21.05.2019
Домой » Саодат журнали » Кўнгилга ташриф » “Театрга келмасам бетоб бўлиб қоламан”

“Театрга келмасам бетоб бўлиб қоламан”

22222  “Фидойилар”, “Меҳробдан чаён”, “Қўшчинор чироқлари” видеофильмлари, “Севгинатор”, “Ўзимдан ўзимгача”, “Айғоқчи кампир”, “Бир ўпич баҳоси”, “Орзу ортида”, “Эр бермоқ – жон бермоқ”, “Йиғламагин”, “Қарздор”, “Чашма”, “Осмон яқин”, “Мерос” номли кинофильмлар орқали томошабинларга яхши таниш бўлган актриса, Қўқон давлат мусиқали ва драма театрида фаолият кўрсатиб, кўплаб ёшларга устозлик қилиб келаётган Ўзбекистон халқ артисти Шафоат РАҲМАТУЛЛАЕВА журналимиз меҳмони.

– Шафоат опа, ўтган йили Президентимизнинг маънавиятимиз фидойилари билан учрашувини сиз ҳам бевосита кузатгансиз. Ана шу учрашув таассуротлари халқимиз, айниқса, сиз каби ижодкор зиёлиларимиз қалбини ҳануз тўлқинлантирмоқда. Бу мулоқотдан олган таассуротларингиз?
– Театр, саҳна умримнинг узвий қисмига айланиб, қувончу ташвишларим билан уйғунлашиб кетган. Лекин бу муқаддас даргоҳдаги мен учун ҳаёт мактаби вазифасини ўтаган узоқ йиллик фаолиятим давомида санъатга, маънавиятга бу қадар юксак эътиборни, рости, энди кўрдим. Учрашувда Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз”, деб таъкидлади. Дарҳақиқат, иқтидор, истеъдод инсонга Аллоҳ томонидан бериладиган илоҳий неъматдир. Агар шундай бўлмаса, у ўзгалар юрагига етиб боролмайди. Шу маънода санъатни бизнесга айлантириш инсон кўнглини пуллаш билан баробардир. Кейинги йилларда ёшларнинг бадиий, эстетик дидини тобора юксалтириш, мусиқа таълимини сифат ва мазмун жиҳатдан янги, юқори босқичга кўтариш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Буни соҳа ривожига ҳукуматимиз томонидан қаратилаётган эътибор, бу борада амалга оширилаётган ишлар исботлаб турибди. Ўз навбатида биз санъаткорлар ҳам халқимизни маънавий жиҳатдан пишиқ, пухта санъат асарларидан баҳраманд этишдек масъулиятни ҳис этишимиз зарур. Масъулият ҳисси қанчалик кучли бўлса, ўйлайманки, санъатимиз ҳам шунчалик кучли ва жозибали бўлади. Президентимизнинг зиёлилар билан тарихий учрашувидан сўнг ёшим яшаргандек, куч-қувватим ортгандек, мақсадларим улканлашгандек бўлди.
3333– Китобхонлик маданияти хусусида Президентимизнинг махсус Фармони ва қарори қабул қилинди. Санъат аҳли биринчи навбатда китоб билан ҳамнафас бўлиши зарур. Театр, турмуш ташвишларидан ортиб мутолаага фурсат ажрата оласизми?
– Албатта, кўпроқ драматик асарларни мутолаа қиламан. Менда китобга меҳр жуда эрта уйғонган. У вақтда жавонлар бўлмаган, уйимиздаги токчаларга газета ёзилиб, устига чинни идишлар тартиб билан териб қўйиларди. Ўша газеталардаги шеърлар, мақолаларни ҳижжалаб ўқиб саводим чиққан. Биз яшаган туманда иккитагина мактаб бўлиб, унда ҳам 7-синфгача ўқитиларди, холос. Синфимизда атиги етти дона парта бўлган. Уларниям одатда ўғил болалар эгаллаб олишар, биз қизлар эса полда ўтириб дарс тинглардик. Уйимиздан сал нарида мўъжазгина қишлоқ кутубхонаси бўларди. Тинмай китоб олиб ўқиб, алмаштираверардим. “Робинзон Крузонинг саргузаштлари”дан тортиб, “Ўткан кунлар”гача шу ерда ўқиганман. Берди Кербобоев, Садриддин Айний, Ойбекнинг китоблари мазмуни болалик, ўсмирлик хотираларимда муҳрланиб қолган.
