06.06.2020
Домой » Жаннатим – онам » Нурли васиятлар

Нурли васиятлар

Миразиз Аъзам

1941 йил. Отам Иккинчи жаҳон урушига кетган. 24 ёшдаги онам ҳамда биз уч бола – 8 ёшли Наима опам, бир яшар укам Мирвали ва мен беш ёшимда олдинига куз шабадаларида шилдираёт­ган ток баргларига қулоқ солиб ётамиз. Ойдин кеча. Кейин мен:
– Опа (Тошкентда ёш оналар “опа”, оталар “ада” дейилади), эртак айтиб берииинг… – дейман.
– “Ёрилтош”ними ёки “Уч оғайни ботирлар”ними, ё “Қилич Қора”ни айтайми?
– Йўқ, “Тоҳир-Зуҳра”ни айтинг, ўшани яхши кўраман, – дедим мен.
Бу эртакни яхши кўришимизнинг сабаби, чиройли, таъсирли қўшиқлари бор эди. Тоҳирнинг оёқ-қўлини боғлаб, сандиққа жойлаб Амударёга оқизиб юборишаркан, Зуҳра қамоқ уйининг ойнаси ёнида зор-зор йиғлаб қолади.
Сув келар ахта-ахта,
сандиғим чинор тахта,
Сендан ўзгани десам,
қон ютай лахта-лахта.
Онам Зуҳранинг қўшиғини шундай таъсирли айтардики, биз йиғлаб юборардик, ҳолатимизни яшириб бошимизни кўрпага тиқардик. Онам ҳиқиллаётганимизни билиб қолса, эртакнинг давомини айтмай қўярди.
Кейинчалик, онамнинг қўшиқлари нега бунча таъсирли чиқарди, деб ўйлаганимда, у қўшиққа отам билан айрилиғини қўшиб айтганини билдим.
Тоҳир Хоразмдан қайтгач, Зуҳра ётган шийпон этагига келади:
Зуҳра деган санмисан, Тоҳирни билармисан,
Тоҳирдан келса хабар, уни тан олармисан? – деб куйлайди.
“Зуҳра бошига чамбар қилиб ўраган сочларини пастга ташлади, Тоҳир қирқ кокилни белига боғлади, Зуҳра Тоҳирни шийпонга тортиб олди”, дер экан, биз чапак чалиб юборардик.
Мен “Тоҳир-Зуҳра” эртагининг сўнгги йиллардаги нашрларини диққат билан ўқидим. Аммо уларда Зуҳранинг Тоҳирни шийпонга сочлари билан тортиб олиши манзарасини топмадим. Демак, бу – онамнинг ўз бадиий қўшимчаси бўлган.
Уста эртакчи опам, Тошкентнинг Кайковус кесиб ўтадиган Қилбелбоғ маҳалласида тижоратчи Муҳаммадкарим билан оқила, ўқимишли аёл Баҳри отин оиласида 1917 йилда туғилган эди.
– Золим Иккинчи Николай подшо йиқитилгандан кейин қутулиш замонида туғилди, деб роса севингандик, – дейди Карим дадам. – Аммо манглайига қора кунлар битилган экан, етти кунлик чақалоқлигида Баҳри бувинг оламдан ўтди.
Баҳри бувимнинг отаси Мулла Аҳмад эшон ўша пайтда Бухорода Мир Араб мадрасасини битириб келган тошкентлик тўрт эшоннинг бири эди. Иттифоқо, таҳсилдош дўсти Азимхўжа эшоннинг Замира исмли келини шу яқин кунларда эгиз фарзандидан айрилиб эмадиган болага муҳтож экан.
Баҳри отин хотираси учун етти кунлик чақалоқни Хатира деб атайдилар. Эмизиб катта қилиш учун Замира келинга хатлаб берадилар.
