қиладиган,  эътибор  билан  кузатадиган  мухлисларим  бор.  Уларнинг  зийрак  нигоҳлари  ҳамиша  мени  изланишга  ундайди.
Кеча  билан  бугунни  кечаги  хотираларим,  бугунги  хулосаларим  боғлаб  туради.  Кечаги  хатоларимдан  чиқарган  хулосаларим  бугунимга  сабоқ  бўлди.  Хотираларим  яшашим  учун  куч  берса,  чеккан  машаққатларим  сабр-тоқатли  бўлишга,  хатоларни  қайта  такрорламасликка  ундайди.
–  Санъаткор  аёл  учун  энг  бахтли  онлар…
–  Шон-шуҳрат  келса-ю,  оила  нотинч  бўлса,  бу  бутун  бахт  бўлмайди.  Сени  тушунадиган  умр  йўлдошинг  ёнингда  бўлса-ю,  яхши  тилаклар,  дуолар  билан  тасвирга  олиш  майдонигами,  театргами  кузатиб  қўйса…  Спектаклдан  ёки  кино  премьерасидан  кейин  бутун  оиланг  –  турмуш  ўртоғинг,  ўғлинг,  қизинг  гуллар  билан  кутиб  олса…
–  Дилнозахон,  биз  –  сизни  севган  барча  мухлисларингиз  мана  шу  гўзал  орзуларингиз  рўёбига  тилакдошмиз.  Ахир,  “Кўпнинг  дуоси  кўл”,  дейишади-ку.
–  Раҳмат!

Нигора  РАҲМОНОВА  суҳбатлашди.

Ўқиганлар сони: 755

Оставить комментарий