24.02.2020
Домой » Кўнгилга ташриф » Орқамда айтган сўзим, ёруғ изим бор…

Орқамда айтган сўзим, ёруғ изим бор…

Инсон умри оқар дарёга қиёс экан. Бир пайтлар саҳналарни тўлдириб, қўшиқ айтиб гўзал рақсларни ижро этган навниҳол қизгина бугун кексалик гаштини сурмоқда. “Мафтунингман” фильмидаги Юлдуз роли орқали халқ меҳрини қозонган санъаткор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Клара Жалилова билан бўлган суҳбатимиз эсда қоларли бўлди.

– Клара опа, болалик даврлари тўғрисида гап кетганда кўз олдингизда кўпроқ нималар намоён бўлади?
– Дадам Алимадад, онам Шамшинур бир умр ҳалол меҳнат қилиб яшаган инсонлар бўлишган. Онам бир нечта савдо дўконларида фаррошлик қилганлиги боис биз беш фарзанд ҳам уларга яқиндан ёрдам берардик. Ўсмирлик давримда бир муддат дафтар ишлаб чиқарадиган корхонада ҳам ишлаганман. Пешона тери билан топилган маблағ баракали бўлишини ўша пайтлардаёқ англаб етганман. Яширмайман, мактабда она тили ва адабиёти, жисмоний тарбиядан “аъло”чи эдим, холос. Ўқитувчиларим санъатга бўлган қизиқишимни кўриб: “Сен келажакда зўр санъаткор бўласан. Туғма истеъдодинг бор”, дея бошқа фанлардан ҳам яхши баҳолар қўйиб беришарди (кулади).
Ҳиндистон киноижодкорларининг “Дайди” фильмини кўргач, қалбимда санъатга иштиёқ уйғонган. Устоз санъаткор Ҳалима Носирова бир тадбирда қўшиқ айтганимни кўриб: “Сенинг қалбингда ҳақиқий санъат бор экан, қизим!” деб илиқ фикрлар билдирган ва давлат филармониясига таклиф этган. Танловдан ўтиб, 18 ёшимда филармонияга ишга кирганман. Бир нечта тилларда қўшиқлар айтиб, рақсга тушардим. Залдаги томошабинларнинг қарсаклари менга янада завқ бағишларди. Ўша дамларни ҳалигача соғинч билан қўмсайман.
– Ота-онангиз санъат йўлини танлашингизга қандай муносабат билдиришган?
– Албатта, қарши бўлишган. Айниқса, дадам раҳматли: “Сен ҳали санъатнинг оғир йўлларида юрганинг йўқ. Ёшлигингга боряпсан-да, қизим”, деган гапни кўп такрорларди. Мен эса кундан-кун санъатга боғланиб боравердим. Кавказга илк бор ижодий сафарга борганим ёдимда. Дастур тугагач, яқинларимга совға-саломлар, дадамга эса алоҳида кийим-кечаклар харид қилганман. Чунки ўша пайтларда отам мендан хафа эди. Табиатан шўх-шаддодлигим туфайли бундан тушкунликка тушмай, дадамнинг кўнглини олишга уринардим. Шундай кунларнинг бирида юртимизга хорижлик таниқли хонандалар ташриф буюрган. Улар менинг ижодим билан қизиқиб қолди. Менга кўп қўшиқларни ўргатишган, бирга дуэт тайёрлаганмиз. Ҳатто ҳамкорликда концерт ҳам қўйганмиз. Дастурдан олдин отамнинг яқин ўртоқларига чипта бериб, уларни ҳам олиб келишларини илтимос қилганман. “Қизинг хорижлик машҳур санъаткорлар билан қўшиқ айтаркан”, дея дадамни бир амаллаб концертга етаклаб келишган. Саҳнада баланд овозда қўшиқ айтишим ва мухлисларимнинг менга нисбатан меҳру олқишларини кўрган дадам санъат учун туғилганлигимни тушуниб, ўша ердаёқ оқ фотиҳа берган.
– Ёш санъаткорларни кузатганингизда хаёлингиздан нималар кечади?
– Ҳозирги ёш санъаткорлар орасида истеъдод эгалари ҳам бор. Лекин ўз санъатини элу халққа бағишламай ҳамма нарсани пулга чақадиганлари ҳам йўқ эмас. Аммо бундай санъатнинг умри қисқа. Оёғи ердан узилган, халқидан узоқлашган инсон кўнгилларда ёруғ из қолдирмайди. Мен кўпроқ Насиба Абдуллаеванинг санъатини, шахсини ҳам қадрлайман. Ундан ёшлар ибрат олса арзийди. Мен ҳам айни ўсмирлик ёшимда танилганман. Халқаро ёшлар фестивалида ғолиб бўлган кезларимда Тожикистон, Боку сингари кўп давлатлардан ижодий таклифлар тушган. Мен ўз юртим, ўз халқим учун бахшида бўлиш йўлини танлаганман. Шу боис саксон бир ёшни қаршилаган момо бўлсам ҳам қарию ёшнинг ардоғидаги Клара Жалиловаман. Бу мен учун катта бахтдир.
