20.03.2019
Домой » Саодат журнали » Кўнгилга ташриф » Раъноларимиздан бири

Раъноларимиздан бири

IMG_3237 копияЎзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно ШОДИЕВА ўзбек киносининг энг талабчан актрисаларидан бири. У бирор фильмда суратга тушишдан аввал сценарийни диққат билан ўқиб чиқади. Агар сценарий саёз ёзилган ёки жўн воқеалар асосига қурилган бўлса, бу ролни рад этади.
“Энг олий ҳакам томошабин, ҳақиқий баҳони у беради”, – дейди латофатли актриса.

– Раънохон, ўтган йили сиз суратга тушган “Иснод” фильмини томоша қилдик. Репертуарингизда илгари бундай роллар сира бўлмаган эди…
– Режиссёр менга иккита роль берди. Уйга бориб турмуш ўртоғим билан бирга ўқиб чиқдик. Бири салбий, иккинчиси ижобий роль экан. Мен ижобий ролни танламоқчи бўлдим. Чунки томошабинлар мени кўпроқ ижобий, самимий, кўнгилчан қаҳрамон образларида кўришга кўникиб қолишган-да. Лекин турмуш ўртоғим салбий роль ҳам ижро этиб кўришимни маслаҳат бердилар. Мен рози бўлдим. Режиссёрга танловимни айтгандим, у қувониб кетди. Яратган қаҳрамоним ҳеч қандай разилликдан тап тортмайдиган қабиҳ аёл образи эди. Бу ролни ўйнашга ўйнадим-у, ич-ичимдан, шундай одамларни ер ютса эди, деб ўйлардим. Фильм кинотеатрларда намойиш этилди. Уни кўрган мухлисларим: “Раънохон, сиздан кутмаган эдик, шундай ёмон аёл ролини ҳам ўйнайсизми?” дея мендан ранжишди. “Тарбияни тарбиясиздан ўрган, деган донолар”, деб қўяқолдим.
– Жуда эрта элга танилдингиз. Илк бор суратга тушган фильмингиз ҳаётингизда қандай из қолдирган?
– Биринчи марта “Ҳаммаёқ оппоқ қор эди…” фильмида суратга тушганман. Дугоналарим билан Мустақиллик майдонида айланиб юргандик. Йўлимиздан режиссёр Қамара Камолова чиқиб қолди. Ёнимизга келиб мендан: “Кинода суратга тушишни хоҳлайсанми?” деб сўрадилар. “Вой, шу қизни кинога олинглар, жудаям яхши қиз”, деди бир дугонам ҳаяжонланиб. Аслида унинг ўзи болалигидан актриса бўлишни орзу қиларди. Лекин очиқкўнгиллик билан мени тавсия этган. Бунинг учун дугонамдан беҳад миннатдорман. Ўшанда 13 ёшда эдим… Бу фильм кинонинг кенг дунёсига очган илк дарчам менинг.
– “Ватан” фильмидаги ролингиз томошабин қалбини титратиб юборади. Юзингиздаги сепкиллар ҳақиқиймиди?
– Ҳа, ҳақиқий (кулади). Қайбир актриса режиссёр Зулфиқор Мусоқовга учрашса, у кишининг энг биринчи талаби актрисадан юзини совунлаб ювиб келишини илтимос қилиш бўларди. Чунки ҳар қандай актриса макияж қилиб, чиройли бўлиб бориб, режиссёрда илиқ таассурот уйғотишга ҳаракат қилади-да. Мен ҳам қуюқ пардоз қилиб боргандим. “Юзингни ювиб кел, менга бўёқ керакмас” дедилар. Макияжимни ювиб, норози қиёфада ёнларига келсам, “Ие, юзингда сепкилинг бор экан-ку!” деганлар. “Ватан” фильмида ҳеч қандай макияжсиз, сепкилларим билан суратга тушганман (кулади).
– Биламиз, сиз жуда банд аёлсиз. Ижод, уй-рўзғор юмушлари толиқтириб қўймайдими?
