17.11.2019
Домой » Наср » ТАРНОВ

ТАРНОВ

Ўткир Ҳошимов,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси
(1941-2013)

 

 

 

 

 

Эрта баҳор эди. Ҳордиқ куни эди. Кеч турдим. Ҳовлига тушсам, ҳавонинг авзойи бузуқ. Ювиниб чиқиб қарасам, тунука том пешидаги тарнов бир томонга қийшайиб ётибди. Қишда ёққан қор залворидан қийшайиб қолган шекилли… Қаттиқроқ шамол бўлса, тушиб кетадиган…
Йўлакда ётган нарвонни кўтариб келиб томга тирагунча тинкам қуриди: зах тортиб, зилдек бўп кетибди.
Нарвон зинасига оёқ қўйишим билан айвондан онам тушиб келди.
– Нима қилмоқчисан? – деди кўзимга термилиб.
– Ҳозир, – дедим бепарво қўл силтаб. – Тарнов қийшайиб қопти.
– Шошма, болам, аввал чойингни ичиб ол…
– Ҳозир тушаман.
Шундай дедиму нарвонга тирмашдим. Томга чиқишим билан пастдан онамнинг хавотирли хитоби эшитилди:
– Эҳтиёт бўл, том лабига борма!
– Уйга кирсангиз-чи! – дедим оғриниб.
Тунука томни тарақ-туруқ босиб, қийшайган тарнов олдига келдим. Увалло уринаман, тарнов лаънати ўнгланса қани! Занглаб кетганми, бўёғи ёпишиб қолганми…
Аксига олиб, ёмғир шивалай бошлади. Аввалига томчилаб турди-да, кейин шиддат билан ёғиб кетди. Том лабида ўтирганча, тарновни қўшқўллаб суришга уриндим. Қилт этмайди!
Пастдан яна онамнинг овози келди:
– Менга қара, болам!
Нарвон олдига қайтиб келдим.
– Нима дейсиз?
– Жон болам, мана буни кийиб олгин…
Қарасам, онам бир қўли билан нарвонни чангаллаганча, иккинчи қўлида тўн ушлаб турибди. Юпқа рўмоли, нимчаси ҳўл бўлиб кетган…
Хунобим ошди.
– Ҳозир тушаман, дедим-ку! Мен ёш боламанми?
– Шамоллаб қоласан!
– Оббо! Сиз уйга кираверинг! Ҳозир тушаман.
Шундай деб тағин тарнов олдига қайтдим. Жаҳл билан тарновни муштлай бошладим.
Бир маҳал пастдан яна овоз келди:
– Ада! Адажон!
– Ҳа! – дедим баттар хуноб бўлиб.
– Варрагим йиртилди!
Қарасам, етти яшар ўғлим ҳовли ўртасида турибди. Оёғи остида йиртилиб, қамишлари қовурғадек туртиб чиққан варрак лойга қоришиб ётибди. Ўзи кўйлакчан. Бошяланг. Ёмғир остида дийдираб турибди.
– Уйга кир, Фарруҳ! – дедим бақириб. – Уйга кир, шамоллаб қоласан!
Қулоқ солса қани! Гоҳ варрагига, гоҳ менга қарайди. Капалагим учиб кетди. Томда сирғалиб-сирғалиб, нарвон томон югурдим.
Уч-тўрт пиллапоя тушиб қарасам, онам ҳамон нарвон оёғини чангаллаб турибди. Рўмоли жиққа ҳўл бўлиб, сочларига ёпишиб қолган… Бир қўли нарвон оёғида. Бир қўлида тўн…

Ўқиганлар сони: 36