– Кўплаб томошабинлар сизни “Мафтунингман” фильмидаги ижроингиз туфайли машҳурликка эришган, деб ўйлайди. Бироқ ушбу образга қадар ҳам санъат оламида танилиб бўлган экансиз-да.
– Худди шундай. Ижодим айни гуркираган даврда шоир Туроб Тўла қўшиқ ва рақсларимдан илҳомланиб “Мафтун бўлдим” шеърини ёзган. Бир тадбирда шеърни қўлимга тутқазди. Ўқиб юрагим “жиз” этди. Туроб акага: “Бу шеърингизни албатта, қўшиқ қиламан”, дедим. Ўша йили “Мафтунингман” фильми суратга олинадиган бўлди. Режиссёр Йўлдош Аъзамов бош роль учун бўйи баланд қизни тасаввур қилган экан. Менинг кичкина жуссамни кўриб, кинога олишга қаршилик кўрсатди. “Бу қизнинг овозини ёзиб оламан, лекин ўзини эмас. Бўйи паст”, дея бир неча бор синовлардан қайтариб юборган. Фильмдаги қўшиқларнинг куйини басталаган Мутал Бурҳонов, Туроб акалар режиссёрга: “Сиз телевизор кўрасизми, ахир бу қиз энг машҳур хонандалардан бири-ку. Бўйи пастлигини рўкач қилиб, ролдан четлаштирсангиз, катта хато қилган бўласиз”, дейишган. Кўп муҳокамалардан сўнг, охири менинг номзодимда тўхташган. Қадди-қоматим экранда чиройли кўриниши учун махсус кийимлар тикишган, оёқларим остига эса қалингина тахтачалар қўйишган. Иссиқ кунларда қалин кийимларда қийналсам ҳам образим режиссёр истаганидек чиқиши учун барча машаққатларга чидаганман. “Мафтунингман” киноси телеэкранларда етти ой тўхтовсиз эфирга узатилган. Халқона ва жуда оддийлиги туфайли нафақат юртимизда, балки қўшни мамлакатларда ҳам кўп намойиш этилган.
– “Келинлар қўзғолони”даги Лутфи ролингиз ҳам эсда қоларли образ бўлган.
– Очиғини айтсам, Юлдуз образидан кейин ҳеч бир режиссёр мени киноларига таклиф қилмаган. Балки, улар “Клара кино тарихида биргина ижроси билан ўз имзосини қўйиб бўлди”, деган фикрда бўлишгандир. Аммо “Келинлар қўзғолони” фильми орқали қайта туғилдим. Ёзувчи Саид Аҳмад режиссёр Мелис ака мени ушбу картинага таклиф этишганида бошим кўкка етди. Кинони соғинган эканман.
Кўпчилик томошабинларга маъқул бўлган рақс тушиш саҳнаси учун барча овсинлар эрининг спорт кийимини кийиши керак бўлганди. Табиийки, Обид Юнусовнинг кийимлари менга тўғри келмаган. Ҳунардан унар, дейилгани рост экан. Ишонсангиз, фильмдаги барча кийимларимни ўзим тикканман. Деразадан ошиб тушиш саҳнасида жуда қийналганмиз. Бу ёқда Обид ака мени тортиб олишни уддалай олмай, роса хуноблари ошган (кулади).
– Шахсий ҳаётингиз ҳақида гапириб берсангиз…
– Санъатда ўз ўрнимни топиб кўзга кўриниб қолган кезларим уйимиздан совчи аримай қолди. “Дўппи тикдим”ни куйлайдиган қизнинг уйими, деб эшик қоқадиганлар кўп эди. Қисмат экан, таниқли санъаткор Ёқуб Аҳмедов билан бир-биримизга кўнгил қўйиб, тақдиримиз бойланди. Лекин халқ ардоғидаги икки санъаткорнинг юлдузи бир бўлмади. Ўғлимиз икки ёшга тўлганида биз ажрашдик. Бу менга руҳан таъсир этган бўлса-да, аммо санъатни тарк этмадим. Кейинроқ, ҳамкоримиз моҳир мусиқачи Рустам ака Ниғматов билан турмуш қуриб бахтли яшадик. Учала ўғлимда ҳам туғма истеъдод бор. Тўнғичим Фурқат “Алишер Навоий” видеофильмида Навоийнинг болалигини дадаси билан бирга ўйнаган. Ундан кейин ҳам кўп фильмларга таклифлар тушди, мен қаршилик кўрсатдим. Бу йўл заҳматларини уларга раво кўрмадим. Аммо невараларим орасида чиройли овози борларидан умидим катта.
– Орзуингиздаги образни яратдингизми?
– Йўқ, ҳали ижро этмадим. Озарбайжоннинг “Қайнона” фильмидаги шаддод, мусиқага ошуфта қайнона сингари образни яратсам, дейман. Кексайиб қолдим, аммо Яратгандан умидим бор. Яхши яшадим минг шукр!
Ортимдан қолар изим, сўзим бор. Мени юраги тўрида ардоқлаган санъатсевар, юраги пок юртдошларимга икки дунё саодатини тилайман.
– Самимий суҳбат учун ташаккур. Ҳамиша элимиз, яқинларингиз ва мухлисларингиз бахтига соғ-омон бўлинг!

Миролим ИСАЖОНОВ суҳбатлашди.

Ўқиганлар сони: 308