– Бизнинг Кимё деган қизимиз Мирғани деган бир ўғил билан бева ўтирипти. Хатира билан Мирғанини бешиккертти қилдик. Хатира бўйига етгач, ўзимиз келин қилиб қайтариб оламиз, – дейди Аҳмад бобо.
Азимхўжа эшоннинг Тошкентда катта ерлари бўлгани ҳолда Чимкентда ҳам мулки, уй-жойлари бор эди. Ўғли Сайдолим ва келини Замира қизчани олиб Чимкентга кўчиб кетди.
Азимхўжа эшоннинг ўғил-қизлари ҳам, келинлари ҳам хат-саводли эдилар. Шу боис қизалоқ болалигидан бошлаб араб алифбосини ўргана бошлади. Зеҳни ниҳоятда ўткир эди. Шу даражадаки, 7 ёшида Қуръонга тушди. Яъни уни шариллатиб ўқирди. Бундан ҳайратланган ва севинган бобо қизчага кўз тегмасин деб, чимкентлик зиёлиларга шукрона зиёфати бергани доим бизнинг уйда ривоят қилинарди…
1932 йили, яъни онам 15 га кирганда Мулла Аҳмад бобоси уни 19 ёшли Мирғанига, яъни отамга келин қилиб олди. Отам маълумотсиз одамларни хушламас, ўзи ўқитувчилар техникумини битказиб, 23-мактабда ўқитувчи ва илмий бўлим мудири бўлиб ишлаётган эди. Ёш хотинини ҳам мактабгача тарбия билим юртига ўқишга киритди. Онам ўқишни тамомлагач, боғчада мураббия бўлиб ишлай бошлади.
Онам ҳазилкаш эди. Эрта билан ишга кетиш олдидан отамга тухумсолдими, қуймоқ ё қатламами бирор енгил тамадди тайёрлаб олдига қўйса, мен уч яшар бола ўрнимдан сакраб туриб, юз-қўлимни чала-чулпа ювиб, отамнинг тиззасига ўтириб олар эканман. Онам:
– Бу – адангга! Ўзи дори, аччиқ, ема, сенга бошқа ширин нарса пишириб бераман, – деркан. Мен: “Дори бўсаям ебираман, аччиқ бўсаям ебираман”, дер эканман. Отам ҳо-ҳолаб кула-кула менга едириб кетар экан. Ёлғиз ўзимга ширгуручми, қуймоқми келтириб, устига мураббо ёки кичик-кичик дўлмачалар қўйгандан сўнг “ол-ол”, десалар, “емайман” деб қовоғимни уяр эканман, шунда у: “Ликопида оши, устида гўши, емасалар қандоқ қилай?” дея аразлаган бўлиб ўтирсалар, “Йўқ, майли, ейман” десам, “Айланайин ўзимнинг ақлли, ҳушёр боламдан”, деб эркаларди. Ана энди талтайишимни кўрсангиз…
Онам бешик тебратиб ўтираркан, албатта, алла айтарди. Овози шу қадар майин, силлиқ ва бироз ғамгин ва ширали бўлардики, унинг таъсирида бола ширин уйқуга кетарди.
Эсимда, анча кейин олти ойлик чақалоқ ўғлим Мирсодиқни тебратиб ўтираркан, бир маҳал аллани тўхтатсалар, ўғлим “Ҳа?” дейди.
– Э, кечирасиз, ҳали ухламабмидингиз? – деб яна аллага тушадилар.
