10.12.2018
Домой » Гулчеҳралар » “ТЕЛЕГРАМ”да оналар нималарни муҳокама қилишмоқда?

“ТЕЛЕГРАМ”да оналар нималарни муҳокама қилишмоқда?

Мавзу фарзандлар ҳақида (ми?)

Сарлавҳани ўқибоқ, “Яна интернет тармоқларининг танқиди бошланди”, деган ўйга бораётган бўлсангиз керак. Кейинги пайтларда оммавий ахборот воситаларида интернет хуружлари ҳақидаги кўрсатувлар, мақолалар кенг ёритилмоқда. Айрим тармоқлар ёшларимиз онгини заҳарлаб, аянчли йўлларга бошлаётгани ачинарли ҳол, албатта. Аксинча, бу тармоқлардан ақл билан фойдаланаётганлар орасида вақтини тежаб, муаммоларини тез ҳал қилаётганлар ҳам анчагина.

Тилимизга “Интернетдаги гуруҳлар” атамаси анча ўрнашиб қолди. Лекин маълум бир йўналишда гуруҳлар тузаётган “админ”лар орасида ўзи нима мақсадда бу гуруҳни юритаётганини тушунмайдиганлар ҳам бор. Бу тоифадагилар олдинига бир маромда фаолият олиб бориб, кейин кўнглига келган нарсаларини ёзиб, турли маза-бемаза расм ва видеороликлар билан гуруҳдошларини “таъминлаб” туради. Ўқиган, тушунган инсонлар бу гуруҳлардан тезгина ўзларини “қутқаришади”… Қолган айрим тушунмаганлари эса…
Яна сарлавҳага қайтсак, нега “оналар”? Ўқувчи ёшидаги фарзандлари бор оналар, (баъзи оталар ҳам) мактабдаги янгиликлардан мунтазам бохабар бўлиб туришлари учун телеграмда ўзаро гуруҳлар тузаётгани ҳаммага аён. Гуруҳ бир синфда ўқиётган ўқувчиларнинг ота-оналаридан (асосан оналардан) таркиб топиб, улар ота-оналарга анча енгиллик туғдиради. Фарзанди бирор сабаб билан ўқишга бора олмай қолса, кейинги кун дарс жадвалидаги ўзгаришлар, уйга берилган топшириқларни гуруҳ аъзоларидан билиб олишлари мумкин. Бундай гуруҳларда, асосан, ота-оналар кенгаши раиси жонбозлик кўрсатади. Чунки улар синф раҳбари билан доимий мулоқотда бўлиб туришгани учун янгиликлардан ҳаммадан олдин хабардор бўлишади.
Ўзимнинг ҳам мактаб ёшидаги фарзандим бор. Телеграмдаги ота-оналар гуруҳи менга яқин кўмакдош, десам янглишмайман. Айрим уй ишига берилган топшириқларни бажариш чоғида фарзандимнинг жавобидан иккилансам, гуруҳдошларимнинг фикрларини сўрайман. Ва бажонидил жавоб оламан. Бу менга телефон орқали қўнғироқлашиб гаплашишдан кўра қулай. Бундай мисолларни кўплаб келтиришим мумкин.
Шу кунгача бу гуруҳларга нисбатан ҳеч қандай эътирозим йўқ эди. Яқинда бир дугонам билан учрашдик. У тинмай телефонига келаётган SMSларни ўқиб, асаби бузилаётганди: сабабини сўрадим.
– Ўқув йили бошида синфдаги ўқувчиларнинг оналари билан гуруҳ туздик. Бинойидек гаплашиб тургандик. Кейин баъзи оналар асл моҳиятини унутиб қўйишди, – деди дугонам куйиб-пишиб. – Оналардан бири чет элдан мол олиб келаркан. Олдинига у телеграмга сотаётган кийим-кечакларининг расмини жойлаштира бошлади. Суҳбатдошлар аёллар эмасми, нарх-наволар суриштирила бошланди. “Вой, бозорда бунақаси йўқ! Биринчи қўл. Фақааат сизларга, танишларим бўлганингиз учун арзон беряпман”, деб “лағмонлар” осила бошланди. Кейин яна бири “сендан қоламанми?” қабилида пардоз-андоз буюмларини “сота” бошлади.
Охири сабрим тугаб, “Ҳурматли аёллар, бу жой бозор эмас”, деб ёзиб юбордим. Гапимга ҳеч ким парво қилмади. Тушундимки, қолганларга ҳам шу савдо-сотиқ ёқиб тушган. Болалар муҳокамаси қолиб, модалар муҳокамаси авж олиб кетди. Қанийди, неча минг долларга қандай кўйлак олишни, у кийимга қайси урфдаги пойабзал тўғри келиши, соч турмаги… ҳақидаги гаплар ўрнига қанийди биронтаси: “Фалон жойдаги китоб дўконида яхши китоблар бор экан. Олайлик. Ёки мана бу газета, журналлар ўқувчиларбоп экан, обуна бўлайлик”, дейишса…
Болаларимнинг устози ёзги таътилда уларга бадиий китоблар ўқиб келишни топширганди. Ишонаманки, бу оналарнинг кўпчилиги ўзининг латта-путталаридан орттириб китоб харид қилишмаган…
Бу гапларни эшитиб, уларнинг фарзандларига раҳмим келди. Уларнинг орасида билимга ихлоси баланд болалар бордир. Агар оналар уларни вақтида пайқаб, йўлга солиб юборишмаса оқибати нима бўлади? Интернетда кунини ўтказувчи бу аёлларнинг асосий мақсади нима ўзи? Вақт ўтказишми? Илгарилари кўчада гап “сотиб” ўтирадиган аёлларни танқид қилардик. Ҳозир аёлларнинг кўчага чиқишга вақти йўқ. Ҳаммасининг қўлида телефон. Яна болаларига: “Телефонингни ўчир, дарс қил”, деб уришишади. Ахир қуш ҳам уясида кўрганини қилади-да!
Шу мавзуда мақола ёзиш фикри туғилгач, бошқаларнинг ҳам фикрлари билан қизиқдим:

