20.03.2019
Домой » Саодат журнали » Кўнгилга ташриф » “Санъат – туйғулар тарбиячиси”

“Санъат – туйғулар тарбиячиси”

photo_2017-08-16_15-20-18 копия“Андижоним, гўзал шаҳ­рим гулларга консан…” Санобар Раҳмонова  бир пайтлар ўсмирлик даврининг беғубор нафаси билан жўшиб куйлаган бу каби дилбар қўшиқларни санъатсеварлар ҳанузгача соғиниб эслайдилар. Радиоданми, “Ойнаи жаҳон”данми янграб қолган қадрдон наволарни ширин хотиралар оғушида тинглайдилар. Бу қўшиқлар ижрочиси санъатга ошуфта қалбларга завқу шавқ улашибгина қолмай, ҳақиқий ўзбек қизининг қиёфасини яратиб, қанча-қанча қизларга ибрат бўлганди.
Бугун ҳаммага бирдек  манзур бўлган, 7 ёшдан 70 ёшгача санъат  ихлосмандлари севиб тинглаган бундай қўшиқларни топиш амримаҳол. Кимдир бу соҳада истеъдоддан кўра иқтисод муҳим бўлиб қолганидан, бошқа биров мухлисларнинг диди саёзлашиб бораётганидан норози. Шу боис мантиқсиз тизмалардан иборат “қўшиқ”лар матнию санъаткор маданияти масаласи бот-бот баҳсли мунозараларга мавзу бўлиб турибди.
Халқимизнинг севимли хонандаси Санобар Раҳмонова билан суҳбатимиз ўша – биз соғинган қўшиқларнинг яратилиши билан боғлиқ ширин хотиралардан бошланиб, санъатнинг маънавий тарбиядаги ўрни ва санъаткор масъулияти масалаларига боғланди.
– Оддийгина бир қишлоқ қизиман. Дадам Раҳмон ота чўпон, онам Хосиятхон ая уй бекаси бўлганлар. Дадамнинг доим ёнида олиб юрадиган кичкина радиоси бўларди. Ундан кўпинча Маъмуржон Узоқов, Таваккал Қодировнинг қўшиқлари янграб турарди. Мени бу наволар оҳанги, сўзларидаги сеҳр ўзига тортаверарди. 4-5 ёшларимдаёқ ўша буюк санъаткорларнинг қўшиқларини ўз билганимча хиргойи қилиб дадамдан олқиш олганман. Санъатга бўлган иштиёқимни, энг аввало, мактабдаги бошланғич синф ўқитувчиларим сезишган чоғи, мени давраларга олиб чиқа бошлашди. 4-синфда ўқиб юрганимда биринчи устозим Носиржон Мирзараҳимов “Санъат ғунчалари” кўрик-танловига олиб борганлар. Ўша танловда санъаткор бўлишимга кўп меҳнати сингган, санъат сирларини ўргатган устозим Ғуломжон ака Рўзиқулов билан танишганман. Кейинчалик “Марҳабо, талантлар!” танловининг республика босқичида иштирок этиб, санъат аҳлининг, жумладан, таниқли қўшиқчи шоир Туроб Тўланинг ҳам эътирофига сазовор бўлганман.
– Ўша кезларда ёшгина қиз – санъат ғунчаси дилтортар қўшиқлари, ўзбек қизларига хос нафосату назокати билан давлат раҳбари Шароф Рашидовнинг ҳам назарига тушган экан. Ўша мароқли хотираларни эсласангиз ҳамон кўнглингизни ширин орзиқишлар тўлқинлантирса керак?