1941 йили отам урушга отланди. Уни кузатишга талай қариндошлар келишди. Эски жувадаги ҳарбий комиссарликдан тўғри Тошкент вокзалига бир табур (батальон) йигитларни кузатиш учун неча юзларча оилалар йўлга тушдилар. Онам эркаланиб кенжамиз Мирвалини кўтариб олганча отамнинг пинжига тиқилиб борарди. Тўхта холам, онамга: “Ҳой, бу ўйнагани кетвотгани йўқ, урушга кетвотти, нега тиржаясан?” деб опамни чимчилаб кетаркан. Бу – ёш оиланинг биргалик ҳаётидаги сўнгги кун эканини онам бечора сезмас, фаҳмламас эди. Уруш отамнинг бошига етишини билмас, илгарилар курортларга кузатиб ўрганган онам, ўзининг ёшлик савқ-и табиийсига кўра, соғ-саломат янада етилиб қайтиб келади, деб ишонарди… Аммо орадан олти ой ўтар-ўтмас жабҳадан қорахат келди. Яъни отам Калинин фронтида фашистлар билан жангда қаҳрамонона ҳалок бўлибди. Аммо онам бу ҳалокатга бутунлай ишонмас, ҳарбий комиссарликка, ижтимоий таъминот бўлимига югуриб аниқлик талаб қилиб чарчамас эди. Ҳумайра холам:
– Ҳей Хатира, бўлди! Акамга аза оч, эл-юртга билдирайлик, – деса:
– Бор-е, қорахат олганларнинг қанчаси қайтиб келяпти, – дер эди.
– Сен очмасанг, сингил сифатида мен аза очаман! – дейди холам.
Мен баъзан опамни сўроққа тутардим:
– Опа, адам билан хайрлашган кунингиз нима гаплашдинглар?
– Аданг менга учта нарса тайинлади: “Мен кетгандан сўнг болаларни урмайсан, сўкмайсан, агар уларни хўрласанг, билгинки, менинг руҳим қийналади, сендан рози бўлмайман. Мендан бир уй китоб қоляпти, уларни яхши сақла, болаларимга етказ. Ўзинг ҳам уларга янги бадиий китоблар обериб тур. Биламан, кетганимдан сўнг, сенга осон бўлмайди, лекин қандай бўлмасин уларни театр, киноларга албатта, обориб тур, деди аданг.
Онам отамнинг васиятларига тўла-тўкис риоя қилди. Аммо 1941 йил кузида аллақачон Тошкентга кўчиб келган Сайдолим бувам билан Замира бувим бизларни ўз ёнига олишди. Онам олдин ота уйимизга бир ижарачи оилани қўйди. 1941 йилнинг қиши қаттиқ келди. Қақшатадиган совуқ кунларнинг бирида ижарачилардан хабар олгани борса, улар отамдан қолган бир уй китобни печкада ўтин қилиб ёқиб адо қилишибди. “Адангнинг бир ўгитини бажаролмадим, бир қулфлоғлиқ чамадонда 10-15 та тарих китоби қолипти, холос…” деб кечаси билан йиғлаб чиқди.
Онам бизга “Ўзбек халқ эртаклари”, “Алпомиш”, “Кунтуғмиш”, “Равшанхон”, “Ширин билан Шакар”, “Хон Далли” достонларини, “Афанди латифалари”ни олиб берди. 1949 йилда Ўзбекистоннинг 25 йиллигига бағишлаб ўзбек ёзувчиларининг асарлари тўпланган “Армуғон” алманахини ҳам олиб берди. Бу пайтда Наима опам китобларни жуда ифодали ўқир, айвонда бир танча устига катта чорси патнисни қўйиб, тоғаларим, холачаларим иштирокида мутолаа қилардик, Наима опам ўқир, бошқалар тингларди. Ўша пайтда биринчи марта Шайхзоданинг “Жалолиддин Мангуберди” фожиасини ўқиганимизни ҳеч унутмайман.
Онамнинг ўша оғир, нон ҳам тўйиб ейилмайдиган, қийинчилик йилларида бизни Ёш томошабинлар театрига олиб борганлари, таътил чоғларида бир ҳафталик ёки ўн кунлик киноларга билетлар олиб берганлари-чи? Кечқурун мен таассуротларимни айтар, гурунглашиб ётардик.