– Нобель мукофоти лауреати, жаҳонга машҳур адиб Эрнест Хемингуэйга кимдир: “Яхши ёзувчи бўлиш учун нима керак?” деб савол берганида ижодкор: “Кўпроқ изланиш ва озгина бахтсиз болалик”, деб жавоб берган экан. Балки, ёзувчи ўзининг аччиқ ҳаётидан келиб чиқиб шундай жавоб бергандир. Лекин бу ҳазиломуз фикрнинг замирида машаққатлар ҳам кишининг имкониятларини кашф этишга хизмат қилади, деган хулосани англаш мумкин. Шафоат опа, сизнинг ижодий юксалишингизга ёшлик йилларингизда чеккан изтиробларингиз йўл очган, назаримда.
– Ҳаётда ҳеч бир воқеа беҳикмат содир бўлмайди. Муаллималик касбини танлаган бўлсам-да, актрисаликка ҳавасим кучли эди. Педагогика билим юртида ўқиб юрган кезларим катта бир имкониятни бой берганман. 1957 йилда “Ўзбекфильм” киноижодкорлари Қўқонга кастинг ўтказиш учун келишди. “Мафтунингман” фильмига актёрлар сараланаётган экан. Юрагимда бир олам орзу-ҳавас, яхши ният билан кастингда иштирок этгим келди. Ўша вақтда драма тўгарагига ҳам қатнашардим. Дарсда ўтирсам директоримиз синфимизга кириб келди. “Сени ашула айтади десам, кинога ҳам олишаркан! Нима айб иш қилгандинг, чиқ, сени киночилар сўрашяпти”, деди ҳазил аралаш. Гуруҳимиздан мен билан яна икки қизни кастингдан ўтказишди. Кинокамера нималигини билмаймиз, умримизда кўрмаган эдик. Бизни суратга тушириб кетишди. Ижромиз ҳақида ҳеч қандай фикр айтилмади. 1958 йилда мени Тошкентга чақиришди. Замира ролига тасдиқланибман. Афсуски, қувончим узоққа чўзилмади, дадамдан қаттиқ дакки эшитиб олдим.
“Ҳеч қаёққа бормайсан! Қиз болага кинода нима бор? Мен сени туппа-тузук ўқияпсан десам, бунақа ҳунарлар қилиб юрибсанми? Энди ўқишга ҳам бормайсан, уйда ўтирасан!” деди. Бир қанча одам ўртага тушса ҳам дадам гапида қатъий туриб олди. Шундай қилиб, ҳозиргача халқимизга ардоқли бўлиб келаётган “Мафтунингман” фильмида роль ўйнаш менга насиб қилмади. Замира ролини Раъно Ҳамроқулова ижро этди. Мен учун санъат эшиги ёпилганди…
4444Ўқишни битириб, бошланғич синфларга дарс бера бошладим. Тақдирга тан берган бўлсам-да, радиодан бирор хониш эшитилиб қолса, юрагим ҳаприқиб кетарди. Бир куни юрак ютиб дадамга орзуларим ҳақида сўз очдим. Ўз фикридан қайтмаган дадам мени ҳам, онамни ҳам койиб берди. Ичимга чироқ ёқса, ёришмасди. Кутилмаганда қаттиқ бетоб бўлиб, бир ойча ётиб қолдим. Иситмам баланд, мажолим йўқ. Ишонсангиз, тузалиб кетишимга ўзимнинг ҳам, яқинларимнинг ҳам ишончи сўнганди. “Тузалиб кетса, нима деса, айтганини қиламан”, дебди отам аҳволимга ачиниб. Отамнинг бу гапи менга яшаш учун куч бергандек бўлди. “Мана, телевизор, радио бор. Шуларда чиқадиган, халқ тан оладиган артист бўлсанг, бўл. Агар тўйма-тўй юрадиган яллачи бўлсанг, сендан асло рози бўлмайман”, деди у қатъий оҳангда. Мен отамга ваъда бердим.
