10.12.2018
Домой » Саодат журнали » Наср » Туркон хотун ёхуд чингизхон тузоғига тушган малика

Туркон хотун ёхуд чингизхон тузоғига тушган малика

Истеъдодли ёзувчи Шаҳодат ИСАХОНОВАнинг “Турон маликалари” туркумидаги янги романи “Туркон хотун ёхуд Чингизхон тузоғига тушган малика” деб номланади. Хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги кунлари, Чингизхон босқини каби алам, тавба-тазарру, ҳайрат қоришиқ тарихий воқеаларни Султон Жалолиддин ва унинг онаси Ойчечак бегимнинг мардонавор шахсияти ёлқинлантириб, ёруғлантириб туради.
Қуйида ушбу романдан бир парчани эътиборингизга ҳавола қилар эканмиз, тарихдан фақат билим, маълумотгина эмас, ибрат ҳам олиш лозим, деган фикрни таъкидлашни истардик.

26-1 копияСултон Жалолиддин ғуссали кўзларини тезгина улардан олиб қочиб, амир Темур Маликни ёнига чорлади. Темур Малик ҳам ҳозирги вазиятни англаб, қил устида турарди. Чунки эрталаб сипоҳбуд Мансур Қора Култепа атрофига Чингизхоннинг кўп сонли “енгилмас баҳодирлар”и жойлашаётгани ҳақидаги хабарни келтиргач, Султон Жалолиддин ўзининг оз сонли қўшини мўғулларга қарши туролмаслигини англаган ва сипоҳбудни қирғоқда қолган ҳарамига, волидаси ҳузурига юбориб, уларни зудлик билан дарёнинг нариги қирғоғига ўтказишни буюрган эди. Аёллар тушган ва хазина ортилган олти жўнг дарё­нинг ўртасига етиб қолган эди.
– Қирғоққа етишга улгуришармикин? – деди армонли бир оҳангда Султон Жалолиддин қайғу ва алам тўла кўзларини жўнгга тикканича.
– Аллоҳ ўзи меҳрибон, Султоним!.. – деди Темур Малик мўғул лашкарлари билан нариги қирғоқ орасидаги масофани чамалаб кўраркан нафаси ичига тушиб. Аёлларнинг қирғоққа етиш эҳтимоли жуда камлигини англаган амир гапни бурди.
Унинг жавобисиз ҳам масала ойдинлашган эди. Чор атрофни ҳалқа каби ўраб келаётган мўғул лашкарларининг сўл қанотидагилар дарё­даги жўнгни пайқаб қолишган, сафдан айрилган юз чоғлик чавандоз эса қийқирганича жўнг томон еларди.
Султон Жалолиддиннинг юзларида саросима, таҳлика зоҳир бўлди. Қутулмоқдан кўра ҳалокат яқинроқ эди.
– Ул ожизаи нисоларни мухаллис айламакка изн беринг, Султоним! – деди Темур Малик шахд билан. – Таваккали Худо!
Султон Жалолиддиннинг кўзлари аламдан ёниб кетди.
– Кеч… – деди нафаси ичига тушиб ва оғзидан олов чиққандай иҳради ва боягина волидаси билан ғалати бир тарзда хайрлашганларини эслади.
