06.06.2020
Домой » “Саодат” манзиллари » «Бори элга яхшилиғ қилғилки…»

«Бори элга яхшилиғ қилғилки…»

Андижон тупроғига қадам қўйган одам борки, Бобур Мирзонинг ғазалларини беихтиёр шивирлай бошлайди:
“Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ”… Ҳа, эзгулик ва фаровонлик ишқида меҳнат қилаётган инсонлар юрти бўлган бу масканнинг ўзига хос файзи ва жозибаси бор. Шунинг билан биргаликда ўзгаришлар ва янгиланишлар палласида ҳар бир муаммолару камчиликларга қалб ҳарорати, оналик муҳаббати, бекалик маҳорати, фарзандлик бурчи билан ечим топаётган дангал ва жасоратли хотин-қизларининг шижоатини айтмайсизми… Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова бизни юзида табассум билан қарши олар экан, юринг бугунги режани ўзгартирмай мен билан йўл-йўлакай суҳбатлаша қолинг, деди. Опанинг бу таклифи бизга ҳам маъқул келди.
– Ажойиб замон келди. Бугунги кун талабларини, имкониятларини ҳис қилмасанг, ишларинг ўз-ўзидан чигаллаша бошлайди. Қолаверса, бугун ҳар бир инсон ўз ҳаёти учун ўзи курашиши, ҳуқуқларини яхшироқ англаши, юрт равнақи учун фидойилик билан меҳнат қилиши керак бўлади. Баъзи бир мурожаат қилган опа-сингилларимиз билан суҳбатлашганимда уларнинг ана шу масъулиятни ҳис қилмаслиги туфайли муаммолар гирдобига тушиб қолаётганлигининг гувоҳи бўламан. Ахир биз янгиланаётган, тобора юксалиб бораётган Ўзбекистонда яшаяпмиз. Жамиятимизнинг ҳар бир соҳасида туб бурилишлар содир бўлмоқда. Келинг, оддийгина мисоллар билан гапирай… Бу йил ғалламиз ўтган йилгига қиёслаганимизда мўл-кўл бўлди. Нима учун шундай? Чунки давлатнинг ғалла учун белгилаган нархи бозор нархидан анча баланд. Шу боис фермерларимиз фидойилик билан меҳнат қилишди.
Машина ойнасидан кенг пахтазорлар ва улар теграсида бир саф бўлиб тизилган тутзорларни кузатиб борар эканмиз, беихтиёр суҳбатимиз пилла етиштириш жараёнига бориб туташди. Манзура опа эндиликда бу жараён ортиқча компаниябозлик ва одамларни овора қилишдан халос этилганлигини мамнун бўлиб сўзлади.
– Энди пилла билан унинг ўз эгалари шуғулланишяпти. Элликбоши, юзбоши сайлаб, аёллардан комиссия тузишга вақт сарфлаб ўтирмаяпмиз. Моддий манфаатдорлик яхшилангани, пиллани йилда бир марта эмас, 4 марта етиштириш технологиялари жорий қилингани боис ҳақиқий мутахассислар пилла етиштириш жараёнини ўз қўлларига олишди. Шу боис бу йил белгиланган режа ҳам юз фоиз бажарилди.
Суҳбат жараёнида Манзура опа қўл телефонига тез-тез кўз ташлаб қўяр экан ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар борасида сўз очдик. У ҳам бу масалада айтмоқчи бўлган гаплари бор эканлигини таъкидлаб, шундай деди:
– Блогерларимиз муаммолар ва камчиликларни дадиллик билан ёритиб биз раҳбарларга кўп ёрдам беришяпти, уларни ҳурмат қиламан. Бироқ ҳар бир муаммо ва камчилик омма эътиборига тақдим этилганида етарлича асосларга эга бўлиши шарт. Ижтимоий тармоқларда шов-шувли хабарларни тарқатиб, тезда машҳур бўлиш ишқида ёнаётган “журналист”ларимиздан бу пиарлар ортида инсон тақдири, унинг йиллар давомида мисқоллаб йиққан обрўси ва энг муҳими ижтимоий фикр шаклланаётганлигини унутмасликларини сўрардим. Журналист холис бўлиши керак. Бир воқеликдан фақат ўзи учун керакли қисмини кесиб олиб ва шу қисмини бўрттириб ўқувчиларини кўпайтириш эмас, қўйилган муаммонинг ечими учун, инсонларнинг мушкулини осон қилиш учун уриниши керак, деб ўйлайман. Журналист маданияти ва этикаси ҳар нарсадан устун бўлиши керак. Мен нафақат блогерларимизни, балки барча юртдошларимизни хайрли ишларда кўмакчи ва ҳамкор бўлишга чақираман. Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш қўмитанинг энг асосий фаолият йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ижобий ташаббуснинг айнан бешинчиси тикув, тикув-трикотаж цехларини ташкил қилиш орқали энг чекка қишлоқлардаги опа-сингилларимизнинг бандлигини таъминлашдан иборат.