– 1973 йили Асакада пахта йиғим-терими олдидан бўлиб ўтган  катта анжуманда “Андижоним” қўшиғини куйлаганман. Йиғин тугагач, Шароф Рашидов устозим Ғуломжон Рўзибоев билан мени ёнларига чақирган. Мен у пайтда ҳаётимда нечоғлик аҳамиятли воқеа содир бўлаётганини англамаганман ҳам. Қўшиқ сеҳри, одамлар олқиши билан қанот боғлаб, учиб юрган пайтларим эди. Шароф ота билан узоқ суҳбатлашганмиз. Қизиқишларим, санъатга меҳрим, орзуларим ҳақида сўраганлар. Ўшанда фильм суратга олиш бўйича вилоят раҳбарларига топшириқ берганлар. Кўп ўтмай “Ўзбектелефильм” киностудияси томонидан Андижоннинг, Тошкентнинг гўзал, баҳаво жойларида фильмни суратга олиш ишлари бошлаб юборилган. Фильм учун ўнга яқин қўшиқлар тайёрлаганмиз. “Сабо, келтир хабар қишлоқларимдан”, “Устозлар” каби умрбоқий қўшиқларим ўша жараёнда яралган. Режиссёр Ҳожимурод Ибрагимов суратга олган “Куйла, Санобар!” фильми 1974 йилнинг 1 январида катта экранларга чиққан. Фильм намойишидан сўнг санъат мухлисларидан, тенгдошларимдан жуда кўп хатлар олганман.
– Яқинда давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз зиёлилари вакиллари билан бўлган учрашувдаги маърузаси адабиёт, санъат, маданият соҳаларини янада ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб берди.  Санъатни теран ҳис қилувчи мутахассис сифатида учрашувдан олган таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Дўстона, самимий, очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда бу соҳаларнинг маънавий ҳаётимизда тутган ўрнини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирги жараён холисона ва танқидий баҳоланди. Бу борада ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича келгусида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгиланди. Юртбошимизнинг бугунги интернет ва юксак технологиялар асрида адабиёт, санъат ва маданиятимизнинг ижобий таъсирини қандай қилиб кучайтириш мумкин, деган ҳаётий саволи барчамизни, биринчи галда, халқимизнинг энг илғор вакиллари бўлган ижод аҳлини ўйлантириб қўйди. Санъат соҳасида айни пайтда савияси жиҳатдан талабга жавоб бермайдиган қўшиқлар ва уларнинг ижрочилари фаолияти қизғин муҳокама қилиняпти. “Ўзбекконцерт” эстрада бирлашмаси томонидан ўтказилаётган матбуот анжуманларида, телевидение орқали намойиш этилаётган давра суҳбатларида мавзунинг ечимига доир турли фикрлар, таклифлар билдириляпти. Ижобий ўзгаришлар йўқ эмас. Масалан, мантиқсиз матнли, қоришиқ мусиқали қўшиқлар  телерадио эфирларидан олиб ташланди. Бироқ бу соҳада яхши натижаларга эришиш учун ҳали анча тер тўкиш керак бўлади.
– Санобар опа, қўшиқчиликка бўлаётган эътирозлар мавзусига чуқурроқ кирсак.
– Очиғини айтиш керак, ҳақиқий куй-қўшиқ нималигини билмайдиган, унинг мазмун-моҳиятини тушуниб етмаган айрим “хонанда”лар туфайли эстрада қўшиқчилари кўпинча танқидга нишон бўлмоқда. Оғриқли нуқталаримиздан бири – хориждан кўчирмачилик қилаётганимиз. Авваллари бадиий кенгаш адабий ўғриликка мутлақо йўл қўймасди. Кўрикка ўнлаб қўшиқларимизни тақдим этардик. Уларнинг қайсидир нотаси бошқа бир асарга ўхшаб қолса ҳам тасдиқланмасди. Тақдим қилган қўшиқларимиздан уч-тўрттасигина синовдан муваффақиятли ўтарди. Бугун эса саракни саракка, пучакни пучакка ажратадиган бундай талабчан, холис “элак”ларнинг кўзларини ғубор босганми ё кўпчиликда лоқайдлик кайфияти устунми, ҳар ҳолда ким нимани эпласа, “қўшиқ” деб тақдим қилаяпти. Бизнингча, мактабгача таълим, умумтаълим масканларида ўқитилаётган мусиқа дарсларининг савиясини кўтариш керак. Чунки болада айнан боғча, мактаб ёшидан санъатга меҳр, қизиқиш шаклланади. У санъаткор бўладими, йўқми, аҳамияти йўқ. Лекин ёшлигидан чинакам санъатни тушунсин. Уни маънавият тарбиячиси, туйғулар тарбиячиси сифатида қадрласин. Шунда санъаткор диди ҳам, мухлис диди ҳам баравар ўсиб боради. Мухлис рад этса, қабул қилмаса саёз “қўшиқ”лар ўз-ўзидан камаяди.
