10.12.2018
Домой » Гулчеҳралар » Қўқон аравада келган бахт

Қўқон аравада келган бахт

6-1 копияБолалигимда дастурхон ёки лаганда еганимиздан ортиб қолган бирор таомми, нон ушоқлариними ташламоқчи бўлсам бувим: “Увол бўлади, болам”, деган гапни кўп такрорлар эди. Бу сўзнинг мағзини то улғайиб, ўзим уй-рўзғор қилгач, тушуниб етдимки, замирида халқимизга хос жами яхши сифатлар мужассам экан.
Бугун она диёримизнинг қай гўшасига боқманг, юксалиш, ривожланиш. Шаҳар ва қишлоқлардаги яшаш шароити яхшиланиб, ҳамюртларимиз ҳар тонгни эртанги кунга умид, фарзандлар камолига ишонч билан қарши олишмоқда. Одамларимиз тинч ва фаровон ҳаётимизнинг ҳар бир онини хушвақт ўтказишга, орзу-ҳавас билан яшашга интилишмоқда. Бу – жуда яхши. Мамлакати осойишта, турмуши фаровон юртдагина халқнинг кўнгли ҳам, кўзи ҳам тўқ бўлади. Кишилар дилига орзу-ҳаваслар сиғади. Лекин… Мана шу “лекин” бугун ҳар биримизни ўнгу сўлимизга қараб мушоҳада қилишга, ҳар нарсанинг меъёри борлигини унутмасликка ундайди.
Сезгандирсиз, гап оҳанги тўйларимиз томон силжияпти. Инсоният яратилибдики, бу тантана у билан. Янги ҳаётнинг остонаси, тақдирлар бирлашуви сифатида нишонланадиган тўйларнинг бўлгани яхши.
Қадимда ота-оналаримиз бир-бирини чимилдиқда кўришган, деган гап бор. Бу бежизга эмас. Бувиларимиз ҳаёда қанчалик якто бўлса, боболаримиз ҳам ғурур ва мардликда беқиёс бўлган. Онам доим бувим ҳақида ҳикоя қилганларида, уларнинг куёвникига бир тугун сарпо билан қўқон аравада кириб келганликларини айтиб берардилар. Аммо улар бу билан камбағал ёки бахтсиз бўлиб қолишмаган. Бир этак фарзанд кўриб, замоннинг турли синовларини эътиқод ва садоқат билан енгиб ўтишган.

“Дув-дув гап” ли тўйлар

– Нечта қўй олдингиз?
– Битта қўзи.
– Жим бўлинг, ўнта қўй нима бўлибди? Шундай тўй қилайликки, маҳаллада “дув-дув гап” бўлсин, дейман.
Юзингизга табассум ингани аниқ. Ҳа, бу ўша машҳур “Маҳаллада дув-дув гап” кинофильмида қаҳрамонлар тилидан айтилган фикрлар. Аслида энг сара нарсани меҳмонга илиниш, ўзи емаса ҳам бир ҳовуч ширинликни келди-кетдига олиб қўйиш ўзбекнинг қонига сингиган одат. Умр бўйи ўзидан аяб йиққан-терганини бир кунда шамолга сочгандек тўй қилади-ки, бу “дув-дув гап” бўлмай қолмас. Айниқса, бугунгидек тўкин-сочин турмушимизда ўзини кўз-кўзлаш учун шундай тўйлар қилиняптики, кўриб ҳайратда қолмай иложинг йўқ. Қиз чиқариш, ўғил уйлантириш яқинлар, қариндошлар гувоҳлигида ўтказиладиган мўъжаз тантанадан шундай бир даҳмазага айланяптики, бунинг салбий оқибати тўйдан кейин ҳам давом этмоқда.
Гапларимиз умумийроқ бўлиб қолмаслиги учун мисолларга ўта қолайлик. Хоразм вилоятининг айрим туманларида айни пайтда битта ўғил уйлантиришнинг сарф-харажати фалон миллионга тўғри келаётганлиги кишининг капалагини учиради.
– Мен Қўшкўпир туманиданман, – дейди Мақсуда Тиллаева. – Хоразм воҳасида қиз чиқаришдан кўра, келин олиш мушкулроқ. Сарф-харажатларнинг асосий қисми куёвнинг ота-онаси гарданига тушиб, оила кўпчилик қатори тўй қилиши учун анча вақт йиғиниши зарур. Одамлар кўп нарсанинг ортиқчалигини билишса-да, барибир бировдан қолмаслик, эртага эл-улусда гап тарқалмаслиги учун одатни давом эттираверишади. Келин томонга 8-10 миллион сўм атрофида қалин пули, бундан ташқари янги оила учун мебеллар, сарпо-суруқлар қилиниб, тўй энг қиммат тўйхоналарда ўтказиляпти. Шу боис куёвнинг ота-онаси жамғармасининг камига қарз кўтаришга мажбур бўляпти. Сарподан ташқари, келиннинг қариндош-уруғига қимматбаҳо матолар юбориш урфга кирган. Шу тарздаги мутлақо нокерак одатлар ичида, айниқса, аёллар дастурхонига спиртли ичимликларнинг қўйилаётгани ёшлар учун ёмон ибратдир.