Адамнинг учинчи тайинлаган ўгитларига келсак, онам Наима опамга ва менга умримиз давомида бирон марта ҳам қўл кўтаргани йўқ. Фақат 1947 йилда укам Мирвалини дарахтга боғлаб савалади.
Отам урушга кетганда онам тутқаноқ касалига мубтало бўлганди. Бу дард хуружини бошлаганда, касал нотабиий овоз чиқариб ерга йиқилади, бироз талвасаланиб ётади, бирор соатлардан кейин ҳамма нарсани унутиб аста ўрнидан туради, бир-икки соатларда ўзига қайтади. Диспансер онам ишлаётган боғчага “Аъзамова Хатира эпилепсия туфайли болалар билан ишлаши мумкин эмас”, деган хат ёзади. Онам боғчадан бўшатилади. Аммо нафақаси жуда оз эди, бозорга чиқиб кетади.
Мирвали жуда шўх, ерга урса кўкка сачрайдиган, тиниб-тинчимас бола эди. Кун бўйи узоқ-яқин жойларга бориб келаверар эди. Қўшнимизнинг ундан бир ёш кичик боласи Мирвалига эргашгани-эргашган эди. Бир куни ана шу бола уйларида 3-4 соат кўринмай қолади. Уйидагилар уни топа олмай хуноб бўлишади. Орадан анча вақт ўтгач, тиржайиб кириб келади. Жони ҳалқумига келиб қолган она: “Қаерда эдинг?” деб болага ёпишади. “Мирвали билан кўчада ўйнаб келдик”, дейди ва Чорсу бозорига (уйдан 4 км.), Хадрага (5км.) ва ҳатто Ёшлар кўлига (7км.) бориб чўмилиб келганларини айтади. Албатта, бундай ҳаракатдан ҳар қандай она хавотирга тушиши табиий эди. Она эрига:
– Мен айтсам парво қилмайди, сиз эркак кишисиз, Хатирага айтинг: фақат бозорма-бозор атлас сотиб юргунча уйда ўтириб, ўғлини тарбияласин, бировнинг боласини эргаштириб кўлда чўмилиб келишга бало борми? – дея жаврайди.
– Хатира, тирикчиликнинг айби йўқ, аммо болага тарбия ҳам бериш, уни тергаб туриш ҳам керак. Ахир, бирими, иккинчисими ё иккаласи сувга чўкиб кетса, нима бўларди?! Топган 3-4 тангангиз кимга керак бу ҳолда? – деб онамни гап билан силталайди. Опам Мирвалини билагидан судраб бориб қўшнининг ҳовлисидаги ўрик дарахтига боғлаб, тол хивичи билан ҳолдан тойгунча савалайди. Шундан сўнг ўзи:
– Отангнинг яна бир насиҳатини буздим, менам одамманми, менам онаманми? – дея Мирвалини бағрига босганча кечирим сўраб эрталабгача йиғлаб чиқди.
Онам биз фарзандларининг ҳаётимиз чиройли ўтиши учун яшади. У Наима опамга дерди:
– Қизим! Ҳар қандай қиз нина-ип ишларини яхши билиши керак. Одам моҳир чевар бўлиши шарт эмас, аммо ўзига, болаларига енгил кийим-бош тикишни ўзи бажарса, рўзғор юкини енгиллатади!
Наима опам дўппи тикар, унинг нақшларини ҳам қатим билан ўзи қиларди. Опам қизлигида ўз сепи учун бутун уй деворини қоплайдиган гўлкўрпа, кирпеч, дорпечлар тикди. Онам ўзи ҳам менга дўкондан тайёр кийимлар олмас, фақат матолар келтириб, бўй-бастимни ўлчаб, ҳар хил русумдаги кийим-кечаклар тикиб берарди. Биринчи синфда ўқиётганимда елкасида капитан юлдузли погони билан бир пахталик (фуфайка) тикиб берган, одамлар менга “капитан” деб мурожаат қилишарди. Онам имкони бўлди дегунча, опамнинг қулоғига қуярди:
– Қизим! Қиз бола ўзи Худо томонидан гўзал яратилган, “зийнат”ларини кўз-кўз қилиб юриши шарт эмас, бизникилар бундай кийинганларга яхши муносабатда бўлмайдилар, уларга уйланишни хоҳламайдилар.