– Айни пайтда кўп вақтим институтда ўтаяпти, талабаларга маҳорат дарсларини ўтяпман. Магистратурани тугатдим, илмий ишимни ёқладим. Бир томонда суратга олиш жараёнлари… Турмуш ўртоғим, болаларим уйга қайтишгунича ҳамма юмушларимга улгуришим керак. Бу борада қизим энг яқин ёрдамчим.
– Қизингиз ҳам йўлингиздан кетибди. Адашмасам, у бошқа касб эгаси бўлиш ниятида эди?
– Қизим тиббиёт йўналишини танлаган ва мен бундан жуда хурсанд бўлганман. Лекин санъатга бўлган қизиқиши устунлик қилди. Зулфиқор Мусоқов фильмидаги иштирокидан сўнг унга ҳам таклифлар тушди. Лекин кейинчалик ўзини четга ола бошлади. “Кўчада мени кўрганлар: “Анави кинода ўйнаган қиз-ку! Анави актрисанинг қизи-ку!” деб қўллари билан кўрсатишаяпти. Энди кинодан таклифлар тушса, рад этаман. Ўзим танлаган тиббиёт йўналишидан бораман…” деди. Наилож, у энди ёш қизалоқ эмас. Ўғлим ҳам аввалига бошқа соҳани танлаётганди. Бизни ҳайрон қолдириб, у ҳам санъат йўналишида иқтидорини синаб кўрмоқчи.
– Интернетдан ўқидик. Ёш ўзбек қизи Мухлиса Азизованинг бир картинасида суратга тушибсиз. Бу фильм кўп фестивалларда иштирок этибди. Шу ҳақда сўзлаб берсангиз?
– Томошабинларга “Космос” тахаллуси билан таниш бўлган россиялик актёр Дмитрий Дюжев билан “У”( ишчи номи “Она” бўлган) деб номланган қисқаметражли фильмда суратга тушдим. Фильмда устозимиз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Карим Мирҳодиев ҳам иштирок этдилар. Сценарийни ўқиб кўрдим. Ҳаётий фалсафаси чуқур, томошабинни мушоҳадага чорлайдиган фильм эканлигини англаб, дарҳол рози бўлдим. Бунинг устига яхши гуруҳ тўпланганди. Бугунги кунда ўзбек киносига кўрсатилаётган эътибор, ижодкорларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши ёш ижодкорларни ҳам руҳлантириб юборди. Ана шундай истеъдодлардан бири Мухлиса Азизовадир. У ёш бўлишига қарамай, қисқаметражли фильми билан нуфузли кинофестивалларда иштирок этиб қайтди. “У” номли қисқаметражли фильми “Канн” фестивалидан кейин “Кипр” халқаро кинофестивалида, шунингдек, Испания ва Қозоғистон кино тадбирларида ҳам муваффақиятли иштирок этди.
– Яқинда сизни қувонтирган яна бир янгилик ҳақида гапириб берсангиз.
– Мен ва хонанда Илҳом Йўлчиев (Dj Рiligrim) Корея элчихонаси томонидан Ўзбекистон ва Корея мамлакатларининг Тинчлик элчиси этиб тайинландик. Шунча санъаткорлар, ижодкорлар орасидан мени танлашгани қувонарли, албатта.
– Киноактрисаларни театрга жалб этиш лойиҳаси бошланган. Ўтган йили режиссёр Сайфиддин Мелиев “Тўмарис” спектаклини саҳналаштирди. Лойиҳага сизни ҳам таклиф этишган экан.
– Таклиф этишганди. Лекин ўша пайтда кичкина ўғлим бетоб бўлиб қолди. Кўнглимга ҳеч нарса сиғмади. Унинг соғлиги ҳақида жиддий қайғурмасам бўлмасди. Кейинги лойиҳаларда, албатта, иштирок этиш ниятим бор. Режиссёр Рустам Саъдиевнинг “Меросхўр” фильмида салбий роль ижро этдим. Яна бир фильмдан таклиф тушган. Бу ҳозирча сир бўлақолсин…