– Волидам, келинингиз Моҳлар ойим бирлан Музаффар Султонимни сизга, сизни эрса Аллоҳга омонат этурмен! Сизларнинг бунда қолмоғингиз хавфли. Қуршовга тушсак, сизлар бирлан чиқиб кетишимиз қийин кечадир, шул боис, сизлар жўнгга ўтириб, дарёнинг нариги қирғоғига ўтмоғингиз ва бизнинг келишимизни ўшал тарафда кутмоғингиз лозим…
– Султоним… Сиз ҳам Аллоҳимга омонатсиз! Фақат… – Ойчечак бегимнинг кўзлари ёшланиб, сўзларини ютди. – Фақат…ғаним қўли баланд келиб қолса…
– Хавотирланманг, волидам…
– Хавотирланаётганим йўқ… Иншооллоҳ, юзингиз ёруғ бўлгай! Лек бул ўйин эрмас, жангу жадал, ҳаёт-мамот курашидур, бунда кимнинг қўли баланд келадур, Аллоҳим биладур… Не бўлганда ҳам мен сиздин мингдан-минг розимен! Сиз ҳам рози бўлинг…
– Волидам…
– Сиздин биргина ўтинчим… ғанимлар қўлига тушмоғимиз аён бўлиб қолса… ҳеч иккиланмай, бизни ул юзи қароликдин, ор-номусимиз топталишидин асранг… Зеро, йўлга… ўлимни бўйнимизга олиб чиққанмиз…
– Оҳ, волидам, сизларни шундай қаро кунга қолдирган, шундай калималарни сўзлашга мажбур этган қандай ўғлон бўлдим?!
– Тақдирга тадбир йўқдур, ортиқча сўз сўзлаб, дилингизни вайрон этмасмен! Аллоҳимнинг ўзи меҳрибон, ғалаба ёр бўлишини тилаб қоламен!..
Шуларни эслаган Султон Жалолиддиннинг дарди-дунёси баттар қоронғу бўлди.
Аёллар билан мўғул лашкарларининг ўртасидаги масофа тобора қисқариб борарди. Буни жўнгдаги аёллар ҳам сезиб қолишди шекилли, бирдан қий-чув, дод-фарёд кўтарилди.
Султон Жалолиддин қора тер босган пешонасига титроқ кафтларини босди. Унинг кенг ва кўркам елкалари бирдан кичрайиб, қадди букилди. У оти жиловини тутиб турган сипоҳдор Муҳаммад Тарлонга “бери кел” ишорасини қилди.
Муҳаммад Тарлон Султоннинг гапини эшитиб, қотиб қолди ва кўзлари қинидан чиққудай бўлиб бақрайди. Лаблари титраб, гаплари пойма-пой чиқди.
– Менга раҳмингиз келсин, Султоним… – деди Султоннинг узангидаги ўнг оёғига ёпишганича. – Аларнинг гуноҳига қолмоғимдин мени халос этинг! Волидаи муҳтарамангиз Ойчечак бегим онам кабидур…  шаҳзода Менгтусшоҳ  ҳали норасида…  Ундан кўра… мени ўлдиринг! Мени чопиб ташланг, Султоним!
– Аларнинг гуноҳи менинг бўйнимда… – деди Султон Жалолиддин ёшли кўзларини ерга тикканича ва шахд билан оёғини унинг қўлларидан айирди. – Бор, Тарлон, бошимда бул кўргулик ҳам бор эркан…
– Ё, Худо! Ё, Тангрим! Бул тавқи лаънатни қандай кўтарамен?! – ҳўнграганча отига сакраб минди Муҳаммад Тарлон…
Ойчечак бегим Муҳаммад Тарлонга чиндан ҳам онадай бўлиб қолган эди. Туркманларнинг оққуюнли уруғидан бўлган волидаи муҳтарамаси Ҳанифа биби Ойчечак бегимнинг қизликдаги дугонаси эди. Тақдир уларни Ҳиндистонда, бир хожанинг хонадонида учраштирган, иккиси ҳам бир хожанинг канизаклари эдилар. Муҳаммад Хоразмшоҳ Ойчечак бегимни севиб қолиб, унга уйлангач, бегим эрига илтимос қилиб,  дугонасини ҳам Хоразмга олиб келтирган ва ўз хоҳиши билан сарой ошхонасидаги ошпаз йигитга турмушга берган эди. Ҳанифа биби то бу дунёи фонийни тарк этгунига қадар, бегимнинг ёнидан бир нафас ҳам нари кетмади. Ўзининг чучук тили, ҳазин, лекин ширали овози билан туркманча қўшиқлар куйлаб, Ойчечак бегимга ёлғизлигини, яқинларидан йироқда эканлигини, эридан бошқа барчага бегона эканлигини сездирмади. Болалик ва ўсмирлик йиллари Султон Муҳаммад Алоуддин саройида ўтган Муҳаммад Тарлон то ақлини танигунига қадар, волидаси билан Ойчечак бегимни эгачи-сингил деб билди. Волидаси Ҳанифа биби бу хонадоннинг оддий хизматчиси, отаси Тарлон Маннон ошпази эканлигига ақли етгач ҳам, хафа бўлмади. Аксинча, қачонлардир яқин бўлган ва бошига бахт қуши қўниб, маликага айланган дамларда ҳам қадрдон ва сирдош дугонасини ўзидан нари қилмаган Ойчечак бегимга меҳри ортди, волидасидай меҳр қўйди.