Опам ҳам, онам ҳам лоп-лойиқ, бежирим кийимлар кийишарди.
– Қизим! Уйни тартибли сақла, ўрин-кўрпа, кўрпачалар чиройли тахланган бўлиши керак! Ҳовлини, кўча, эшик олдиларини тоза тут. Дорихоналарда “Ўрмон суви” бўлади, ўшалардан сепиб қўй! Келган совчилар энг олдин тозаликка эътибор беради.
Опам бундай ўгитларнинг ҳаммасига риоя қилди. Яна бичиш-тикишдан ташқари новвойликни ҳам ўрганди. Бир ора гўмма пиширишни ҳам билиб олди, керагида бозорга чиқариб сотди. Оилавий ҳаёти ёмон кечмади: уч ўғил, тўрт қизни улғайтириб оилалик қилди. Ўзи олий маълумотли бўлмасаям, маълумотлилар билан беллаша оладиган оқила аёл бўлди.
Мен ва укам олий маълумотли бўлдик, яхши жойларда ишладик. Қўлдан келганча Ватан учун, миллат учун хизмат қилдик. Фақат…
Онам йўлиққан дард тузалмас касал эди. Отам урушга кетгандан сўнг онам дағал овоз чиқарганча ўзини ташлаб юборганда опа-укалар икки тарафга қочиб қолардик. Замира бувим насиҳат қилди:
– Унақа қочманглар. Аксинча, унинг тепасига келиб, жимжилоғини эзинглар, тез ўзига келади.
Улғая боргач, қочмайдиган бўлдик. Аммо ҳеч ким йўқ жойда, Қичқириқми, Кайковус бўйидами касаллари тутиб қолса, сувга чўкиб кетсалар… Ичимизда доим шундай қўрқув яшарди.
Кейинчалик мен диспансерга муфассал таҳлиллар ўтказишга бордим.
– Бу касал ўтиб кетиши қийин, фақат ҳаёт тарзи 180 градусга ўзгариб кетсагина қолиб кетиши мумкин. Аммо онангизнинг юраги бақувват, бундайлар камида 90 йил яшайди, хавотир олманг, – деди врач. Бу пайтларда Пайғамбар ёшидан ўтгандилар.
1982 йилда мен Дўрмонга кетдим. Орадан 2-3 кун ўтмай укам телефон қилди: “Тез етиб келинг, опамнинг аҳволи чатоқ”, деди. Уйимиз билан Дўрмон орасидаги масофа 15-16 километр. Тагимда “Жигули.” Учиб келдим. Аммо келганимда узилиб бўлгандилар. Видолашолмадик. Ғафлатда қолдим.
Ичимга аллақандай пўстлоқли ёғочми, ғадир-будур тошми кириб олгандай эди, ҳеч йиғлолмайман. Фақат орадан йигирма кунми, бир ойми ўтганда, бир кеча қичқириб уйғондим. Энди йиғимни тўхтатиб бўлмасди, уйда ҳам, кўчада ҳам, ишда ҳам кўз ёшларимни тиёлмасдим. “Бўлди, тўхтатинг, онангиз яхши одам эди, Худо раҳмат қилсин. Тинимсиз тиловат қилинг”, дерди хотиним.
Жаннати одам эди онам. Нималар қилмади биз учун… Аммо мен ҳеч нима қилолмадим. Кечиринг, онажон, ғафлат уйқусида қолган ўғлингизни. Аллоҳим, онамни раҳмат қил… Жойини жаннатдан ато қил.

Ўқиганлар сони: 470