Келиннинг  ҳам навкари  бўлади(ми?)

Бу ҳақли савол дилда ҳавасдан кўра кўпроқ хавотирни уйғотади. Сурхондарёлик Шоҳиста Бекназарованинг айтишича, келин бўлмишга сарполар махсус кийим кийдиргич (маникен)ларда юборилаётган экан. Тўрт шифт кўрпа ёки қирқ туяга юк бўлгулик кийим-кечак икки ёшнинг бахтига кафолат бўла оладими? Тилга: “Йўқ!” дейишдан бошқа сўз келмайди.
Тошкентда бўлаётган дабдабалар вилоятлардан ортса ортадики, сира кам эмас. Чунончи, куёвжўралар қолиб келин навкарликка номзод қизларнинг бир хил либосда юриши, яна уларнинг бундайин оҳанжамали кўринишини таъминлашни куёв тараф зиммасига олиши, келин ва куёвнинг дўстларига тарқатиладиган дастрўмолчаларга турли ширинликларнинг саватга солиб берилиши, чарлар деб номланадиган тўйдан кейинги кунда қуда тарафдан келган аёлларнинг ҳар бирига ҳурмат юзасидан халта (пакет) тутиш, қудага юборадиган қўчқорни “безатиш” каби беўхшов удумларни қилиш фақат атрофдагиларнинг фикри учунгина бажарилаётгандек таассурот қолдиради. Ёшларнинг бахтини тилаш ўрнига қуда томондан келаётган тоғораларни санаб, ҳатто тарозига тортиб кўраётган қариндошлар, қизининг иқболини куёвнинг харжлари ҳисобига чамалайдиган оталар, афсуски, замондошларимиз, ҳамшаҳарларимиз эканлиги кишини ўйлантиради.
Яна увол ҳақидаги фикримизга қайтадиган бўлсак, ошириб-тошириб ўтказилаётган никоҳ тўйларидаги ортиқча ҳар бир буюм, ҳар бир неъмат, ҳатто вақтнинг ҳам уволи бор. Шу ўринда бувилик, қайноналик мақомига етган онахонларимиз ёшларга, тўй бошида турган ота-оналарга қарата худди бир пайтлар бизни огоҳлантиришгандай:
– Тўхтанглар, уволи бор! – дейишса, қандай ярашар эди! Уларнинг айнан шундай гаплари тўй, маросимларни ихчам, ортиқча сарф-харажатсиз ўтказиш ҳақида катта-кичик давраларда айтилаётган фикрларнинг тўғри эканлигини яна бир карра тасдиқлар эди.

Н. БЕКНАЗАРОВА

Ўқиганлар сони: 198