Шу боис, ҳозир Султон Жалолиддин амр этган фармонни бажо келтириш унинг учун ўлимдан ҳам оғир эди. Айни лаҳзаларда эса бундан ўзга йўл ҳам, чора ҳам йўқлигини англаб турар, лекин қалби, ақли, вужуди бу аччиқ ҳақиқатга бўйсунишни хоҳламасди.
…Кема томон шитоб билан сузиб келаётган таниш суворийларни кўриб, аёллар қувончдан қичқириб юборишди.
– Тезроқ… Тезроқ келинглар! Чаққонроқ сузинглар!…
Аёлларнинг юракларни тилкаловчи фарёд тўла овозини эшитиш, қувончдан нур балққан чеҳраларини кўриш суворийлар учун азоб эди. Шу боис улар бир-бирларига қарашмас, худди даҳшатдан ақлу ҳушини йўқотган кимсалардай ғайритабиий бир жадаллик билан Муҳаммад Тарлоннинг ортидан сузиб боришарди.
Уларни Чингизхон ва унинг ўғлонлари, нўёнлари анча илгари пайқашган эди. Лекин ўн чоғлиққина суворийнинг кемадагиларга қандай кўмак бериши мумкинлигини тасаввур этишолмагани боис, унчалик эътибор беришмаган, жўнг томон бораётган мўғул навкарларини назорат қилишарди, холос.
– Ҳеч ким ўлдирилмасин! – деди Чингизхон кафтини пешонасига айвон қилганича, жўнгга тикилиб ва ёнида турган Сайфиддин Ўғроққа ўгрилиб, синчков кўзларини унга ғалати қилиб тикди. – Биринчи кемадагилар аниқ Султон Жалолиддиннинг волидаси ва хонимлариму?
– Шундай, улуғ қоон… – деди овози титраганича Сайфиддин Ўғроқ Чингизхоннинг кўзларидаги айрича бир таҳдидни ҳис этиб, нигоҳини шошиб ундан оларкан, – маликамиз жўнгининг елканлари ҳаворангдур!
– Султоннинг ўғлонлари ҳам борму?
– Бор, улуғ қоон, ўғлони бувиси бирлан бир жўнгда… Иккинчи, учинчи жўнгдагилар яқин қариндошлари, қолган уч жўнгга эрса хазина ортилган…
Муҳаммад Тарлон биринчи жўнгга яқинлашгач, кема ичида у ёқдан-бу ёққа югурганича, уларни чорлаб, қўл силкитаётган аёлларни кўриб, юраги орқасига тортиб, сирқиради. Кечагина оппоқ юзлари ойни эслатувчи, тим қора кокиллари мушк-анбар бўйларини уфурувчи, шоҳи кўйлакларининг ҳилпиллаши капалаклар қанотидан ҳам аъло аёллар ўрнида, юзлари дарё суви каби кўкариб, тусини йўқотган, нигоҳларига дунёдаги барча ғам-алам, қайғу-ҳасрат, андуҳ қалққан муштипар чеҳралар турарди.