Манзура опанинг таъкидлашларича, ташкил этилаётган тикув-трикотаж цехлари хотин-қизларимизнинг кўплаб муаммоларига барҳам бермоқда. Ўзингиз тасаввур қилинг, қўли бир умр кетмон чопишдан бўшамаган аёл тоза, шинам ва ёруғ хоналарда ишласа, фарзандлари шундоққина цех ёнида ташкил этилган янги замонавий боғчада тарбияланса, янги мактабнинг шинам синфхоналарида ўтириб дарс тингласа… Бундай вазиятдаги аёлнинг эса, албатта, кўнгли хотиржам, топганида барака, оиласида тинчлик ва фаровонлик бўлади. Бир сўз билан айтганда аёллар бахтли бўлади. Бугун муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб замирида халқни яқин келажакда эмас, балки, айнан бугун ҳаётдан рози қилиш сиёсати ётибди. Аёлларимизни бахтли қилиш каби улуғвор мақсад турибди. Бу ишларнинг ижрочиларидан бири сифатида ўз кўзимиз билан кўриб гувоҳи бўляпмиз.
– Куни кеча вилоятимизнинг чекка чўл тумани бўлган Улуғнорнинг Янгиобод маҳалласида 150 ўринли янги тикув-трикотаж цехи иш бошлади. Худди шундай цехлар йил охиригача яна олтита туманимизда очилади. Келгуси йилда эса 8 та туманимизда бундай ишларнинг фаолият юритиши режалаштирилган. Энг чекка ҳудудларимизда 300тадан иш ўрнига эга бўлган тикув-трикотаж фабрикалари ишга тушади. Янгиобод маҳалласидан қайтаётсам, бир аёл йўлимдан чиқиб мени маҳкам бағрига босди. Унинг қувончдан вужуди титрарди. Ўша хокисор аёлнинг титроғи юрагимга кўчди. Анча вақтгача хаёлимдан кетмади. Мендан кўпинча чарчадим демайсиз, қаердан куч оласиз, деб сўрашади. Мана шу севинч ёшлари, хотин-қизларнинг қувончдан ёришган чеҳраси менга қанот, юрагимга дармон беради.
Халқимиз тўю томошани, хурсандчиликни яхши кўради. Баъзи ўринларда, ҳатто, бу маросимларни ўтказишда ошириб ҳам юборишади. Айниқса, Андижон тўйлари ҳақида гап кетганида аксарият юртдошларимиз куёв томонни йўқлаб мазали таом кўтариб қатнайдиган қизнинг ота-онасига ачиниб гапиришади. Бу эътирозимизга жавобан суҳбатдошимиз ўз фикрларини билдирди:
– Жорий йилнинг февраль ва апрель ойларида вилоят ҳокими раҳбарлигида кенгайтирилган сессиялар ўтказилди. Сессияга 20 ёшдан 25 ёшгача уйланадиган йигитларнинг жўрабошилари, тўй куни ва дастурхон харажатини белгилаб берадиган кайвониларни чақирдик. Тўйларни ихчамлаштириш борасидаги масалалар кўриб бўлингач, биринчи никоҳидаги аёл билан ажрашмай бошқа аёлга уйланиб болаларини кўчада сарсон қилган эркаклар билан суҳбатлашиб, тартибга чақирилди. Мазкур сессия асосида тайёрланган ролик вилоят телевидениесида тинимсиз айлангач, одамларимизнинг ҳам бу масалаларга бўлган муносабати ижобий томонга ўзгара бошлади. Эндиликда кортеж билан ФҲДЁга бориш ҳолатларига бутунлай чек қўйилди. Тўйдан кейинги йўқловларни йўқ қилиш чора-тадбирларига қаттиқ бел боғлаганмиз. Ётоқхона мебелларини ҳам куёвларимиз ўзлари харид қилишяпти. Бироқ ҳалиям 500-600 кишига “тўйоши” бериш одати давом этяпти. Ахир, бир оиланинг йиллар давомида не-не заҳматлар билан тўплаган маблағини бир куннинг ўзида сарфлаб юбориши яхши эмас-да…
Сентябрь ойида Олий Мажлис Сенати томонидан тўй ва бошқа маросимларни ихчамлаштириш бўйича қабул қилинган қўшма қарор ва у билан тасдиқланган Низомни халқимиз хурсандчилик билан қабул қилди. Сабаби, ҳамма ҳам ортиқча сарф-харажатга сабаб бўлаётган тўй ва бошқа маросимларни ўзи хоҳлагани учун эмас, қариндош-уруғ, маҳалла-кўй босимидан қутулиш учун, турли гап-сўзлардан безиб ўтказаётган эди. Энди аниқ меъёрлар белгилаб берилганлиги, албатта, халқимизни қувонтирди.
Шунингдек, мазкур ойда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги иккита муҳим ҳужжат, яъни “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар кучга кирди. Манзура опа ушбу муҳим ҳужжатлар тўғрисида тўлқинланиб гапирди. Бу хотин-қизларимизни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, поймол бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамиятимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш йўлидаги жуда муҳим қадам бўлди.
