21.05.2019
Домой » Саодат журнали » Кўнгилга ташриф » Ташриф қоғозим – Фотима…

Ташриф қоғозим – Фотима…

IMG_8325“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Маъсуда отажоновани излаб Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига борганимда, кўнглидаги чексиз меҳр-муҳаббат нури кўзида балқиб турган аёлни учратаман, деб ўйламагандим, тўғриси. Минг йиллик қадрдонлардек бағрига босиб кўришган актриса гримхонасига чорладилар. Ҳол-аҳвол сўрашиш асносида, Маъсуда опага зимдан термиларканман, хаёлларим олис қишлоқда қолган болалик хотираларим томон тортқилади. Қаршимдаги маъсума, чеҳраси чарақлаб турган аёл “Фотима ва Зуҳра” спектакли орқали менга таниш. Ўсмир ёшларда эдим, телевизорда севимли ёзувчимиз Ўлмас Умарбеков қаламига мансуб “Фотима ва Зуҳра” телеспектакли намойиш этилганди. Маъсуда Отажонова унда Фотима образини яратган ва шу роли билан томошабинлар қалбини забт этган эдилар.
– Мени ширин ўсмирлик хотираларимга қайтардингиз, опа, – дейман актрисага ҳаяжонларим боисини англатмоқ бўлиб. – Сизни “Фотима ва Зуҳра” телеспектакли орқали танийман.
– Ҳа, – дейдилар Маъсуда Отажонова. – “Фотима ва Зуҳра”гача кўп спектаклларда ўйнаган бўлсам-да, томошабинлар мени Фотима ролим орқали яхшироқ таниб олишган. Аксарият мухлислар ҳам учрашганида худди сиз каби “Фотима ва Зуҳра”ни эслайди. Ҳар бир актёрнинг ташриф қоғозига айланган роли бўлади. Демак, менинг ташриф қоғозим Фотима экан… (жилмайиб қўяди).

Саҳнада омадим кулган

Сўлим Наманганнинг Чортоқ туманида, шундоқ Чортоқ дам олиш ҳудудида туғилганман. Онам чиройли қўшиқлар, лапар, ёр-ёрлар айтардилар. Санъатга, қўшиқчиликка бўлган меҳр онамдан ўтганми, мен ҳам болаликдан қўшиқлар хиргойи қилардим. Аммо санъат соҳасидан кетишимиз қийин бўлган. Чунки қишлоқчилик, ўзбекчилик… “Артист бўламан” деган қарорни ҳеч ким олқиш билан қабул қилмасди. Катта опам ҳам собиқ Тошкент давлат театр ва рассомлик санъати институтида ўқиганлар. Лекин санъат соҳасида ишламаганлар. Опамнинг орқаларидан мен келганман. Мен Тошкент педиатрия тиббиёт институтига ўқишга кирмоқчи эдим. Тақдир тақозоси билан у ерга ҳужжатларимни қабул қилишмаган. Опам билан ётоқхонада яшаб юрганимда ашула хиргойи қилганимни эшитиб, ўртоқлари вокалдан дарс берадиган мутахассисга олиб тушишган. Қишлоғимиздаги кайфиятдан хабардор бўлгани учунми, опам ҳам санъат соҳасини танлашимга роса қаршилик қилганлар. Ҳужжатларимни собиқ Тошкент давлат театр ва рассомлик санъати институтига қабул қилишган. Имтиҳон жараёнларида ўқитувчилар мени хушовоз хонанда Ҳабиба Охуновага ўхшатишган. Ўқишга кирганимни эшитиб қишлоқда дадам, амакиларим роса тўполон қилишган. Кейин бир неча шартлар қўйиб, ўгиту насиҳатлар билан ўқишга жўнатишди. Ўқишни муваффақиятли тугатиб, устозларимиз Марям ва Бахтиёр Ихтиёровлар тавсияси билан Муқимий театрига ишга келганмиз. Саҳнада омадим кулган, худога шукр. Саҳна мени севиб қабул қилган. Илк қадамимдан мени устозлар меҳр ва эътибор билан кутиб олган. Бу – менга жуда катта рағбат, далда, куч берган.