Муҳаммад Тарлон Ойчечак бегимнинг буғдойранг мағрур чеҳрасига, андуҳ тўла нигоҳига, йиғламоқдан тийилиб қимтинган лабларига кўзи тушган заҳотиёқ ўғлининг кўнглидан кечган барча кечинмаларни, унинг қарорини онаизор юрак-юракдан англаганини ва ўзини бул фожиага руҳан тайёрлаганини ҳис этди. Бегимнинг мунгли ва сассиз нигоҳига ортиқча дош беролмади. Унинг маъюс, қоп-қора кўзлари гўё “Берган тузу намагим эвазига тангрим менга шул жазони лойиқ кўрдиму?” деяётгандай туюлиб, бошини эгар қошига урганича, йиғлаб юборди.
– Уволингиз тутсин, волидам…
Лекин сувнинг шалоплашидан унинг овозини Ойчечак бегим эшитмади. У Муҳаммад Тарлоннинг кўзларидаги ёшни кўргач, интиқ нигоҳини Султон Жалолиддин томон шарт бурди ва бемажол қўлларини унга узатгандай, шошиб чўзди.
– Тангрим, ўғлимни элимга, элимни сенга топширдим. Аларни ўзинг асра!
Шу заҳоти залворли жўнг қаттиқ чайқалди ва сувнинг сатҳи кеманинг бўғзигача етди. Аёллар даҳшатга тушиб, чинқириб юборишди. Султон Жалолиддиннинг хотини нима бўлаётганлигига ақли етмай, бир лаҳза ваҳима ичида қотиб қолди. Сўнг хаёлига, лашкарлар орасида хоинлик юз берган, деган ўй келди-ю, жонҳолатда қайнонасининг қошига югурди. Лекин талвасали нигоҳи Ойчечак бегимнинг хотиржам кўзлари билан тўқнашгач, юраги бирдан орқага тортиб кетди ва жонҳолатда ўғли томон ўқдай отилди. У боласини юлқилаб, сувга талпинди. Ойчечак бегимнинг панжалари келинининг унгиридан тутганича, орқага тортди.
– Бошга ўлим келганида мард бўл, болам…
Гумонининг ҳақиқат эканлигини англаган келинчакнинг тўсмунчоқдай қоп-қора кўзлари энди даҳшатдан олайди, телбалардай талваса ичида шаҳзодани бағрига босди.
– Волидам… жоним маликам… ўғлимга… Музаффар Султонимга тегмасунлар!
Ойчечак бегимнинг ёшли кўзлари беихтиёр юмилди, титроқ қўллари билан набирасини ўзига тортди, сўнг уни бағридан бўшатиб, жўнгдан сакрашга буюрди.
Шошиб қолган шаҳзода нега сакраётганлигига ҳам тушунмади.
Жўнг яна икки марта забт билан чайқалди.Учинчи бора чайқалганда ўзининг зарбидан кучли тўлқин ҳосил қилиб, атрофидаги суворийларни нарига итқитди-да, шитоб билан дарё қаърига ина бошлади.Фалокатни сезган тулпорлар бешикдай тебранаётган оппоқ тўлқинларга тумшуқларини урганларича, пишқириб, ўзларини орқага ташлашди.
…Кемага яқинлашаётган мўғул навкарлари шитоб билан сузаётган жўнгнинг Султон суворийлари билан тўқнашгач, қимир этмай қолганини кўриб, аввалига ҳеч нарсани тушунишмади. Кейин тўхташининг сабабини тахмин қилишди-ю, ҳозиргина ўлжа бўлиб кўринаётган афсонавий кема бирпасда саробга айланишига ақллари етиб, аламдан қийқириб юборишди. Уларнинг бўри увиллашига ўхшаш узуқ-юлуқ овозлари Чингизхоннинг ҳам қулоғига етди.
Нима бўлаётганини энди англаган Чингизхон ҳам қотиб қолган, кўзларини жўнгга тикканича, аламданми, ачинишданми, бош чайқарди.