Лекин тақдир мени яна бир синов билан қарши олди. 1963 йили Тошкент театр ва рассомчилик институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)га ўқишга қабул қилиндим. Ўқиш даврида яна бетоб бўлиб қолдим. Кўп дарс қолдира бошладим. Раҳбаримиз қаттиққўл бўлгани учун ўқишимни давом эттиролмадим. Шу пайтда, Сирдарёда театр очилибди, ёшларни ишга қабул қилишаётган экан, деган гап тарқалди. Биз – Диас Раҳматов, Элдор Мирсаидов, Эсон Лутфуллаев сингари бир гуруҳ ёшлар Сирдарёга қараб йўл олдик.
Театримиз биноси ҳавас қилгулик эмасди. Эски мадраса биноси театрга айлантирилган экан. Меҳроб ўрнида саҳна қилинган, икки ёнида гриммхона. Томошабинга 250 ўринли жой. Шаҳар деҳқон бозоридан бизга ётоқхона ажратиб берилди. Бир хонада 4 киши яшаймиз. Шароит оғир. Қизиқишимиз устунлик қилиб шуларга ҳам парво қилмабмиз. Спектаклларда бор истеъдодимни ишга солиб, роллар ижро эта бошладим. Режиссёрларга маъқул келди чоғи, орадан ҳеч фурсат ўтмай фақат бош ролларни ўйнайдиган бўлдим. “Икки ўт орасида”, “Бир қизга минг ошиқ” спектаклларидаги ижройим мен учун энг унутилмас образлар бўлиб қолди. Тор чалишни ўргандим. Чунки концертлар ҳам уюштирардик.
1969 йили Чимкентга гастролга бордик. 22 июнь куни ёзги театрда “Тўлин ой” спектакли билан парда очдик. Ўша куни кечаси дадам Қўқонда автоҳалокатга учраб вафот этган экан. Амаким театримиз раҳбарига телефон орқали шумхабарни етказган. Директоримиз: “У икки спектаклда бош ролни ижро этяпти, ўрнига одам йўқ. Агар ҳозир қайтиб кетса, гастролни шу ерда тўхтатишга мажбур бўламиз, айтмай қўяқолайлик”, дебди. Сафаримиз тугагач, бошқарувчимиз турмуш ўртоғим иккимизга Тошкентга билет олибди. Қолганлар Душанбе шаҳрига кетадиган бўлишди. Нима гаплигидан бехабарман, сабабини сўрасам, отангизнинг мазаси йўқ экан, Қўқонга борармишсиз, дейишди. Таажжубланиб йўлга тушдим. Уйга келсам, ҳовлимиздаги айвон чойшаблар билан ўралган. Эгнимда атлас кўйлак. Уйни офтобдан пана қилиб ўтиришибди, шекилли, деб ўйлабман. “Мен келдим, дадам қанилар?” дедим чойшабни кўтариб. Мени кўриб опам дод солди. Қўшнилар йиғилишди. Яна аза бошланди. Амакимга югуриб борсам, мени ўзидан нари қилди. Ҳамма мендан ранжиган. Кўзларимдан афсус-надомат ёшлари қуйиларди. Шунда отамнинг онаси – катта бувим жонимга оро кирди: “Нега ундай қиласизлар, бу ахир бехабар эди-ку. Билса шу аҳволда келармиди?” дедилар. Отамнинг қабрини зиёрат қилиб, кўнглим бироз таскин топгандек бўлди…
Телевидение орқали телевизион “Муштум” журнали эфирга узатиларди. Шу кўрсатувда Муҳаммаджон Мирзаевнинг “Илтимос” номли қўшиғини ижро этдим. Дадам илк бор эфирда шу чиқишимни кўргандилар. Онамнинг кейинроқ хотирлашича, ўша қўшиғимни падарим кўзларида ёш билан тинглаган экан. Радиодан янграган қўшиғимни эшитиш отамга насиб этмагани менга армон бўлиб қолди. Отамнинг руҳини шод қилиш учун ҳаётим давомида унга берган ваъдамга амал қилиб келяпман.
