13.07.2020
Домой » “Саодат” манзиллари » Масъулият – кучли бошқарувчи

Масъулият – кучли бошқарувчи

Тошкент – нон шаҳри. Тошкент – тинчлик, дўстлик шаҳри. Кейинги пайтларда юртимизда кечаётган оламшумул янгиланишлар боис фақат мамлакатимизнинг бошкенти сифатидагина эмас, сиёсий, маънавий учрашувлар маркази тарзида ҳам аҳамиятга моликдир бу азим шаҳар.
Ҳар бир инсон ўзи яшаган жойнинг бир жонли бўлагидир. Шундай экан, ҳар бир тошкентлик қалбида бугуннинг эврилишлари бор бўйи-эни билан аксланади.
– Кунда, кунора кўриб юрган манзараларга одамнинг кўзи тез ўрганади. Шунинг учун яшаётган жойингда бўлаётган ўзгариш, янгиланишларни у қадар сезавермайсан, дейишади. Мен бу фикрга қўшилмайман. Назаримда, биз она шаҳримиз билан бирга улғайиб, бирга камол топиб бораётгандекмиз, – дейди Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Нажмутдинова.
Бу – ҳақиқат. Шунинг учун, яъни пойтахтимиз ойма-ой юксалиб бораётгани учун ҳам Тошкент мамлакатимизга қаҳрамонлар, чемпионлар, инсониятнинг моддий ва маънавий фаровонлигини таъминловчи илмий кашфиёт эгаларини етиштириб бермоқда. Шахс камолотида ижтимоий омил асосий ўрин эгаллашини инкор қилмаган ҳолда, бу жараёнда оиланинг алоҳида роли борлигини таъкидлаш зарур. Узоққа бормасдан Дилбар Қамариддиновна ўсиб-улғайган хонадонни олайлик: машҳур олим, тиббиёт фанлари доктори, профессор Қамариддин Нажмутдинов ўзи суйган касбига қанчалик масъулият билан ёндашса, оиласида вояга етаётган қизлари тарбиясига худди шундай жавобгарлик билан қарар эди.
– Раҳматли онам Муҳаббат ая ҳам шифокор эдилар. Ота-онамиз зиммасидаги масъулиятли вазифалар билан ниҳоятда банд бўлишларига қарамай, биз – уч опа-сингилларнинг дарс тайёрлашларидан тортиб, одоб-ахлоқ ва атрофдагиларга муносабатларимизгача қатъий назорат қилишга фурсат топардилар. Хонадонимизда ўғил бола бўлмаса-да, ҳовли юмушларига ташқаридан одам чақирмасдик. Олча теришми, узумни хомток қилишми, ер чопишми, ғишт ташишми – ҳамма ишларни ўзимиз бажарар эдик. “Ақлий меҳнат билан жисмоний меҳнат бирга мувофиқлаштирган ҳолда олиб борилса, организм чарчамайди ва мия фаолияти ҳам дам олишга улгуради”, – дер эдилар раҳматли дадам.
Дилбар Қамариддиновна дунёга бир келиб-кетган азизларини соғинч, чексиз ҳурмат билан хотирлар экан, мен донишманд отанинг ҳеч қайси замонда эскирмайдиган ўгитларини такрорлагим келади:
– Сенга бирор-бир топшириқ ёки вазифа ишониб юклатилганда, уни ўрнига қўйиб, сидқидилдан бажаришинг ва бу ишни охирига етказишинг керак.
– Сенга турли муносабатлар билан қоғоздаги хулосаларни тақдим этишса, уларга ишониб “ҳаммаси жойида экан”, деб бепарво бўлма. Ўзинг кўриб-билган ҳақиқатларга ишон. Таҳлил ва ўрганиш ишингнинг асосий қисми бўлсин.
Дилбар Қамариддиновнанинг юракларига муҳрланган бу қадрдон сўзлар у Тошкент тиббиёт институтида (собиқ) аввал кафедра мудири, сўнг институтнинг проректори, марказ раҳбари лавозимларида фаолият олиб борганларида, шунингдек, ҳозир ҳам ҳар бир қадамида акс садо бериб туради.
– Ҳали маҳаллаларимизда мутахассислар иш бошламасидан олдин авваллари ўзимнинг раҳбарлигимда ишлаган шифокорлар хизматидан фойдаландим. Уларнинг қўлига сўровнома бериб, уйма-уй юриб, аҳолининг тиббий, иқтисодий, маънавий ҳолатини, муаммоларини ўргандим…
Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитасининг раиси бу тадбири билан бирваракайига иккита мақсадга эришди. Биринчидан, аҳоли, жумладан хотин-қизларнинг ҳаёти ҳақида ишончли маълумотларга эга бўлди, яъни кимнинг қандай муаммолари борлигини аниқлади. Иккинчидан, маълумоти, касби, бошпанаси, соғлом оиласи бўлатуриб, арзимаган камчиликдан нолиб юрадиган баъзи шифокорларнинг тили шукронага келди.
Дилбар Қамариддиновна шу тарзда юртимизда оммавий равишда оилаларни ўрганиш жараёнига маълум тажрибалар билан келди.
– Оилани мустаҳкамлаш борасида аниқ таклифларимиз ҳам таҳлил ва тажрибалар асосида юзага келган. Масалан, биз ФҲДЁ бўлимларимизда ўқитилаётган “Бўлғуси келин-куёвларнинг инновацион мактаби” машғулотларига қайноналарни ҳам таклиф қилишни режалаштиряпмиз, токи ёшларнинг ота-оналари ҳам бир-бирлари билан танишишсин, қизиқишларини ўрганишсин. Тўйдан сўнг улар орасида баланд-паст гаплар бўлиб, бу майда-чуйда гаплар ёшлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатмасин…
Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раисининг бу таклифларидан ташқари, келин-куёвлар ФҲДЁга расмий никоҳдан ўтиш учун ариза топширилган санадан сўнг бериладиган бир ойлик синов муддатини уч ойгача узайтириш кераклиги ҳақидаги таклифида ҳам асос бордек кўринди бизга. Чунки бир ойлик фурсатда ёшлар асосан тўйни ўтказиш, либос танлаш каби машғулотлар билан андармон бўлишади-да, бир-бирини синашдек муҳим жараён эътибордан четроқда қолади.
Бугуннинг ҳар бир кузатиши, ўрганиши пойтахт хотин-қизлар қўмитаси учун эртанги кунни қандай яшаш ҳақида аниқ йўлланмалар беради.
– Муҳтарам Президентимиз томонларидан 2018 йилнинг 2 февраль куни қабул қилинган ПФ-5325-сонли Фармонлари ижроси доирасида бугунги кунда маҳаллаларда оғир вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган ва бошқа муаммоли оилаларни ўрганган ҳолда, уларга имкон қадар амалий ёрдамлар ташкиллаштириб келмоқдамиз. Жумладан, ўтган 7 ой давомида шу тоифадаги 804 та оилалар уй-жойлар билан таъминланди, 2 ярим мингга яқин оилаларга тиббий ёрдам, 2 мингдан ортиқ оилаларга 2 млрд.га яқин моддий ёрдам берилиши таъминланди.
Ҳозирги фаолиятимизнинг яна бир муҳим йўналиши – хотин-қизлар бандлиги масалалари бўлиб, бу йўналишда шаҳримизнинг 11 туманидаги раҳбарлару фаолларимиз мунтазам равишда иш олиб боришади. Чунки бандликни таъминлаш оилалардаги юзага келиши мумкин бўлган барча салбий ҳолатларнинг олдини олади.
Жорий йилнинг олти ойи давомида Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан 53 та кичик цехлар ташкил қилиниб, уларда 385 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Мамлакатимизда алоҳида қатлам сифатида шаклланаётган тадбиркорлар сафини кенгайтиришда биз ҳам муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилмоқдамиз. Малака, имкониятига қараб ўзининг ишини ташкил қилиш истагидаги 599 нафар аёлларимизга тадбиркорлик тури, ҳажмига қараб имтиёзли кредитлар ажратилди…
Дилбар Нажмутдинова суҳбат давомида ёшларга “оммавий маданият”нинг салбий таъсири, бу таъсир доирасига тушмаслик учун олиб борилаётган тадбирлар ҳақида гапирар экан, бу мавзу бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири эканлигини таъкидлади.
Суҳбатимиз давомида биз бу аёлда шифокорга хос аниқлик, жонкуярлик, раҳбарга хос масъулият, аёл, онага (у кишининг икки нафар қизлари бор, иккови ҳам олий маълумотли шифокор) хос самимийлик ва назокат уйғунлигини ҳис этдик. Азим пойтахт аёлларига бошчилик қилаётган инсонда бу фазилатларнинг мужассам экани бизга унинг жамоаси, ўзи қилаётган барча эзгу ишлар қадар муҳим туюлди.

Ўқиганлар сони: 488