Залворли кема ўрнида пайдо бўлган ўрама-гирдоб, олдин чойдишдай варақлаб қайнади. Кейин ўртасидаги айланадан четлари зарҳалли бағдоди оқ ҳарир рўмол, патила сочлари от ёлидан қилинган ёғоч қўғирчоқ, бир пой сахтиён кавуш, икки дона ширмой кулча ва Ўтрорнинг қирмизак олмалари қалқиб чиқа бошлади.
Муҳаммад Тарлон Ойчечак бегимнинг рўмолини таниб, юраги бир қалқиб тушди. Қайғули нигоҳини оқиб бораётган рўмолдан олганича, “тезроқ кетайлик” ишорасини қилаётган шериклари томон оти бошини шитоб билан бурди.
– Тоғойи! Тоғойижон!!! – Муҳаммад Тарлон сувнинг шовуллашидан қулоғига элас эшитилган аёл овозини эшитиб, ён-верига аланглади. – Фалокат… Фалокат, тоғойи…
Аёлнинг узун, майда ўрилган сочлари сувда ёйилганича, боши гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай, у томон шитоб билан сузар, тасаввурига сиғмаган бу фалокатдан қўрқиб кетганиданми ё шошиб қолганиданми ёки ҳўл бўлган уст-боши оғирлашиб, сузишга ҳалақит берганиданми оғзини каппа-каппа очганича, қийналиб қулоч отарди.
Муҳаммад Тарлон амир Амин Маликнинг катта қизини таниди. Улар онаси ва сингиллари билан иккинчи жўнгда эдилар.
– Волидам… сингилларим… укачам… барчалари ғарқ бўлмиш, тоғойи…
Муҳаммад Тарлон ҳеч нарса демасдан қизни отига миндирди-да, узуқ-юлуқ овозлари энди аниқроқ эшитила бошлаган мўғул чавандозлари томон хавотирланиб қаради.
Ўлжадан маҳрум бўлаётганини англаган мўғул навкарлари тобора узоқлашаётган Cултон лашкарларига етиш умидида жон-жаҳдлари билан отларини қамчилашар, биқинига тепишар, аччиқ қамчи зарбидан қутулмоқ учун жон аччиғида бошини ҳар томонга бураётган отлар эса оқимга қарши қийналиб, атрофга сув сачратиб, олдинга интиларди.
Олти кеманинг бирин-кетин ғарқ бўлаётганини кўрган Чингизхон аввалига кўзларига ишонмади. Нима воқеа содир бўлаётганига ақли етгач, кўзлари косасидан чиққудай бўлиб олайди, талвасада тулпоридан сакраб тушганча, қамчисини Жўжи томон ўқталди.
– Ландавурлар! Калтафаҳмлар! Шундай бўлишини билишингиз, тахмин қилишингиз керак эрди! Уч жўнг хазина-я?.. Уч кема олтину жавоҳир…  Дунёнинг ярим пули ҳавога учди! Ҳаммангизни осдирамен, отга судратамен! Тирик товонлар, номи улуғ, супраси қуруқ сўтаклар!
26-1 ко22пия* * *
… – Балки, ўгай онасидур?! – деди Турбай Тўқсин нўён Элчигдой нўёнга ва тахминини аниқлаш учун Сайфиддин Ўғроқни секин имлаб чақирди.
– Йўқ, туққан оналари, мен аниқ биламен! – деди Сайфиддин Ўғроқ ҳам даҳшатга тушганини яширмай, секингина.
– Унда қаҳри қаттиқ эркан, Султонингни! – деди Турбай Тўқсин нўён бошини чайқаб.
– Бул қаҳри қаттиқликка кирмайдур! – деди Элчигдой нўён унга эътироз  билдириб. – Унинг ўрнинда мен бўлганимда ҳам худди шундай қилган бўлур эрдим! Кўз олдимда волидамни зўрлашганини кўрганимдин кўра, уни бул номусдин қутқарганим яхшироқ эрмасму?!

Ўқиганлар сони: 691