Образларим “ярқ”
этиб туришини истайман

Актёрлик фаолиятимни бошлаганимдан бери фақат катта ролларни ўйнаб келяпман. Менда доим шундай аҳд бўлган: ролимни “ярқ” этиб чиқаришим керак. Гарчи иккинчи ё учинчи даражали образ бўлса ҳам, томошабинлар диққатини тортиши керак! Буни мақтанишга йўймаслигингизни сўрардим. Шу аҳд мени Маъсуда Отажонова қилган бўлса, не ажаб? Образим бошқа роллардан ажралиб туриши учун саҳнада курашаман. Томошабиннинг “Сиз ўйнаган ролларни жуда яхши кўраман!” деган эътирофи ва меҳр билан тақдим этилган гулдаста мен учун қадрли. Ҳозир “Дилдаги доғ” спектаклида она образини саҳнага олиб чиқяпман. Ҳамма ролимни меҳнат тарозимнинг бир палласига қўйсам, шу ролимни иккинчисига қўйган бўлардим. Назаримда, шу онанинг юки, ўттиз йилдан бери ўйнаётган барча ролимнинг юкидан оғир ва залворли…

Мукофот ва эътироф

Иш фаолиятим давомида бирор марта дам олмаганман. Касалман деб ишга чиқмай қолган куним бўлмаган экан. Театрни, саҳнани, касбимни севганимдан ҳар қандай ҳолатда ўзимнинг зиммамдаги вазифани бировга оғирлигимни туширмай адо этишга ҳаракат қилган эканман. Шу йили 8 март байрамида Муҳтарам Президентимизнинг қўлларидан “Меҳнат шуҳрати” ордени олдим. Жуда мамнунман, бундай бахт ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Айниқса, Юртбошимиз мукофотни топшираётганларида “Шунча йилдан бери тинимсиз меҳнат қилаётган экансиз. Бундан кейин ҳам ана шундай меҳнат қилинг!” деганларида юрагим ҳаприқиб кетди. Ҳамкасбларим, режиссёрлар, партнёрларимга менинг заҳматларимни юзага чиқаришга ёрдам берганлари учун мингдан-минг раҳмат, дейман.

Оғир қисматларни
ўйнаганимда

“Фотима ва Зуҳра”да ўйнаётганимда томошабинлар боши устида ҳавода муаллақ айланаётган оппоқ кийимли қизлар кўзимга кўринган. Қўшиқ айтаяпман, томошагоҳга қарайман: бир нечта қиз бир-бирига эргашиб, айланаётган бўлади. Орқамга қарасам, саҳнада раққоса қизлар айланиб, мен куйлаётган қўшиққа рақс тушаяпти. Томошагоҳда, томошабинларнинг боши устида ҳам оппоқ либосли қизлар юзини кўрсатмай айланишяпти. Қўрқувдан даҳшатга тушганман. Эртаси куни эрталаб лабларим, юзларимга яралар тошиб ишга келдим. Устозларим билган оятларимдан ўқиб, кейин саҳнага чиқишимни маслаҳат беришган. “Дилдаги доғ” спектаклида ҳам жуда қийналаман. Онаизорнинг ҳиссиётлари, изтироби, армонлари ҳар бир томиримга сингиб кетади, гўё. Томошадан кейин пардозхонага келиб ҳам бир соатлар давомида ўзимга келолмай ўтираман.