– Шу кунларда катта сиёсий жараёнлар арафасида турибмиз, – дея вилоят хотин-қизлар фаолияти ҳақида тўлиқроқ маълумот беришга ҳаракат қилади суҳбатдошим. – Нафақат раҳбар аёллар, балки иқтидорли қизларни раҳбарликка тайёрлаш ишларига катта аҳамият қаратилмоқда. Вилоятимиз ҳокими хотин-қизлар ташаббусини астойдил қўллаб-қувватлайди. Раҳбар аёллар масъулиятли, жонсарак ва фидойи бўлишади, дея тез-тез йиғилишларда бизни мақтаб қўяди. Шунинг учун бўлса керак бизда раҳбар аёллар кўпчиликни ташкил қилади.
Республикамиз бўйлаб вилоят ва туманларда ташкил этилган Реабилитация ва мослашув марказлари қисқа фурсатларда хотин-қизларимизнинг ишончини оқлаб улгурди. Марказнинг хайрли ишлари борасида Манзура опа шундай деди:
– Ҳар ойнинг охирги шанбасида мазкур марказларнинг туман бўлимларида ечимини топмаган муаммоларни вилоят марказида тузилган махсус комиссия ёрдамида ҳал қиламиз. Тажрибали ҳуқуқшунос ва психологлар билан ҳамкорликда тузилган бу комиссия жуда кўп хайрли ишларни амалга оширди. Масалан, яқинда Россия давлатидан одам савдоси туфайли жабрланиб қайтиб келган бир аёлга мини-ателье совға қилдик. Хўжаобод туманидан мурожаат қилган Маликахон исмли касалманд аёлга эса бепул уй берилди. Буни қарангки, янги уйга кўчиб, иш билан таъминлангач, Маликахон оёққа турди. Инсоннинг руҳияти тетик бўлса, вужуди ҳам соғлом бўлади, дейишгани бежиз эмас экан.
Ана шундай хайрли ишларнинг ширин ташвишлари ва завқи билан қаҳрамонимиз кун ўтганини ҳам сезмай қолади. Аксарият кунлари кечки соат 10-11ларда уйга қайтади. Қайнонаси Ёқутхон ая ўзи ҳам жамоат ишларида фаол иштирок этганлиги боис ишчан келинининг аҳволини яхши тушунади. Ўзи мутолаа қилган китоблари ва набираларининг янги-янги ютуқлари борасида келини билан суҳбат қилишни яхши кўради.
– Мен бошиданоқ қайнота ва қайнонамнинг эрка келинлари бўлганман, – дейди Манзура опа. – Бунга сабаб қўшалоқ пири бадавлат бувиларимнинг тарбиясини олганлигим бўлса керак. Улар мени ҳалолликка, рўстгўйликка, инсонийликка, садоқатга, фидойиликка ўргатган. Бувижонларимнинг ўгитлари бугун менинг ҳаёт ҳақидаги фалсафаларим зарварақларини безаб турибди. Бугун фаолиятимда учраган муаммоларга ёшлигимда улардан эшитган ҳикматларимдан жавоб топаман.
– Юз ёшга кириб умргузаронлик қилган раҳматли Нортожихон энамнинг бир гаплари бор эди: “Тилинг билан дилингни бир тут, ҳамиша юзинг ёруғ бўлади”. Рост сўзлашдан, меҳнат қилишдан сира чарчамадим. Шукрким, мен келин бўлиб тушган оиламдагиларнинг барчаси кўнгли пок ва илмга ташна инсонлар эди. Шу боис қўлида иккита ёш боласи бор онага илмий изланишлар олиб боришда астойдил ёрдам беришган. 1999-2002 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясининг аспирантурасида ўқиб, илмий тадқиқот олиб бордим. Оиламдагилар: “Биз сизнинг ёнингиздамиз. Ҳеч нарсани ўйламанг. Сиз жуда кўп ишларни амалга оширишга қодирсиз!” – дея далда беришгани туфайли ҳаётда учрайдиган ҳар қандай машаққатларни қийналмай енгиб ўтдим. Мана ҳозирги кунгача яқинларим мени қўллаб-қувватлаб келишмоқда. Шунинг учун бўлса керак, ҳар қандай вазиятда ўзимни ҳамиша кучли, ҳимояланган ҳис қиламан, улар қаршисида ўзимни заиф сезмайман.
Ҳа, бугунги кун талаби ҳам шу: раҳбар муаммодан қочмаслиги, ҳар бир мурожаат ортида бутун бир оила ва фарзандлар тақдири турганлигини унутмаслиги, шижоатли бўлиши лозим. Манзура опа билан хайрлашар эканмиз, замондошимизнинг серташвиш кунлари унинг ҳаёти мазмунига айланиб улгурганлигини ҳис қилдик. Ва бу хулосадан ўзимизнинг ҳам дилимиз ёришди.

Мухтасар Тожимаматова

Ўқиганлар сони: 298