Гулчеҳра ЖАЛИЛОВА, уй бекаси:
– Кўпчилик бундай гуруҳларда уй бекалари ёзишиб ўтиради, деб ўйлашади. Аммо аксарият уй бекаларининг бундай бекорчи ёзишмаларга умуман вақти бўлмайди. Ўзимдан чиқиб гапирсам, ҳар бир кунги соату дақиқам тақсимланган. Эрталаб соат тўққизгача турмуш ўртоғимни ишга, болаларни ўқишга, боғчага кузатаман. Тушликкача уй йиғиштириб, бирор овқат тайёрлагунимча вақт қандай ўтганини сезмайман. Тушликдан сўнг ўғлимни спорт тўгарагига, қизимни фан тўгарагига олиб бораман. Қайтгач, кечки овқатга ҳаракат бошланади. Гоҳида телефоним бор-йўқлигини ҳам сезмайман. Айтмоқчиманки, оила ишларини бир маромда юритаётган аёлларнинг интернетга беҳуда вақт сарфлашига ҳожат қолмайди. Ижтимоий тармоқлар йўқ пайтида ҳам оналар, қайноналар ўз сабоғини ўргата олган. Менинг фикрим, бўш пайтимизда фарзандлар тарбияси, уларнинг келажаги ҳақида ўйлаб иш тутишимиз керак.

Умида БОЗОРОВА, ўқитувчи:
– Ҳамма айбни интернет тармоқларига тўнкаш нотўғри. Инсонга танлаш ҳуқуқи берилган. Елкамизда кўтариб юрганимиз қовоқ эмас-ку! Ҳар ким ўйлаб, мулоҳаза билан мулоқот қилса, олам гулистон! Шиддатли бу замонда интернетни чеклаб бўлмайди. Интернет хуружларидан фарзандларингизни назорат қилиб туринг, деймиз-у, ўзимиз телеграмда сафсата “сотиб” ўтирсак. Мантиқ қаерда қолади? Бундай пайтда, оила бошлиқларининг ҳам хотинига қаттиққўллиги керак, назаримда. Хотинининг интернетга муккасидан кетганини кўрдими, қандайдир чекловлар қўйиши керак. Оилали аёллар орасида интернетда бегона эркаклар билан танишиб, ёмон йўлга кириб кетаётганлар ҳам бор. Менимча, ҳар бир ишда меъёр бўлгани маъқул. Интернет ҳамиша эзгу ишлар сари йўл очсин!

Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, ҳар биримизнинг ишимизда, ҳаётимизда кўмакдош бўлаётган кашфиётлардан оқилона, меъёрда фойдаланайлик. Аллоҳ берган умрнинг қадрига етайлик. Виртуал ҳаётда эмас, ҳақиқий ҳаётда яшайлик!

Нилуфар САПАЕВА

Ўқиганлар сони: 224