– Аёл борки, гўзаллик сирлари билан қизиқади. Кейинги пайтларда ёшариб, гўзаллашиб кетаяпсиз. Юз парваришида қимматбаҳо косметик воситалардан фойдаланасизми ёки табиий ниқобларни афзал кўрасизми?
– Табиий ниқоблардан деярли, фойдаланмайман. Чунки юз терим аллергияга мойил бўлгани учун бундай ниқоблар фойда бериш ўрнига аксинча, акс таъсир кўрсатиши мумкин. Сифатли пардоз воситаларини ишлатаман. Қиммат-арзонлигининг аҳамияти йўқ, муҳими, воситаларни тўғри танлаш ва мунтазам равишда парваришлаш. Ёшлик, гўзаллик “умрини узайтириш”нинг энг оддий сири шунда деб биламан.
– Чиройли қоматингизга ҳам кўпчилик ҳавас қилади…
– Жиддий парҳез тутиб, соғлигимни хавф-хатарга қўймайман. Тўғри овқатланиш тартибига риоя қиламан, холос. Кенжатойим туғилганидан кейин бир муддат машғулотлар залига қатнашимга ҳам тўғри келган.
– Турмуш ўртоғингиз сизни кинодаги партнёрларингиздан рашк қилмайдими?
– Аёлини қизғанмайдиган ўзбек эркаги бўлмаса керак. Менинг турмуш ўртоғим ҳам рашкчи, лекин касбимни тушунади, ҳурмат қилади. Энг асосийси, орамизда ўзаро ишонч бор. Фақат бир нарсага келишиб олганмиз: кўча-кўйда энг ашаддий мухлисим бўлса ҳам, бегона эркак киши билан суратга тушмайман.
– Яна қандай образлар ижро этиш орзусидасиз?
– Бу йилни Президентимиз “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб атадилар. Юртимизда шижоатли, меҳнаткаш, эл-юртга нафи тегадиган, катта ишларни бошлашдан чўчимайдиган, юрагида ўти бор аёллар жуда кўп. Уларни замонамиз қаҳрамонлари деб атасак, хато бўлмайди. Мен тадбиркор аёллар билан кўп бора суҳбатда бўлганман. Уларга Рано Шодиева (2) копияжуда ҳавас қиламан. Агар менга шундай аёл ролини беришса, қийинчиликлар, машаққатлар ўтида тобланиб, меҳнатлари самарасидан қувонган аёл тимсолини бажонидил яратган бўлардим. Тадбиркорлик қилсин-у, пул топаман деб ўзини ўтга, чўққа урмасин, севсин, севилсин. Аёлнинг ёнида суянадиган, меҳр, эътибор кўрсатадиган умр йўлдоши бўлмаса, минг пул топгани билан ҳаёти мазмунли кечмайди.
– Раънохон, ўзингиз ёқтирган бирор шифобахш салатнинг тайёрланишига оид тавсиянгизни журнал мухлислари билан ўртоқлашсангиз.
– Бажонидил. Айни баҳор чоғида янги, сархил масаллиқлардан, кўкатлардан тайёрланган салатлар саломатлигимиз учун жуда фойдалидир. Қуйида мен тавсия қилаётган салат ҳам дармондориларга бойлиги билан кўпчиликка манзур бўлади, деган умиддаман.

Керакли масаллиқлар:
Ярим пиёла қирғичдан ўтказилган бодринг, 1 стакан қатиқ, ярим стакан қайнатиб совитилган сув, бир бўлак саримсоқ, 1 ошқошиқ ўсимлик ёғи ва таъбга кўра туз.
Тайёрланиши:
Аввал қатиқ билан сувни аралаштириб, сўнг бодринг, майда тўғралган саримсоқ ва туз соламиз. Аралаштириб, ўсимлик ёғи қўшамиз. Қарабсизки, салатимиз тайёр!
Бу салатга майда тўғралган кўк пиёз ҳам қўшиш мумкин.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Журналхонларимиз номидан сизга ижодий парвозлар тилаймиз.

Меҳринисо ҚУРБОНОВА суҳбатлашди.

Ўқиганлар сони: 504