Эътибор берган бўлсангиз, Президентимиз маданият ва санъат муассасалари ходимларининг 50 фоизидан зиёди олий маълумотга эга эмаслиги ҳақида таассуф билан гапирди. Юртбошимизнинг санъатга ихтисослашган мактабларга таниқли намояндаларни бадиий раҳбар ёки директор этиб тайинлаш ҳақидаги таклифи чекка-чекка ҳудудлардаги ўғил-қизларимиз иқтидорини юзага чиқишига хизмат қилади.
– Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, иболи, ҳаёли, ҳақиқий ўзбек қизига хос қиёфангиз қанча-қанча ёшларга ибрат бўлган эди. Бугун эса айрим видеоклиплар қаҳрамонларининг эгнидаги либослар фақат уларнинг чиройли қоматини “кўз-кўз”лашга хизмат қилаётгандек.
– Афсуски, бугун айрим клипларни оила даврасида томоша қилиб бўлмайди. Ғарбга ошкора тақлид, очиқ-сочиқ кийимлар, ётоқхона манзаралари, устига устак, маъносиз сўзлар тизмаси – булар санъату санъаткорнинг обрўсини туширади. Ўзбекмиз, ўзига хос миллий маданиятимиз, қадриятларимиз бор. Асрлар оша сайқалланиб келаётган бой меросимиз бор. Биз бу бойликни асрашимиз, қадрига етишимиз керак. Ахир, йўқ жойдан маданият яратиб, шуҳрат қозонаётган халқлар бор. Наҳот, биз бор  бойлигимизнинг қадрига етмасак?!
– Мухлислар учун шахсий ҳаётингиз ҳам қизиқарли.
– Турмуш ўртоғим Илҳомжон Жўраев билан ҳамқишлоқмиз. Ёшлик пайтларимизда қишлоғимиздаги “Машъал” дастаси дастурларида бирга қатнашардик: мен қўшиқ куйлардим, у киши куй чаларди. Андижон қишлоқ хўжалик институтини бирга тамомладик. Тақдиримиз бир экан, турмуш қурдик. Шукур, тўрт фарзанд тарбиялаб, юртга қўшдик. Етти нафар набирамиз – кўнглимиз қувончи. Санъатда ҳам, ҳаётда ҳам бир-биримизга ҳамиша елкадош бўлдик. Ўғлимиз Ихлосбек изимиздан кетди. Андижон давлат университетининг мусиқа йўналишида таҳсил олмоқда. Айни вақтда туман, вилоят, республика миқёсида ўтказилаётган турли байрам тадбирларида ўз ижролари билан иштирок этиб келаётгани, ютуқларга эришаётганидан хурсандмиз.
– Санобар Раҳмонованинг армони борми?
– Армонларим ортда қолди, назаримда. Ўз вақтида ёшлик қилибми, журъатсизлик туфайлими катта санъатдан йўқотганларимни оилавий  бахтим тўлдирди. Бугун санъат соҳасидаги ижобий ўзгаришлардан қувонаман. Яна бир қувонадиган жиҳати, “Куйла, Санобар!” фильмидаги қўшиқчи қизалоқнинг мухлислари ёдидан ўчмагани.
–  “Саодат” журнали ўқувчиларига тилакларингиз?
– Аввало, барча опа-сингилларимизни шавқу шукуҳи давом этаётган Мустақиллигимизнинг 26 йиллик тўйи билан самимий табриклайман. Ҳамманинг хонадонида фарзандлар кулгуси янграсин. Санъатни тушунгувчи, қадрловчи инсонларимиз кўп бўлсин!

Зилола РАҲМОНОВА
суҳбатлашди.

Ўқиганлар сони: 622