10.12.2018
Домой » Саодат журнали » Жаҳонга машҳур аёллар » Радя Джой Перлман ИНТЕРНЕТ “ОНАСИ”

Радя Джой Перлман ИНТЕРНЕТ “ОНАСИ”

111Дунёни ўзгартирган инсонлар рўйхатидан жой олган машҳур муҳандис, дастурловчи, Гарвард ва Вашингтон университетлари профессори Радя Перлман Американинг Портсмут штатида дунёга келган. Яҳудий миллатига мансуб бўлган Перлманнинг отаси радиолакатор муҳандиси, онаси дастурчи бўлган. “Олма дарахтининг тагига олма тушади”, деган мақол Перлманлар оиласига жуда мос келади.
Ахборот технологиялари соҳасидаги дастурловчилар ҳақида гап кетганда, кўз ўнгимизда асосан эркаклар гавдаланади. Аммо бугунги кунда дунё бўйича энг замонавий ҳамда топ рейтингда турувчи бу соҳа асосчилари орасида аёллар ҳам борлигини кўпчилигимиз билмаймиз.
– Аслида мен болалигимдан санъат шайдоси бўлганман, – дейди Радя. – Классик мусиқалар жону дилим. Валторн ва фортепиано чалардим. Ҳикоя, шеърлар ёзардим. Аммо физика дарсида илк бор дастурларнинг қандай тайёрланишини ўрганиб олгач, ҳаётим мазмунини топгандай бўлдим…
Радя аниқ фанларга, бошқотирмалар ечишга қизиқарди. Кўпчилик учун мураккаб ҳисобланган математика, арифметика фанлари унга жуда осон туюларди. Аммо ҳамма қатори, бир қолипдагидек муҳандис бўлишни истамасди.
Массачусетс техника институти талабаси бўлган ёш Перлман ноёб иқтидори билан тез орада устозлар, тадқиқотчилар назарига тушади. Уни дастурлаш лабораториясига ишга қабул қилишади. Тадқиқотчи докторлик иши бўйича изланишлар олиб борар экан, алоқа тармоқларида юзага келувчи муаммоларга ечим излайди. Изланишлари натижасида уч-беш ёшли болалар учун “TORTIS” номли техника меҳнати ўқув дастурини ишлаб чиқади ва болалар дастурлари кашфиётчиси сифатида танилади.
Докторлик даражасига эришган Перлман яна изланишларини давом эттиради. Унинг бир ва бир нечта тармоқларга уланган ҳалқаларда туғилган нуқсонларни бартараф қилувчи дастури асосий кашфиётларидан деб эътироф этилади. Олиманинг STP дастури керагидан зиёд уланишларни автоматик равишда блоклаб қўя олиши билан аҳамиятлидир. Буни мутахассислар интернет яралишидаги устувор омил, деб баҳолашди. Шу боис олимлар Радя Перлманни компьютерлар хавфсизлигини таъминлаш йўлини топа олган муҳандис сифатида тан олиб, унга “Интернет “онаси”, дея таъриф беришди.
– Интернетни мен ўйлаб топмадим. Докторлик унвонини олиш нақадар мураккаб бўлганидек, бу поғонани эгаллаш ҳам жуда мушкул кечди. Бутун дунё алоқа уланиш тармоғи – бир одамнинг хизмати эмас! Унинг яралишида кўплаб инсонларнинг меҳнати, ҳиссаси бор, – дейди Радя камтарлик билан.
Биз ҳам узоғимиз яқин бўлиши, билимимиз бойиб, дунёқарашимиз кенгайиб, тафаккуримиз зийнатланишига ҳисса қўшаётгани учун бу хонимдан миннатдормиз.

Нилуфар САПАЕВА тайёрлади.

Ўқиганлар сони: 341