5555– Инсон камолотида онанинг ўрни беқиёс, шундай эмасми?
– Онам – Қумрихон Нозирхўжа эшон қизи ёшлик дамларида дугоналари билан доира чалиб, лапарлар айтишар экан. Санъатга бўлган иштиёқ менга онамдан ўтган. Қишлоқда ҳамма уни, раис хола, дерди. Кимнинг ўғли армиядан келса, дарров ош пишириб, устига атлас қийиқ қўярди-да, ўша хонадонга киритиб юборарди. Ёшлигимизга бориб, сизга зарилми, деб норози бўларканмиз. “Бир мусулмоннинг боласи қай юртларда хизмат қилиб келди-я, йўқлаш керак, сизлар ҳам шунга ўрганинглар”, дердилар. 87 ёшда оламдан ўтди волидам. Ҳамон онамнинг ширин суҳбатларини, сўзларини қўмсайман…
– Довон ошиб пойтахтга келиб тасвирга олиш жараёнларида қатнашиш сизга қийинчилик туғдирмайдими?
– Йўқ, асло. Ҳурмат қилиб чақиришса, бажонидил келаман. Хурсанд бўлганимдан чарчоқни ҳам сезмайман.
– Саксон ёшни қоралаб қолдингиз, атлас либос ҳамон эгнингизда. Атрофимизни кузатиб, бугун кийиниш маданияти борасида ҳам анчайин қусурларимиз борлигини илғаяпмиз. Айнан актёрлар мисолида ҳам шундай салбий манзараларга дуч келяпмиз.
– Атласни жуда яхши кўраман. Кийиниш услуби ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ҳар кимнинг дидига боғлиқ. Айрим ёшларимиз калта-култа либосларни замонавийлик белгиси деб ҳисоблашаётгани ранжитади кишини. Санъаткор ҳар тарафлама ҳаммага ўрнак бўлиши керак. Саҳна томошабинлар залидан бир ярим метр юқорида қурилган. Санъаткор саҳнанинг муқаддаслигини унутмасин.
– Томошабин маданияти хусусидаги фикрларингиз.
– Анча йиллар илгари Ўш вилоят театрида содир бўлган бир ҳолат ҳақида ўқиб қолдим. Шекспирнинг бетакрор асари – “Гамлет” саҳнада қўйилаётган паллада томошабинлардан кимдир: “Ҳой, ашула ҳам бўлсин!” деб қийқирибди. Бундай ҳолатлар ҳозир ҳам йўқ деб бўлмайди. Мумтоз асарлар саҳнага қўйилаётган паллада қайсидир томошабин пичирлаб гаплашиб ўтиради, болалар шовқин солади. Театрга, актёр меҳнатига ҳурматсизлик эмасми бу?! Менимча, томошабин маданияти, актёрларга нисбатан ҳурматни болаликдан оилада шакллантириб бориш зарур. Бу гапим билан томошабинни маданиятсизликда, калтабинликда айблаш фикридан йироқман. Маҳмудхўжа Беҳбудий бобомизнинг “Театр – бу ибратхона” деган ибратли сўзларини эслатиб ўтмоқчиман, холос. Ўзимизни ҳам, ўзгаларни ҳам ҳурмат қилайлик.
– Шафоат опа, мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат! Ижодингиз сермазмун роллар билан бойисин, мухлислар муҳаббати сизга куч-қувват, ғайрат, шижоат ато этаверсин!

Мадаминжон СОЛИЖОНОВ суҳбатлашди.

Ўқиганлар сони: 429