Аёллик ва оналик
бахти ҳақида

Актёр ва режиссёр Маъруф Отажонов билан турмуш қурганмиз. Талабаликдан бир-биримизни таниймиз. Қадрдон Муқимий театрига ишга келганмиз. Тақдир-насибамиз қўшилган экан, турмуш қурдик. Икки нафар фарзандимиз бор. Қизимиз Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тамомлаган, отасининг изидан бориб режиссёрлик соҳасини танлади. Турмушга узатганмиз, икки нафар набирамиз бор. Ўғлим йигирма бир ёшда. Компьютер дастурловчиси соҳасини эгаллаган. Ўғлим болалигида киноларда ўйнаган. Тўғриси, санъаткор бўлишини унча истамагандим. Ўсмирлигида компьютер соҳасига қизиққанди, суюниб кетиб, уни шу соҳага йўналтирдим…

Йўқотишлар.
Армонлар. Пушаймонлар

Ота-онадан тўққиз фарзанд эдик. Беш нафари ўтиб кетишди. Мен учун йўлчи юлдуз бўлган опам ўттиз бир ёшида вафот этди. Бир укам Россияга ишлагани кетганди, томдан йиқилган экан. Жасадини олиб келишди. Бир синглим шифокорларнинг эътиборсизлиги сабаб бўлиб, беш марта жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди. Аллоҳнинг иродаси экан, уни ҳам бериб қўйдик. Синглимнинг вафотига бир йил тўлиши арафасида акамдан ва кўп ўтмай навқирон укамдан ажраб қолдик. Ота-онам ҳаёт, Аллоҳга шукр. Қиблагоҳларимизнинг табаррук ёшда эканидан мамнунмиз. Аммо шу ёшгача бир неча бор фарзанд доғини кўрганларидан ўксинамиз. Баъзан онам ўтиб қолган жигарларимнинг исмини тилга олиб “Опанг ҳам келмади-я”, “Синглингни кўрмаганимга ҳам кўп бўлди”, “Акангдан бир хабар олиб келай” деб қоладилар-у, бироздан кейин ўзларига келиб, болаларининг вафот этганини эслаб юрак-бағирлари ўртанади. Фарзанд доғи, жигар доғи ёмон бўлар экан. Аллоҳ ҳеч кимга кўрсатмасин бу азобларни.
Соддалигимиз, ҳақ-ҳуқуқимизни билмаслигимиз панд бериб фирибгарларга алданиб қолган пайтларимиз бўлди. Машаққатлар, йўқотишлар синов бўлсин, жазо бўлмасин дейман. Синовларнинг ажри бўлсин. Армонсиз, пушаймонсиз одам бўлмайди. Чунки ҳаёт, турмуш деб қўйибдилар буни.

Устозлари ва
шогирдлари ҳақида

Мен устозлардан омади чопган актрисаман. Бахтиёр ва Марям Ихтиёрова, Фароғат Раҳматова, Рустам Маъдиев, Малика Қаюмова, Дилором Сафоеваларнинг мактабини кўрганман. Партнёрларим Дилмурод Узоқов, Ҳамид Тўхтаев, Боир Холмирзаев, Мирза Азизовларнинг бугунгача эришган ютуқларимда хизмати беқиёс. Бугунги кунда она, қайнона ролини ўйнаяпман. “Устоз” деб бизга эргашаётган ёшларни кўриб юрагим энтикиб кетади, улардаги ғайрат-шижоат, санъатдаги янгиланишларга ишонч-умидни кўриб кўнглим тоғдек кўтарилади. Маърифат Ортиқова, Оқила Ғуломова, Меҳри Имомбердиева, Наргиза Шаҳобова, Гулноз Саидова каби ёш актрисаларни яхши кўраман. Мен бу касбни танлаганимдан ҳеч қачон норози бўлмаганман. Аллоҳ шу касб ортидан халқнинг меҳр-муҳаббатига эришишни, аёллик, оналик бахтини топишни, ҳурмат ва эҳтиромга муносиб бўлишни тақдир қилган экан, ҳаммаси учун беҳисоб шукрлар бўлсин.

Умида АДИЗОВА ёзиб олди

Ўқиганлар сони: 436